Меню

Қашқадарё

13.07.2023 6978

АСАЛАРИЧИЛИК САНОАТ МАРКАЗИ

қандай вазифаларни бажариш учун ташкил этилмоқда?

 

Ривожланиш стратегияси

Ҳукумат қарорига асосан мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудлари, шу жумладан, Қашқадарёда ҳам Наманган ва Фарғона вилоятлари тажрибаси асосида Асаларичилик саноат маркази тузилади.

Республика Вазирлар Маҳкамасининг "Асаларичилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва қишлоқ хўжалиги экинларини асалари билан чанглатишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек, бу марказларда кооперация асосида аҳоли хонадонларини асаларичиликка ихтисослаштириб, асалари оилаларини етиштириш ташкил қилинади. Шунингдек, асал маҳсулотини қайта ишлаш, қадоқлаш, асаларичилик асбоб-анжомлари ва жиҳозларини ишлаб чиқариш, маҳаллий шароитда она асалариларини етиштириш, "устоз-шогирд" анъанаси асосида ёшларни асаларичилик фаолиятига жалб этиш, асаларининг турли касалликларининг олдини олиш бўйича ветеринария хизматлари йўлга қўйилади.

Ҳукумат томонидан қабул қилинган бу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат талабига кўра, вилоят ҳокимлиги Асаларичилик саноат маркази ташкил этиладиган ҳудудни аниқлаб, ушбу ҳудуд таркибига киритилган ер участкаларини асаларичилик субъектларига белгиланган тартибда ажратиб берилишини таъминлаши лозим.

Қарорда пахта ҳосилдорлигини ошириш учун ғўзани асалари билан чанглатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилар экан, жорий йилда мамлакат бўйлаб 200 минг гектар майдонда бундай агротехникани қўллаш таклифи маъқулланган. Жумладан, тасдиқланган прогноз кўрсаткичларга мувофиқ, вилоятимизда 18 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан ғўзани асалари билан чанглатиш агротехникаси жами пахта етиштириладиган 137,5 минг гектарнинг 19,5 минг гектарида (яъни тахминан 14,2 фоизида) қўлланилади. Бунинг учун умумий ҳисобда 39 мингта асалари оиласи қўйилади.

Эътиборлиси, ғўзани асалари билан чанглатиш хизмати учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан пахта ҳосилини етиштиришни молиялаштиришга ажратиладиган ресурс маблағлари ҳисобидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси орқали асаларичилик субъектлари, пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасида тузиладиган шартномага асосан амалга оширилади.

Қарор иловаларида яна бир қатор прогноз кўрсаткичлар келтирилган бўлиб, уларга кўра, вилоятимизда асаларичилик субъектлари сони жорий йилда 1 минг 900 та, келгуси йилда эса 2 минг 210 тага етиши кутилмоқда. Айнан шу даврда асалари оилалари сони тегишли равишда 130,4 мингта ва 158,3 мингтани ташкил этиб, етиштирилган асал миқдори 2023 йилда 2 минг 730 тоннагача, 2024 йилда 3 минг 151 тоннагача ошади. Маҳаллий шароитларда етиштирилган она арилар сони жорий йилда 99 минг 159 тагача, келгуси йилда эса 117 минг 355 тагача кўпаяди.

Ҳукумат қарорида республикамизда асаларичилик тармоғини замонавий илмий ёндашувлар асосида ривожлантириш ва асаларичилик фаолиятини самарали ташкил этиш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган яна кўплаб вазифалар белгиланган. Ҳар йили 1-10 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида "Асал байрами" ва "Асаларичилик маҳсулотлари" халқаро кўргазмасини ўтказиб бориш шулар жумласидандир.

Б.АЗИЗОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!