Меню

Қашқадарё

24.12.2016 2233

АРЗОН МАҲСУЛОТЛАР — БАЙРАМ ДАСТУРХОНИГА

 

Вилоят ҳокимининг 2016 йил 1 декабрдаги қарорига асосан, яқинлашаётган Янги йил байрами арафасида ҳам шаҳар ва туманлар марказий бозорларида арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил қилиниб, уларда барча зарур турдаги маҳсулотлар савдоси йўлга қўйилган.

- Бугун яқинлашиб келаётган байрам дастурхони учун ўғлим билан бирга озиқ-ов-қат маҳсулотлари харид қилишга чиққан эдик, - дейди Қарши шаҳар Пахтазор миттитуманида яшовчи Нодира Маликова. - "Кунчиқар" (озиқ-овқат) деҳқон бозори ҳудудида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасидан сифатли, нархи ҳам арзон сабзавоту мева-чевалардан харид қилдик.

Таъкидлаш ўринлики, байрам арафасида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларига талаб бироз ортиши табиий жараён бўлиб, бундай ярмаркаларнинг ташкил этилгани бозордаги нарх-навонинг барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

- Юртимизда халқ фаровонлигини кўзлаб амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида бозорларимизда мўл-кўллик, бундан эса аҳоли хурсанд, - дейди "Ерқўрғон (озиқ-овқат) деҳқон бозори" АЖга қарашли "Омад" тайёрлов савдо корхонаси раҳбари Ислом Ҳазратқулов. - Озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ҳам байрам арафасида халқимиз учун яна бир қулайлик. Биз ҳам корхонамиз томонидан жамғарилган захира маҳсулотлари билан ярмаркада иштирок этаяпмиз. Расталаримизда барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бисёр. Харидни пластик карточкалар орқали амалга ошириш учун ҳам имконият яратилган.

Эслатиш ўринли, ушбу байрам  ярмаркалари 2017 йилнинг 5 январига қадар давом этиши кўзда тутилган.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Суратларда: "Ерқўрғон (озиқ-овқат) деҳқон" бозори ҳудудида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркасидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!