Меню
Қашқадарё
ҚАРЗНИ ҚАЙТАРМАСЛИК "MALIBU"ДАН МАҲРУМ ҚИЛДИ
Ижро жараёнида
Маълумки, "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонун талаблари Мажбурий ижро бюроси томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Шунга асосан, фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2019 йил 7 мартдаги ижро варақаларига асосан Мажбурий ижро бюроси Қарши туман бўлими иш юритувига келиб тушган, қарздор Насир Азизов ҳисобидан ундирувчи Нурбек Мусаев фойдасига автомашина учун тўланган 48 миллион сўм қарз, 7 миллион 574 минг 734 сўм фоизи, автомашинани рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ 2 миллион 14 минг 474 сўм ва адвокат харажати учун 150 минг сўм, жами 57 миллион 739 минг 208 сўм ундириш бўйича ижро иши қўзғатилди.
Қарздор ўз хоҳиши билан қарздорлик суммаларини тўлашдан бош тортиб келганлиги сабабли унинг номидаги мол-мулкини аниқлаш мақсадида ваколатли ташкилотларга сўровномалар юборилди. Сўровномалар натижасига кўра, қарздор номида бўлган 2 та "Captiva", "Malibu" ва "Cobalt" русумли автомашиналарга жарима майдонига қўйиш учун қидирув эълон қилиниб, ушбу транспорт воситаларига тақиқлар қўйилди.
Дастлабки қидирув ишлари натижасида қарздорга тегишли "Malibu" русумли автомашина Қарши шаҳри ҳудудидан топилиб, жарима майдончасига қўйилди.
Давлат ижрочиси томонидан қарздорга тегишли автомашина хатлаб олиниб, "E-ijro auksion" электрон онлайн аукционларини ташкил этиш маркази орқали савдога чиқариш ва ундирувга қаратиш ишлари бажарилди.
Шу ўринда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳужжат лойиҳаси ҳақида ҳам айтиб ўтсак. Унга кўра, 2020 йилнинг 1 февралидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига соддалаштирилган ижро иши институти татбиқ этилади. Унга кўра, жисмоний шахсларнинг маъмурий жарималар, солиқдан қарзлари ҳамда давлат божи тўловлари соддалаштирилган тартибда ундирилади.
Яъни бунинг учун қарздорнинг уйига бориб юрилмайди, балки қарздорнинг банк ҳисоб рақамларидаги маблағлар излаб топилади ва ундан ечиб олинади. Агар ижро ҳужжати бўйича қарздорлик базавий ҳисоблаш миқдоридан ошмаса, ойлик маошдан ушлаб қолинади.
Бекзод ХУЖАМУРАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ички хавфсизлик инспекцияси бош инспектори