Меню

Қашқадарё

24.12.2019 1755

ҚАРЗ ҚАРЗНИ ЕТАКЛАР

Ижро жараёнида

Биламизки, Мажбурий ижро бюросига энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги, ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан текширишлар ўтказиш, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш ваколати берилган. Шу асосда олиб борилган ишлар натижасида, тан олиш керак, тўлов интизоми анча яхшиланиб, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар камайиб бормоқда.

АЛИМЕНТ ОНАСИНИНГ НАФАҚА ПУЛИДАН УНДИРИЛИШИ АЙТИЛГАЧ, 10 МИЛЛИОН СЎМ ТЎЛАБ БЕРДИ

Бюронинг Яккабоғ туман бўлими иш юритувига Хонақа маҳалласида яшовчи Ю.Н.дан ундирувчи К.О.га 2 нафар фарзандининг таъминоти учун даромадининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.

Ўз фарзандлари бошқа болалар қатори бекаму кўст вояга етиши учун зарур маблағни мунтазам тўлаб бориши лозим бўлса-да, ота бунга 2017 йилдан буён беписандлик билан қараб, пайсалга солиб келган. Алимент пуллари ўз вақтида тўланмагани оқибатида йиғилиб-йиғилиб 33 ой 21 кун учун оз эмас, кўп эмас, 14 миллион сўмдан ошиб кетган.

Бу пул тўлаб берилмагач, қарздорлик  Ю.Н.нинг онаси оладиган ёшга доир пенсияга қаратилган. Ўз навбатида унга ўз фарзанди моддий таъминоти учун алимент ўз вақтида тўланиши зарурлиги, акс ҳолда қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга асосан маъмурий қамоқ жазоси белгиланиши бўйича тушунтиришлар олиб борилди.

Шундан сўнггина қарздор 10 миллион 732 минг сўм алимент пулларини тўлаб берди. Айни пайтда қолган қарзни ундириш чоралари кўрилмоқда.

ИССИҚХОНА АЙНИ ҚИШ ПАЙТИДА НЕГА ГАЗ ТАРМОҒИДАН УЗИБ ҚЎЙИЛДИ?

Помидор-бодринг етиштириб, бозорга чиқарадиганлар учун қиш мавсуми анча фойдали палла. Тўғри, машаққати ҳам чакана эмас, аммо кўриладиган манфаат ҳар қанча қийинчиликни ювиб кетади.

Албатта, ҳар қандай фаолият қонунга мос, белгиланган тартибларга мувофиқ олиб борилса, кўнгил тўқ, иш барорида бўлади. Аксинча бўлса, бундан давлатга ҳам, сўнг фуқаронинг ўзига ҳам зарар етиши тайин.

Мажбурий ижро бюроси Шаҳрисабз шаҳар бўлими томонидан электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви тармоқларига ноқонуний уланишларнинг олдини олиш ва талон-торож қилинишига йўл қўймаслик бўйича олиб борилган тезкор тадбирлар давомида Тутзор маҳалласида яшовчи О.Р.га қарашли иссиқхонада табиий газдан ноқонуний, тармоққа тўғридан-тўғри уланиб фойдаланиб келинаётгани аниқланди.

Ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, иссиқхона табиий газ тармоғидан узиб қўйилди.

МАШИНА, УЙ ВА ТРАКТОР СОЛИҚ ҚАРЗИ УЧУН ОЛИБ ҚЎЙИЛДИ

Солиқлар мамлакатимиз тараққиёти ва куч-қудратини, халқимиз фаровонлиги ва тинчлигини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим манбадир. Бугунги кунда аксарият юртдошларимиз бунинг моҳиятини чуқур англаб, солиқларни ўз муддатида тўламоқда. Бу юртимизда солиқ маданияти тобора юксалаётганидан далолат. Аммо солиқ тўлашни пайсалга солиш ёки ундан қасддан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам учраб туради. 

 Бундай ҳолатларни бартараф этиш ва олдини олиш мақсадида Мажбурий ижро бюроси Касби туман бўлими томонидан солиқ тўловларини ўз вақтида тўламаган қарздорларга нисбатан чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, "Омухта ем, шрот, шелуха сиб" МЧЖнинг солиқдан бўлган  қарздорлиги учун жамият раҳбарининг "Спарк" русумли автомобили хатлаб олинган бўлса, Талишбе қишлоғидаги "Ўрол бобо" фермер хўжалигининг  қарздорлиги "Жигули" автомашинаси ҳисобидан қопланадиган бўлди.

Бундан ташқари, тумандаги "Агротехсервис" МЧЖнинг 160 миллион сўм солиқ қарзи учун "PUMA 210" русумли ҳайдов трактори хатланиб, электрон савдога чиқарилди.

"Туркистон Машъали" МЧЖда эса солиқдан оз эмас, нақ 690 миллион сўм қарз йиғилиб қолгани учун балансидаги уй хатланиб, электрон савдога қўйилди.

"Денов" ММТПнинг эса солиқдан 402 миллион 234 минг сўм қарзи бўлгани учун унга қарашли кўчмас мулк электрон баҳолаш марказига тақдим қилинди.

МАЪМУРИЙ БИНО МУҲРЛАНГАН, МАШИНА ВА АВТОБУС — СОТУВДА

Албатта, солиқ қарзларини ўз вақтида тўлаш ҳар бир юридик ва жисмоний шахснинг давлат олдидаги мажбурияти ҳисобланади. Бордию, солиқлар ўз вақтида тўланмас экан, уни мажбурий ундириш чоралари кўрилади.

"Қашқадарё пармалаш ишлари" АЖнинг ҳам шу кунга қадар солиқдан қарздорлиги 885 миллион 321 минг сўм бўлса-да, жамият бу қарзни тўламаган.

Шу сабабли жорий йилнинг 15 декабрь куни Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими томонидан қарздорга тегишли маъмурий бино хатланиб, муҳрланди.

Маълум бўлишича, келгусида қарздорлик бартараф этилмаган тақдирда бино аукцион савдосига чиқарилиб, сотувдан тушган маблағ билан қарздорликни қоплаш чоралари кўрилади.

Худди шундай, бюронинг Муборак туман бўлими иш юритувида Косон туманлараро иқтисодий судининг 2017-2019 йиллар оралиғида чиққан, қарздор "Муборакнефтгазтранс" АЖдан ундирувчи Муборак тумани давлат солиқ инспекцияси фойдасига 1 миллиард 822 миллион 919 минг сўм солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари мавжуд. Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида қарздорга тегишли, Машъал маҳалласи ҳудудида жойлашган маъмурий ва ошхона бинолари қарздорликни қоплаш мақсадида хатлаб рўйхатга олинди. Ҳозирда биноларни баҳолаш жараёни кетмоқда.

Қарши туманлараро иқтисодий суди ижро варақасига асосан "Шўртан" профессионал футбол клубининг ҳам 470 миллион сўм солиқдан қарздорлиги мавжуд.

 Огоҳлантиришларга қарамасдан клуб мазкур ҳолатни бартараф этмагач, бюро вилоят бошқармаси томонидан мажбурий тартибда ундириш белгиланди.

Шу йилнинг 17 декабрь куни клуб раҳбари бошқарувидаги "Малибу", "Ласетти" ҳамда клубга қарашли "Матиз" русумли енгил автомобиллар ҳамда автобус хатлаб олинди.

Агар белгиланган муддатда солиқ қарзи тўлаб берилмаса, ушбу транспорт воситалари сотувга қўйилиб, тушган пул билан қарз ёпилади.

КАМ ТАЪМИНЛАНГАН ОИЛАЛАРНИНГ КОММУНАЛ ҚАРЗДОРЛИГИ ТЎЛАБ БЕРИЛМОҚДА

"Савоб ишни ҳар ким, ҳар кун қилиш керак". Ушбу нақлга амал қиладиганлар орамизда кўплаб топилади.

Айни кунларда ана шундай саховатпеша инсонлар томонидан кам таъминланган оилаларнинг коммунал соҳадан бўлган қарздорлиги тўлаб берилаётгани эътиборга молик. Чунки совуқ кунларда газ, электрга бўлган талаб ошади ва тўлов миқдори ҳам шунга яраша йилнинг бошқа пайтларидан кўра анча баландроқ бўлади.

Чироқчида кам таъминланган оилаларнинг электр энергиясидан қарздорлиги хайрихоҳ кишилар томонидан тўлаб берилди. Албатта, кишиларнинг бир-бирига ўзаро ёрдам қўлини чўзиши, бир-бирини қўллаши фақат яхшиликка хизмат қилади.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси материаллари асосида Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!