Меню
Қашқадарё
Қаршилик депутатлар баҳор арафасида... Янги йил арчаси учун 1 миллиард сўм ажратишга қарор қилишди
Мавзуга қайтиб
Шу йил 23 февраль куни Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан турли мақсадларга 4 миллиард 106,5 миллион сўм йўналтириш ҳақида қарор қабул қилди. Энг қизиғи, ажратиладиган пулларнинг қарийб 25 фоизи, яъни роппа-роса 1 миллиард сўми "Янги йил байрами арчасини ўрнатиш ва безатиш ишлари харажатлари" учун мўлжалланган.
Янги йил аллақачон ўтиб бўлган, ҳаттоки Наврўз байрами яқинлашиб қолган шу кунларда депутатлар яна қанақа байрам арчасига маҳаллий бюджетдан маблағ ажратаяпти, деб савол беришингиз табиий.
Гап шундаки, Қарши шаҳрида Янги йил арчаси учун байрамдан кейин 1-2 ой ўтгач катта миқдорда маблағ ажратиш ва фирмалар ўртасида "танлов" ўтказиш амалиёти олдин ҳам кузатилган эди. Бу ҳақда "Qashqadaryo" газетасининг 2021 йил 17 декабрь сонида чоп этилган "Қашқадарёнинг марказий Янги йил арчаси қанчага тушади?" мақоласида батафсил ёзган эдик.
Ўшанда Қарши шаҳар ҳокимлиги масъуллари ҳам, шаҳар ободонлаштириш бошқармаси мутасаддилари ҳам бу мақолани эътиборсиз қолдирган ёки кўриб кўрмасликка олган эди. Ваҳоланки, мантиқсиз ҳолат яна такрорланаяпти: 2 ой олдин ўрнатилиб, 1 ой аввал йиғиштириб олинган арча учун энди-энди пул ажратиладиган бўлаяпти. Қолаверса, бу ишларни бажариш учун ташкил этилиши лозим бўлган танлов ҳам яна Янги йил байрами эмас, Наврўз арафасида ўтказилади, шекилли.
Дарвоқе, ўтган йил декабрь ойида давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан вилоят марказидаги Янги йил арчасини безаш юзасидан энг яхши таклифни танлаш жараёни эълон қилиниб, бажарилаётган ишлар қиймати 102 миллион сўм қилиб кўрсатилганди. Бу рақамнинг кейинчалик (ҳатто Янги йилдан кейин ҳам) ўзгариб қолишини тахмин қилган бўлсак-да, унинг бу қадар катта бўлишини кутмагандик.
Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши раиси - шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев томонидан шу йил 23 февралда имзоланган қарор иловасида қайд этилишича, Янги йил арчасини ўрнатиш ва безаш учун мўлжалланган 1 миллиард сўм маҳаллий бюджетнинг 2022 йил бошидаги эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан ободонлаштириш бошқармасига ажратилади.
Таққос учун: халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг айнан шу қарорига биноан "Қарши шаҳридаги маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари учун ажратилган хоналарни таъмирлашга" (маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига) ва "Қўнғиртоғ ҳудудида қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш харажатларига" (ободонлаштириш бошқармасига) бундан 10 баравар кам - 100 миллион сўмдан маблағ йўналтирилган.
Бугунги кунда 1 миллиард сўм чакана пул эмаслигини янада аниқроқ тасаввур қилиш учун айтиш жоизки, Деҳқонобод туманини комплекс ривожлантириш мақсадида қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатлар учун Қашқадарё вилояти ҳокимининг жорий йил 1 мартдаги қарорига асосан худди шунча маблағ ажратилган.
Тўғри, одамларнинг байрам кайфияти учун қанча пул сарфласак ҳам оз, бироқ Қарши шаҳридаги улкан Давлат байроғи учун 1,35 миллиард сўм ажратилиши мақсадга мувофиқ эмас, деб топилган бир пайтда ҳар йили 15-20 кунлик Янги йил арчаси учун маҳаллий бюджетдан тахминан шунча (ёки бундан-да кўпроқ) пул йўналтириш тўғримикан?
Ўз мухбиримиз