Меню
Қашқадарё
Қаршидаги шоҳкўча алоҳида эҳтиёжли кишилар учун қулай намунавий кўчага айлантирилади
Жорий йил 1 декабрга қадар Қарши шаҳридаги Мустақиллик шоҳкўчаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланишлари учун мослаштирилиши шарт.
Ушбу талаб мамлакат Президентининг шу йил 18 июлдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида қўйилган. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш учун вилоят ҳокимининг тегишли қарорига мувофиқ бир қатор мутасаддиларга қатъий топшириқлар берилган. Хусусан, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳамда автомобиль йўллари бошқармалари раҳбарлари, бошқа масъуллар зиммасига Қарши шаҳридаги Мустақиллик шоҳкўчасини шаҳарсозлик норма ва қоидалари талаблари асосида бу жабҳада намунавий кўчага айлантириш баробарида ҳар йили 1 ноябрга қадар кейинги йил учун камида биттадан кўчани ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш, унинг қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш вазифалари ҳам юклатилди.
Қарорда, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг хавфсиз ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун қулай муҳит яратиш ва мазкур соҳага янгича ёндашувларни жорий этишга қаратилган яна кўплаб чора-тадбирлар жамланган.
Ўз мухбиримиз