Меню
Қашқадарё
Қаршидаги марказда ўқ отиш спорт базаси очилиб, сувга сакраш спорт тури ривожлантирилади
Қарор ва шарҳ
Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида тез орада ўқ отиш спорт базаси ташкил этилиб, тегишли инвентарь ва анжомлар билан жиҳозланади. Шунингдек, мазкур муассасада сувга сакраш спорт турини янада ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 4 ноябрь куни қабул қилинган қарорларда бу борадаги аниқ вазифа ва топшириқлар белгиланган. Хусусан, ҳужжатларнинг бирида мамлакатимизда ўқ отиш, стенддан ўқ отиш ва пара ўқ отиш спорт турларини янада оммалаштириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар орасидан спортчиларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш назарда тутилган бўлиб, ушбу спорт турлари бўйича замонавий спорт инфратузилмаларини яратиш ҳамда миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш каби мақсадлар кўзланган.
Бунинг учун, жумладан, юртимиздаги олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида Спорт вазирлиги томонидан тасдиқланадиган режа-жадвал асосида босқичма-босқич 10 метр масофага ўқ отиш спорт базалари ташкил этилади ҳамда замонавий спорт анжомлари ва инвентарлари билан жиҳозланади. Қарор иловасида кўрсатилганидек, давлат спорт-таълим муассасалари (улар қатори Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳам) "Pardini K12" ва "Steyr EVO 10E" русумли пневматик тўппончалар, "Feinwerkbau 500" ва "Feinwerkbau 800" русумли пневматик милтиқлар, 4,5 миллиметр калибрли пневматик ўқ дорилар, қоғозли ва электрон нишонлар тўпламлари, механик нишон ускунаси, ўқ отиш электрон машғулот тизими (SCATT), пневматик милтиқ учун устун ва ўқ отиш махсус экипировкаси (базавий) тўплами билан таъминланади. 10 метр масофага ўқ отиш спорт базаларини жиҳозлаш Спорт вазирлигининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Шу билан бирга ҳомийлик хайриялари, маҳаллий бюджет маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ушбу спорт базалари учун қўшимча жиҳозлар харид қилиниши мумкин.
Президент қарорига мувофиқ Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги (уларга туташ ҳудудлардаги) ҳарбий полигонлар ўқ отиш спорт базаларини Спорт вазирлиги тизимидаги давлат спорт-таълим муассасаларига 25 ва 50 метр масофага ўқ отиш бўйича амалий машғулотларни ўтказиш спорт базалари сифатида беғараз асосда бириктириш тўғрисидаги таклиф ҳам маъқулланган. Унга кўра, Қашқадарёда давлат спорт-таълим муассасаларига Нуристон умумқўшин полигони бириктирилади. Ҳарбий полигонларнинг ўқ отиш спорт базаларини жиҳозлаш Мудофаа вазирлиги маблағлари ҳамда Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясига ажратиладиган ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бунда базаларни 25 ва 50 метр масофага ўқ отиш бўйича мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Давлатимиз раҳбарининг "Сув спорти турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эса ёшларнинг мазкур сув турлари, яъни сув полоси, сузиш, синхрон сузиш, сувга сакрашга бўлган қизиқиши ҳамда уларнинг оммавийлигини ошириш, бу орқали иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш, саралаш (селекция) ва мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, соҳада малакали мутахассислар ва ҳакамлар тайёрлаш орқали миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлашга қаратилган. Унда, хусусан, зарур спорт инфратузилмаси мавжуд бўлган олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида сув полоси ва синхрон сузиш гуруҳлари ташкил этилиши ва Андижон ҳамда Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида сувга сакраш спорт турини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши қайд этилган.
Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мутасаддиларининг айтишича, муассасадаги 50х25 метр ўлчамли ёпиқ сузиш ҳавзасининг қурилиши чоғида сувга сакраш минораси ўрнатилиши назарда тутилган бўлиб, унинг асоси бунёд этилган, яъни техник жиҳатдан муайян ҳажмдаги ишлар амалга оширилгач, сувга сакраш спорт тури бўйича машғулотларни йўлга қўйиш учун имкониятлар бор. Сув полоси ва синхрон сузиш спорт турларига келганда, бу борада спорт инфратузилма мавжуд бўлсада, гуруҳлар ташкил этилиши масаласи Спорт вазирлиги томонидан ҳал қилинар экан.
Президент қарорига асосан 2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида сув спорти турлари инфратузилмасини яхшилаш бўйича манзилли дастур ҳам тасдиқланиб, унга кўра, Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига қарашли 50х25 метр ўлчамли ёпиқ сузиш ҳавзасини 2026-2027 йилларда мукаммал таъмирлаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, соҳа мутахассисларининг касбий маҳоратини доимий ошириб бориш мақсадида маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида тренерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириб бориш йўлга қўйилади. Бунда, спортчиларни тайёрлаш жараёнига рақамли технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2025-2027 йилларда миллий терма жамоалар тренерлари, шунингдек, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида сув спорти турлари бўйича фаолият юритаётган тренерлар хорижий давлатларга қисқа муддатли стажировкага юборилади.
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг ўқувчи-спортчилари сони 450 нафарни ташкил этиб, улар спортнинг 15 тури бўйича тайёрланади. Жорий йилда марказда камондан ўқ отиш мажмуаси ва бокс зали барпо этилган.
Ўз мухбиримиз