Меню
Қашқадарё
ҚАРШИДА ТИФЛОФОРУМ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Мазкур тифлофорумни ўтказишдан асосий мақсад кўзи ожизларга етарли қулай имкониятлар яратиш ва уларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишларини ташкил этишдан иборат. Унда республикамизнинг турли ҳудудларидан 70 нафардан зиёд кўриш бўйича имконияти чекланган ахборот-коммуникация технологиялари билимдонлари иштирок этди.
Тифлофорум давомида маҳорат дарслари, “Кўзи ожизларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишларида имкониятларни кенгайтириш йўллари” мавзусида давра суҳбати, “Ўзтелеком” ва мамлакатимиздаги бошқа алоқа операторларининг техник воситалар ва хизматлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Бундан ташқари, кўриш бўйича имконияти чекланган шахсларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишларида қулайликлар яратишга доир лойиҳалар тақдимоти ҳам ташкил қилинди.
- Шунингдек, мазкур тадбир доирасида кўзи ожиз компьютер фойдаланувчилар ўртасида маҳорат танлови ўтказилди, - дейди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлими йўриқчиси Дилноза Тошпўлатова. - Унга кўра, “Энг долзарб лойиҳа”, “Янгиликка бой лойиҳа”, “Энг илғор ғоя”, “Энг амалий ғоя”, “Муфассал баён этилган тақдимот” номинациялари ва маҳорат танлови бўйича ғолиблар ва рағбатлантирувчи ўрин соҳиблари аниқланди.
Қайд этиш жоиз, ғолиблар орасида вилоятимиз вакили Музроб Алиев ҳам бор.
Азизбек НОРОВ