Меню
Қашқадарё
Қаршида тез орада яна 30 та замонавий автобуснинг мунтазам қатнови йўлга қўйилади
Автотранспортда йўловчи ташиш хизматлари кўрсатувчи “Шарофиддин Нурилло” масъулияти чекланган жамиятига Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган яна 30 та замонавий автобус олиб келинди.
Ҳар бирининг умумий сиғими 67 киши, шу жумладан, йўловчи ўриндиқлари сони 24 тани ташкил этадиган CRRC TEG6890NG01 русумли мазкур автобуслар нисбатан арзон ва экологик тоза ёнилғи – сиқилган табиий газда ишлайди. Шунингдек, бу транспорт воситалари кузатув камералари, ҳаво мўътадиллигини таъминловчи мосламалар ҳамда ҳаракатини масофадан мониторинг қилиш учун GPS-трекерлар ва йўл кирани электрон тарзда тўлаш учун стационар валидаторлар билан жиҳозланган.
- Ушбу автобуслар мамлакат Президентининг “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган тартибда “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 10 йилга ажратилган имтиёзли кредит ҳисобидан сотиб олинди, - дейди Қарши туманидаги “Шарофиддин Нурилло” масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Санжар Баҳромов. – Улар вилоятимизда мунтазам шаҳар автобус йўналишларида чекланган тарифларда брутто-шартнома асосида йўловчи ташишни ташкил этиш учун келтирилган бўлиб, тез орада аҳолига хизмат кўрсата бошлайди.
Жамият автосаройи мудири Фурқат Эргашовнинг айтишича, 30 та янги замонавий автобус олиб келингач, ушбу корхонада йўловчи ташиш билан шуғулланувчи автотранспорт воситалари сони 144 тага етди. Улардан 60 таси Хитой Халқ Республикасининг “CRRC” корпорацияси ва “Golden Dragon” компанияси, 35 таси Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган бўлиб, шаҳар ичи ва шаҳар атрофи йўналишларида мунтазам қатнайди. 7 та автобус шаҳарлараро йўналишларда йўловчи ташиш учун мўлжалланган, уларнинг 4 таси ўтган йилнинг охири – жорий йилнинг бошида юртимизда ички туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида сотиб олинган. Шунингдек, 12 та микроавтобус ҳам корхона мижозлари хизматида.
Бугун янги автобусларнинг ўзига хос тақдимот маросими бўлиб ўтди ва унда кенг жамоатчилик вакилларига бу транспорт воситаларининг устунлик жиҳатлари ҳамда Қашқадарёда жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш борасида қилинаётган кенг кўламли ишлар хусусида сўз юритилди.
Ўз мухбиримиз
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар