Меню
Қашқадарё
Қаршида тез орада кураш маҳорат мактаби фаолият бошлайди
Ёшлар спорти
Вилоятимизда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб кураш маҳорат мактаби фаолияти ташкил этилиб, унга Қарши шаҳридаги Дарвозатутак маҳалласида жойлашган собиқ спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабининг бўш турган маъмурий биноси ва тегишли спорт иншоотлари ўтказиб берилади.
Ушбу чора-тадбирлар вилоят ҳокимининг жорий йил 5 августдаги қарорида белгиланган. Ҳужжатда қайд этилишича, вилоятимиз марказидаги кураш маҳорат мактаби фаолияти мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги "Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ йўлга қўйилмоқда. Унга кўра, кураш маҳорат мактаблари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган бошланғич профессионал давлат спорт-таълим муассасалари ҳисобланади ва уларнинг фаолияти кураш бўйича қобилиятли ва иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олиш ва уларни асосан миллий терма жамоаларга тайёрлашга йўналтирилади. Бундай мактаблар ўқувчиларига бепул таълим олиш, озиқ-овқат билан таъминланиш ҳамда ўқувчилар турар жойида бепул яшаш ҳуқуқи берилади.
Республика ҳукумати ва вилоят ҳокимининг тегишли қарорларида белгиланганидек, кураш маҳорат мактабининг ўқувчи-спортчилари умумий контингенти жами 140 нафарни ташкил этади ва 5-11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади. Бўш ўринлар Спорт вазирлиги томонидан йил давомида иқтидорли ўқувчи-спортчилар, шу жумладан, тегишли спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионати ва кубоги ғолиб ва совриндорлари билан тўлдирилади. Янги мактабда мавжуд спорт иншоотлари имкониятларидан келиб чиқиб, нафақат кураш, балки қўшимча равишда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган яккакураш спорт турлари ҳам ривожлантирилиши мумкин. Ўқув-машғулот жараёнларининг давомийлиги ва даврийлиги спорт мусобақалари тақвими ҳамда ўқувчи- спортчиларнинг ҳар бир гуруҳи учун якка тартибда спорт тайёргарлиги даврлари ҳисобга олинган ҳолда, Спорт вазирлиги томонидан белгиланади.
Вилоят ҳокимининг қарори талабларига кўра, Қарши шаҳрида ташкил этиладиган кураш маҳорат мактабининг устави бир ҳафта муддатда тасдиқланиб, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Мактабни замонавий педагогик технологияларни эгаллаган малакали кадрлар ҳамда тренерлар билан таъминлашга эса бир ой муддат берилган.
Маълумки, кураш маҳорат мактаби ўқувчи-спортчилари мазкур муассаса яқинида жойлашган умумтаълим мактабларида умумтаълим дастурлари бўйича таълим олишади. Шундан келиб чиқиб, вилоят раҳбари спорт бошқармаси мутасаддиларига мазкур масалани мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан ҳамкорликда ҳал қилиш вазифасини қўйган.
Айни пайтда 2024 йил инвестиция дастури доирасида кураш маҳорат мактаби учун 150 ўринли ётоқхона, 24х42 метр ўлчамдаги спорт зали, стадион, ошхона ва мавжуд бино ва иншоотларда қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларини ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш топшириғи ҳам берилган.
Ўз мухбиримиз