Меню

Қашқадарё

12.08.2017 2785

ҚАРШИДА ШАХМАТ МУСОБАҚАСИ

Турнирнинг очилиш маросими 6 август куни Қарши шаҳридаги 5-мактабда бўлиб ўтди. Тадбирда сўз олганлар шахматни янада оммалаштириш, ёш иқтидорли шахматчиларни қўллаб-қувватлаш ҳақида сўз юритиб, турнир иштирокчиларига омад тилашди. Шунингдек, тадбир давомида таълим ва шахмат фидойиси Исмат Шукуров узоқ йиллар раҳбарлик қилган мазкур таълим даргоҳида ташкил этилган шахмат клубининг очилиш маросими ҳам ўтказилди. Шу ернинг ўзида халқаро гроссмейстер, шахмат бўйича Марказий Осиё чемпиони Жаҳонгир Воҳидов томонидан ёш ақл гимнастикачилари учун ўйин сеанси ҳам ташкил этилди.

Асосий мусобақаларга 7 август куни старт берилди. Иштирокчилар "А" ва "В" гуруҳларида ўзаро куч синашдилар. Таъкидлаш керакки, мазкур мусобақада халқаро гроссмейстерлар Муртас Кажгалеев (Қозоғистон), Виталий Тетеров (Беларусь), Рустам Ҳуснитдинов (Қозоғистон), Василий Папин (Россия), Расет Зиатдинов (АҚШ), Аркадий Вуль (Россия), Жаҳонгир Воҳидов, Тоҳир Воҳидов, Марат Жумаев, Алексей Барсов (Ўзбекистон), халқаро тоифадаги спорт усталари Нодирбек Якуббоев, Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов, аёллар ўртасида халқаро гроссмейстер Сарвиноз Қурбонбоева, халқаро тоифадаги спорт усталари Баҳора Абдусатторова, Севара Боймуродова сингари таниқли шахматчилар, жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионлари билан бир қаторда иқтидорли ёш шахматчилар ҳам иштирок этдилар. 

Якуний натижаларга кўра, "А" гуруҳида 1-, 2-, 3-ўринларни мос равишда Василий Папин (Россия), Рустам Ҳуснитдинов (Қозоғистон) ва Марат Жумаев (Ўзбекистон) эгаллашди. "В" гуруҳида эса юқори ўринлар Толиб Остонов, Учқун Умиров ҳамда Даврон Шариповга насиб этди.

Аёллар ўртасида эса "А" гуруҳида Сарвиноз Қурбонбоева, "В" гуруҳида Ситора Сафарова энг кучли шахматчи деб топилди.

Х.АБДУЛЛАЕВА

Суратда: мусобақа жараёнидан лавҳа.

С.НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!