Меню
Қашқадарё
Қаршида Мустақиллик шоҳкўчасининг бир қисмида қарийб 20 кунга транспорт қатнови чекланади
Фармойиш
Қарши шаҳар ҳокимининг фармойишига асосан, вилоятимиз марказидаги Мустақиллик шоҳкўчасининг Жайҳун кўчаси ва Алишер Навоий шоҳкўчаси билан кесишган чорраҳалари ўртасидаги қисмида шу йил 28 июлдан 15 августгача транспорт воситаларининг қатнови вақтинча чекланади.
Таъкидланишича, бундай чеклов вилоятимизда давлат олий таълим муассасалари ва яна бир қатор масканларга кириш тест синовларининг асосий қисми Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг манежи ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг спорт залларида ўтказилиши муносабати билан жорий этилмоқда.
Шунингдек, олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари ўтказиладиган бошқа бинолар яқинидаги кўчаларда ҳам зарурат туғилганда транспорт воситалари қатновини вақтинча тўхтатиш назарда тутилган. Табиийки, фавқулодда вазиятларда ушбу кўчаларда махсус хизматлар (тез тиббий ёрдам, фавқулодда вазиятлар бошқармаси бўлинмалари ва ҳоказо) транспорт воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш чоралари кўрилади.
Эслатиб ўтамиз: жорий йил 15 июль куни соат 6.00 дан 22.00 гача Президент мактабига кириш учун ўтказилган тест синови вақтида Қарши шаҳри Мустақиллик шоҳкўчасининг Жайҳун кўчаси билан кесишган чорраҳасидан Алишер Навоий шоҳкўчаси билан кесишган чорраҳасигача бўлган қисмида транспорт воситаларининг қатнови вақтинча чекланган эди.
Темур НИЗОМОВ