Меню

Қашқадарё

25.08.2018 1710

ҚАРШИДА “ХАВФСИЗ ШАҲАР” ТИЗИМИ ИШГА ТУШДИ

Мазкур концепциянинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги, куч ва воситаларни бошқаришдаги аҳамиятидан келиб чиқиб, Қарши шаҳрида ҳам “Хавфсиз шаҳар” тизими ишга туширилди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, эндиликда вилоят марказидаги 4 та сектор жойлашган 4 ҳудудда Қарши шаҳар ИИБнинг алоҳида бўлимлари ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқарма ташкил этилди. Бу тизимдаги куч ва воситаларни самарали бошқариш, ҳар бир бўлимнинг ўзига тегишли ҳудудни тўлиқ қамраб олиши учун кенг имконият яратади. Қолаверса, тизим ходимларга ўз ҳудудини ишончли назорат қилиш, давлат ва жамоат ташкилотлари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатишда қўл келади. Зеро, бундан буён уларнинг фаолиятига хизмат ҳудудидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг ошиши ва камайишига қараб баҳо берилади.

Ҳозирда янги тузилмалар самарадорлигини таъминлаш учун барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилмоқда. Хизмат автомобилларига махсус белгили чироқлар ўрнатилди. Эндиликда ходимлар махсус жиҳозланган скутерларда ҳам назорат олиб борадиган бўлишди.

Бундан ташқари, ҳар бир бўлим учун замонавий бинолар ажратилиб, улар зарур мебель жиҳозлари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди. Хизмат ходимларининг ўз ҳудудида видеокузатув воситалари ёрдамида назорат ўрнатиши, профилактика инспекторлари видеоконференцалоқа воситасида мулоқот қилиши учун имкониятлар яратилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: Қарши шаҳар ИИБ фаолиятидан лавҳалар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!