Меню
Қашқадарё
Қаршида ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 100 фоизга етказилади
Брифинг
Ўтган йилларда Қарши шаҳрига бир кеча-кундузда 30-40 минг куб метр ичимлик суви етказиб бериларди. Бу истеъмолчиларнинг талабини қондирмай, уларнинг эътирозларига сабаб бўлаётганди. 2021 йилда олиб борилган қурилиш-монтаж ишларидан кейин эса бу кўрсаткич суткасига 60-65 минг куб метрни ташкил этмоқда.
Мазкур рақамлар Қарши шаҳридаги “Журналистлар уйи”да “Қашқадарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўтказилган брифингда келтириб ўтилди.
Жамиятнинг ахборот хизмати раҳбари Ихтиёр Умаровнинг таъкидлашича, 2021 йилда Қарши шаҳрида 22 та маҳалладаги сув таъминоти тизими ва шаҳар ички айланма (ҳалқа) қувурларини қуриш ва реконструкция қилиш учун 186,1 миллиард сўм маблағ эвазига 258 километр ичимлик сув тармоқлари барпо этиш ва тиклаш ишлари бошланганди ва бу лойиҳа жорий йилда ҳам давом этмоқда. Айни пайтда шаҳардаги 7 та маҳаллада бунёдкорлик ишлари тўлиқ якунланиб, яна 15 та маҳаллада қурилиш давом этмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 21-22 апрель кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида ва Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида берилган топшириқларига асосан республика бюджетидан 13 километр ичимлик суви тармоқлари қурилиши учун 16,3 миллиард сўм, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан эса 81 километр ичимлик суви тармоқлари қуриш ва 23 та сув иншоотини реконструкция қилиш учун 67 миллиард сўм маблағ ажратилиб, бугунги кунда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг амалга оширилиши натижасида Қарши шаҳрида марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражасини 100 фоизга етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, Яккабоғ туманидаги сув тақсимлаш иншоотидан Қарши шаҳригача 84 километр ичимлик суви тармоғини қуриш учун халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари ажратилиши назарда тутилган.
Шунга кўра, Франциянинг "EIFFAGE" компанияси бизнесни ривожлантириш бўйича директори Николас Суреа ва оқова, ичимлик суви бўйича лойиҳалар менежери Адела Тая вилоятимизд бўлиб, маҳаллий мутахассислар билан “Яккабоғ-Қарши” магистрал сув қувури қурилиши лойиҳасини такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилишди.
Шунингдек, брифингда “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖ томонидан 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида Ғузор ва Деҳқонобод туманларида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, "Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказида оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш” лойиҳасининг бориши ва жамият моддий-техник базасини янада яхшилаб, ишчи-ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ишлар хусусида тўхталиб ўтилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА