Меню
Қашқадарё
ҚАРШИДА ЭНГ КУЧЛИЛАР АНИҚЛАНДИ
Қайд этиш жоиз, 500 нафарга яқин йигит-қиз иштирок этган турнирда юқори ўринларни эгаллаган курашчилар мамлакат терма жамоасига жалб этилиши, мусобақада жаҳон ҳамда қитъа миқёсидаги биринчиликлар совриндорлари қатнашаётгани баҳсларнинг янада шиддатли ва муросасиз кечишини таъминлади. Айниқса, вилоятимиз полвонлари беллашувларда муносиб иштирок этишди.
Хусусан, эркаклар ўртасидаги 73 килограмм вазнда гиламга чиққан 2015 йилги дунёнинг энг яхши курашчиси, жаҳон чемпиони Давлат Абраев барча рақибларини енгди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади. Ундан кейинги ўринларни самарқандлик Муҳиддин Қурбонов, Қарши шаҳрилик Шербек Авлақулов ва бухоролик Мансур Тешаев банд этди. Шунингдек, 87 килограмм вазнда курашган вилоятимиз вакиласи Обида Алладўстова бронза медалига эга чиқди.
Мусобақанинг учинчи куни беллашувларда эркаклар ўртасида 90, 100 ва +100 килограмм вазн тоифаларида 100 нафардан ортиқ курашчи ғолиблик учун гиламга тушишди. Унда вилоятимиз вакиллари - Шуҳрат Арслонов 90 килограмм, Илҳом Жўраев 100 килограмм вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратди ҳамда ҳақли равишда Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Шунингдек, 90 килограмм вазнда Олим Баратов, +100 килограмм вазнда Фазлиддин Мейлиев шоҳсупанинг учинчи поғонасидан ўрин олишди.
Шу тариқа, мусобақа якунида вилоятимиз терма жамоаси медаллар сони бўйича энг яхши натижани қайд этди.
Эслатиб ўтиш жоиз, мазкур мамлакат чемпионатида юқори натижаларни қайд этиб, шоҳсупадан ўрин олган полвонлар йил давомида халқаро миқёсдаги мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
А.НОРОВ