Меню

Қашқадарё

03.03.2023 7381

Қаршида “Чанқовуз ва сибизға” халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтади

Жорий йилнинг июнь ойида Қарши шаҳрида туркий халқлар вакиллари иштирокида “Чанқовуз ва сибизға” халқаро фольклор фестивали ўтказилади.

Маълумотларга кўра, мазкур фестиваль Ўзбекистон томонидан Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) билан ҳамкорлик доирасида илгари сурилган “Табаррук зиёрат” туризм концепциясига асосан туркий халқлар ўртасида маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ТДТга аъзо мамлакатлардан туристларни жалб қилиш учун ташкил этилмоқда.

Президентнинг “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Чанқовуз ва сибизға” халқаро фольклор фестивалининг ўтказилиши учун Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда маданият, туризм ва маданий мерос, ташқи ишлар вазирликлари масъул ҳисобланади. Тадбир билан боғлиқ барча харажатлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг 2023 йил биринчи ярим йиллиги иш режасига мувофиқ вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари котибиятига ва маданият бошқармасига Қарши шаҳрида туркий халқлар вакиллари иштирокида “Чанқовуз ва сибизға” халқаро фольклор фестивалини ўтказишда амалий ёрдам бериш ва унда вилоятдаги энг фаол фольклор жамоалари қатнашишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Эслатиб ўтамиз: Туркий дунё доирасида “Табаррук зиёрат” туризм концепциясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасига биноан шу йил апрель ойида Шаҳрисабз шаҳрида “Амир Темур салтанатида давлат бошқаруви ва ҳуқуқ тизими” мавзусида илмий конференция ташкил этилади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!