Меню

Қашқадарё

17.06.2020 2465

ҚАРШИДА БУНЁД ЭТИЛАЁТГАН ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБИ БУ ЙИЛ ЎҚУВЧИ ҚАБУЛ ҚИЛМАЙДИ

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2019-2021 йиллар давомида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Президент мактаблари фаолияти ташкил этилиши белгиланган эди.  

Шу асосда тасдиқланган жадвалга мувофиқ, ўтган йили  Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти, Тошкент шаҳрида Президент мактаблари очилган бўлса, жорий йилда Қашқадарё, Жиззах, Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва келгуси йили Андижон, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент вилоятларида шундай таълим муассасалари иш бошлаши белгиланган.

Аммо, ЎзА эълон қилган маълумотларга кўра, жорий йилда Президент мактабларига қабул имтиҳонлари пандемия сабабли ўтказилмайди. Ўқувчилар қабули келгуси йилда амалга оширилади.

“Бугунги кунда юзага келган пандемия вазиятидан келиб чиқиб, карантин даврида ёш авлод соғлигини асраш, пандемия бутунлай бартараф этилмаган шароитда вояга етмаган ўқувчиларнинг катта сиғимли биноларда саралаш имтиҳонлари вақтида узоқ вақт қолиб кетишига йўл қўйиб бўлмаслиги, шунингдек, хорижий ҳамкор – Cambridge Assessment ташкилоти вакилларининг мамлакатимизга карантин даврида ташрифини белгиланган саналарда ташкил этиш имкони йўқлиги сабабли истисно тариқасида жорий йил учун Президент мактабларига ўқувчилар қабули келгуси ўқув йилида ўтказилади” дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Президент мактабларига республика умумтаълим муассасаларининг тўртинчи синф битирувчилари орасидан қобилиятли ва иқтидорли болалар танлов асосида қабул қилинади. Ушбу муассасалар фаолиятининг биринчи йилида, шу жумладан, ўқувчилар 6-10-синфларга қабул қилинади.

Президент мактабларининг ташкил этишдан кўзланган мақсад - иқтидорли болаларни аниқлаш, таълим жараёнида илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларни ўқитиш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим яратиш, истеъдодли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънан етук ва интеллектуал жиҳатдан баркамол авлодни шакллантириш ҳисобланади.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!