Меню

Қашқадарё

24.02.2022 1888

Қаршида бариатрик жарроҳлик ва аутодермопластика йўлга қўйилади

Академик Я.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш орқали унда кўрсатиладиган тиббий хизматлар сонини кескин ошириб, яқин уч йил ичида 40 тага етказиш мўлжалланаяпти.

2022-2024 йилларда вилоятда эндокринология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурига кўра, филиалда қандли диабет натижасида асоратланган кўз касалликлари операциялари ҳамда бариатрик жарроҳлик (яъни ортиқча вазнли беморларни хирургик усуллар ёрдамида даволаш) ва аутодермопластика (инсон терисини кўчириш амалиёти)ни йўлга қўйиш назарда тутилган. Шу мақсадда муассасага зарур ускуналар сотиб олиш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 4,4 миллиард сўм йўналтириш белгиланган.

Шунингдек, аҳоли ўртасида қандли диабет ва қалқонсимон без касалликларини эрта аниқлаш ва мониторинг қилиб бориш учун филиални тегишли реактивлар билан, гемодиализ бўлимида диализ сеанслари олувчи 1-гуруҳ ногиронларини эса дори-дармонлар билан таъминлаш учун ҳам маҳаллий бюджетдан катта миқдорда маблағ ажратилиши кўрсатилган.

Айнан шу манба ҳисобидан жорий йилнинг учинчи чорагида Чироқчи ва Косон туман тиббиёт бирлашмалари терапия бўлимлари негизида ҳар бири 30 ўринга мўлжалланган туманлараро ихтисослаштирилган эндокринология бўлимлари ташкил этилиб, барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари лабораториялари зарур жиҳоз ва реактивлар билан таъминланади.

Дарвоқе, Президент қарорида 2022 йил якунига қадар тажриба сифатида ҳар бир ҳудуддан биттадан туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси муассасаларининг лабораторияларини марказлаштириш ва давлат-хусусий шериклик асосида аутсорсингга бериш вазифаси қўйилган эди. Вилоятимизда бундай тажриба Қарши туманида амалга оширилади, бунинг учун йил охиригача танлов асосида талабгорлар сараланиб, ғолиб чиққан аутсорсер билан шартнома тузилади.

Шу билан бирга ҳудудий дастурда шаҳар ва туман кўп тармоқли марказий поликлиникаларида белгиланган стандартлар асосида жиҳозланган эндокринологлар хоналарини ташкил этиб, уларнинг сонини 38 тага етказиш, марказий ва оилавий поликлиникаларда шифокорларга юкламани камайтириш мақсадида 24 та шифокор олди кўриги хоналари фаолиятини йўлга қўйиш, вилоят бўйича 40 ёшдан ошган 861 минг нафар аҳоли ўртасида диабет олди ҳолатлар ва қандли диабет иккинчи турини эрта аниқлаш мақсадида скрининг текширувлари ўтказиш каби бошқа чора-тадбирлар ҳам жамланган.

Эслатиш жоизки, Президентнинг жорий йил 26 январдаги қарори билан ўрнатилган тартибга мувофиқ, 25 ёшгача бўлган қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган беморлар аналогли инсулин ҳамда ўзини ўзи назорат қилиш воситалари (глюкометр ва махсус тест япроқчалари) билан; қандсиз диабет билан касалланган беморлар, соматотроп етишмовчилик билан касалланган болалар ҳаётий зарур махсус дори воситалари (десмопрессин ва ўсиш гормони) билан; 25 ёшдан ошган қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган инсулинга муҳтож, шунингдек, қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган беморлар одам инсулини билан; қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган ҳамда эҳтиёжманд сифатида "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"да бўлган беморлар метформин дори воситаси билан бепул таъминланади.

Бепул бериладиган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар марказлашган тартибда харид қилиниб, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари орқали тақсимланади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!