Меню

Қашқадарё

17.11.2020 2034

Қаршида “Америкага дарча” маркази очилади

2021 йил бошида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари (American Councils) билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг барча ҳудудини қамраб оладиган “Америкага дарча” ташаббусига старт беради.

Элчихона сайтида қайд этилишича, ушбу ташаббус дарчалар жойлашган жамоаларга замонавий ресурслар кутубхоналарини ва динамик конференц-залларни, шунингдек, электрон ва босма шаклдаги китобларни, инглиз тилидаги турли хил таълим ва маданий манбаларни, интернетга уланган компьютер лабораторияларни, америкалик мутахассислар иштирокидаги бир қанча дастурлар ва қўшимча қизиқиш асосидаги фаолият турларини, масалан, инглиз тилида фильмлар намойиши ва суҳбат-клублар фаолиятини тақдим этади. Бундан ташқари, ҳар бир “Америкага дарча” маркази АҚШда бакалавриат ва магистратура дастурларида ўқишни истаганларга Education USA бепул маслаҳат маркази сифатида хизмат қилади.

Биринчи “Америкага дарча” маркази қурилиши Қарши шаҳридаги “Баркамол авлод” марказида жорий йилнинг 30 сентябрида бошланди. 230 квадрат метр майдонни эгаллайдиган ва Марказий Осиёда энг катта “Америкага дарча” маркази бўлиши кутилаётган маскан компьютер лабораторияси, кутубхона, анжуманлар зали ва Education USA синфларини ўз ичига олади. Марказнинг бутун майдони замонавий шиша деворларга ва Америка услубидаги дизайнга эга бўлади.

Айтиш ўринли, American Councils 2018 йилда Тошкентдаги ваколатхонасини қайта очди ва ҳозирда Келажак лидерлар алмашинуви дастури (FLEX), Инглиз тилида сўзлашувчи миллат: ўрта мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш (ESN: STT) ташаббуси, Ўзбекистон бизнес раҳбарлари алмашинуви ва Марказий Осиё университетлари билан ҳамкорлик (UNiCEN) каби 13 хил дастурлар портфелини бошқаради.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!