Меню
Қашқадарё
ҚАРШИ ТУМАНИ “ПАСПОРТ СТОЛИ”ДАГИ НАВБАТНИ КИМ ЮЗАГА КЕЛТИРАЯПТИ?
Бу масканга кираверишда бўлинма мутасаддилари томонидан жойлаштирилган “огоҳлантириш эълони” шу вақтгача эски паспортини алмаштиришга улгурмаган ёки фуқаролик паспортини олиш ёшига етган кўплаб кишиларни шу ерга жамлади. Эълонда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йилдаги ПФ-4117 ва 2011 йилдаги ПФ-4262 сонли фармонларига асосан (эълонда фармон номлари айнан шундай – сарлавҳасиз келтирилган) туман аҳолиси шу йилнинг 31 мартига қадар биометрик паспорт олиши ёки алмаштириши, акс ҳолда маъмурий жавобгарликка тортилиши хусусида огоҳлантирилган.
Бундай олиб қараса, ким ҳам жавобгарликка тортилишни истарди? Бундан ташқари, янги паспортга эга бўлишдан биринчи навбатда фуқаронинг ўзи манфаатдор. Қарши тумани “паспорт столи”да ҳар куни кўплаб одамлар тўпланиб туришининг боиси шундан.
Аслида бўлинма мутасаддилари қайд этган фармонлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2011 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари бўлиб, мазкур ҳужжатларнинг бирор жойида биометрик паспорт олиш чегараси 2018 йилнинг 31 мартигача эканлиги ҳамда агар шу муддатгача олинмаса, маъмурий жавобгарлик муқаррарлиги хусусида сўз юритилмаган. Тўғри, Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалдаги паспорти ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг шахсини тасдиқловчи гувоҳнома 2015 йил 31 декабргача ҳақиқийлиги маълумот учун қабул қилинсин, дея кўрсатилган. ОАВда эса 2018 йил 1 июль эски паспортларни алмаштиришнинг охирги санаси экани хусусида хабар берилганди.
Йўқ, биз фуқаролар биометрик паспортларини хоҳлаган вақтда олаверишсин, исталган муддатгача пайсалга солишсин, демоқчи эмасмиз, бироқ тегишли мутасаддилар томонидан аниқ муддат кўрсатиб қўйилганми, бунинг учун бирор асос ҳам керак-да. Аслида фуқаролар аллақачонлар паспортини янгилаши керак эди (юқорида айтилганидай 2015 йил 31 декабргача). Бироқ ҳар кимнинг ўйи, тушунчаси турлича: бировнинг шароити оғир, биров “ҳа, оламан-да” қабилида иш тутади. Яна кимдир навбат кутиб, ҳаммасига қўл силтайди.
Аслида 2018 йил 31 мартгача ҳамма паспортини янгилаб олгани ҳар жиҳатдан маъқул, бироқ Қарши тумани “паспорт столи” мутасаддилари бунга улгура олишармикан?! Бу ишлашда, бундай навбат билан бир ой ичида ким паспорт оладию ким ололмай қолади? Нима, энди “паспорт стол”дагилар улгура олишмапти, деб бошқалар улар қайд қилиб қўйгандек жавобгарликка тортиладими?
Ваҳоланки одамлар жавобгар бўлиб қолмай, деб бўлинма дарвозаси ёнида турнақатор тизилиб олишган. Бироқ навбат кўпайса кўпаяяптики, асло камайгани йўқ. Ҳар куни шу манзара такрорланаркан, кишида табиий равишда бир савол туғилади: ўзи бу ерда паспорт берилаяптими? Берилаётган бўлса, бу тирбандликнинг боиси нимада?
Т.ПЎЛАТОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.