Меню
Қашқадарё
ҚАРШИ ТУМАНИ ҲОКИМИ СУДДА КЛАСТЕРГА ЮТҚАЗГАНДИ, ЭНДИ ФЕРМЕР БИЛАН ЗИДДИЯТГА БОРИЛМОҚДА
daryo.uz сайтида эълон қилинган “Қарши тумани ҳокими ғалла режасини бажариш учун чорвачилик фермер хўжалигининг озуқа ғалласини ҳам тортиб олмоқда” номли мақолага вилоят ҳокимлигининг сайтида қишлоқ хўжалиги бошқармаси бош юрисконсульти О.Маматов ва бошқарма мутахассиси Д.Дўстмуродов фикрлари асосида расмий муносабат билдирилди. Унда, жумладан, шундай дейилади:
“Мақолада “Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева туманнинг ғалла режасини бажариш учун чорвачилик фермер хўжалиги томонидан озуқа мақсадида етиштирилган ғаллани ҳам тортиб олмоқда”, бу ҳақда daryo.uz га шикоят қилган фермер Рустам Бозоровнинг айтишича, ҳоким ушбу мақсадига етишиш учун ИИБ кучидан фойдаланмоқда, дея эътироф этилган.
Қарши тумани ҳокимлиги томонидан 2004 йил 31 декабрда “Исмоил Бозоров” масъулияти чекланган жамиятига 845 гектар ер майдонига қишлоқ хўжалигига фойдаланиш мақсадида ерга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат акти берилган.
Қарши тумани ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияси томонидан “Исмоил Бозоров” МЧЖга 2015 йил 16 ноябрда юридик шахсни қайта давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида 27-сонли гувоҳнома берилган.
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси “Геоинформкадастр” давлат унитар корхонасининг 2010 йилдаги ер майдонларини контурлар бўйича ҳисоблаш қайдномасида (№ 2330) МЧЖ ҳудудида жами ер 829 гектар бўлиб, шундан 666,4 гектар суғориладиган экин ер, 10,2 гектар боғ, 3,5 гектар узумзор, 1 гектар теракзор, 22,3 гектар яйлов, 26,1 гектар томорқа ер ва 99,5 гектар ариқлар, каналлар, зовурлар, йўллар ўрнидан иборат ер майдонлари мавжудлиги қайд этилган.
МЧЖ худудида 2020 йил ҳосили учун 200 гектар майдонга пахта етиштириш бўйича контрактация шартномаси тузилган бўлиб, амалда 220,8 гектар (20,8 гектар ортиқча) майдонга пахта, 127,4 гектар ғалла, 35,9 гектар макка, 248,7 гектар беда, 32,0 гектар полиз ва кунгабоқар экилган.
МЧЖнинг жами қорамоллари сони 266 тани ташкил этиб, бунга 160 гектар ер майдони керак бўлади ёки шартли мол бош сонига солиштирилганда 506,4 гектар ер майдони кўплиги аниқланган.
Ҳозирги кундаги пандемия шароитида ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар давом этаётган бундай вазиятда МЧЖ ҳисобида 829 гектар ер майдони бўла туриб, ердан самарасиз фойдаланиб келинмоқда.
Жумладан, Қарши туманидаги “Исмоил Бозоров” МЧЖга ажратилган қишлоқ хўжалиги ер майдонларидан мақсадли фойдаланиш ҳолатини мониторингдан ўтказиш натижалари бўйича 2020 йил 2 июнь кунидаги вилоят ишчи гуруҳи маълумотномасига асосан МЧЖ худудидаги 79,9 гектар пахта майдонини қалин бегона ўт босганлиги, чопиқ, яганалаш ишлари шу кунга қадар бажарилмагани, культивация ва чуқур юмшатиш агротехник тадбирлари сифатсиз амалга оширилгани, озиқлантириш, бегона ўтларга ҳамда зараркунандаларга қарши курашиш бўйича бирон бир чора-тадбир амалга оширилмагани сабабли ғўзанинг ривожланиш фазалари орқада қолган.
МЧЖ 2018 йилда 202 тонна (49 фоиз), 2019 йилда 301 тонна (69 фоиз) пахта топшириб, пахта топшириш шартномавий режасини бажармаган.
“Исмоил Бозоров” МЧЖ ва “Торговий Дом Қарши” корхонаси ўртасида полиз маҳсулотларидан, яъни 500 тонна қовун ва 100 тонна тарвуз етказиб бериш тўғрисида 2020 йил 3 апрель куни шартнома имзоланган бўлиб, туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан шартномани рўйхатга олиш китобига қайд этилмагани аниқланди.
МЧЖ ҳисобида жами 42 дона ҳар хил турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлар мавжуд бўлиб, шулардан 10 таси рўйхатдан ўтказилган, 4 трактор, 8 тиркама, 20 та ҳар хил турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари давлат рўйхатидан ўтказилмагани аниқланди.
Ҳозирги кунда “Исмоил Бозоров” МЖЧ билан “Қашқадарё дон маҳсулотлари” АЖ ўртасида 2020 йил 25 июнь куни 35 гектар ердан 87,5 тонна ғалла ҳосили топшириш бўйича контракция шартномаси имзоланган, ваҳоланки МЧЖ томонидан жами 127,4 гектар ерга ғалла экилган бўлиб, МЧЖ ҳисобига 92,4 гектар, яъни 370 тонна ғалла ҳосили қолмоқда.
“Исмоил Бозоров” МЧЖ 2020 йил ғалла топшириш шартномавий режасини 2020 йил 2 июль кунидаги дон қабул қилиш ташкилоти берган маълумотга кўра 6 фоизга бажариб, белгиланган режага нисбатан 73 тонна ғалла топширмагани аниқланди.
“Исмоил Бозоров” МЧЖ ҳисобида бўлган 829 гектар унумли ер майдонидан 32 гектар сувли ер майдонлари бир неча йил олдин Наманган вилоятидан келган бир гуруҳ фуқароларга оғзаки келишувга асосан полиз маҳсулотлари ва кунгабоқар экинларини экиш учун ноқонуний берилган, қолган ерлардан ҳам самарасиз фойдаланиб келинган”.
Қайд этиш лозим, яқиндагина Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева “Sulton tex group” корхонаси раҳбарлигидаги кластер билан зиддиятга борган, ҳокимнинг “юқори”га ёзган хатларида кластер ғалла комбайнлари таъмири ва ҳосилдорлиги учун берилиши лозим бўлган маблағни бермаётгани, ҳисоб рақамини бир неча маротаба огоҳлантиришларга қарамасдан тумандаги банкларга ўтказмаётгани каби ҳолатлар қайд этилганди.
Суд эса Қарши туман ҳокими ва ҳокимлик мансабдор шахсларига кластер фаолиятига аралашиш, унинг 2020 йил учун фермерлар билан тузган шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартиришга уринишини тақиқлаб қўйганди.