Меню
Қашқадарё
Қарши тумани: БУЮК НЕЪМАТДАН БАҲРАМАНД ЭЛНИНГ МУҲТАШАМ МЎЪЖИЗАЛАРИ
ЕР ЎША-ЎША, ҲОСИЛДОРЛИК УЧ ҲИССА ОШГАН
Биргина қишлоқ хўжалиги соҳасини олайлик. Нималар ўзгарди? Аввало, бу соҳа тубдан қайта қурилди. Илгариги ишлаб чиқариш самарадорлиги паст, харажатлари баланд, норентабел, сурункали қарзга ботиб ётадиган колхоз ва совхозлар ўрнида фермер хўжаликлари ташкил этилди. Деҳқонда ерга эгалик ҳисси уйғонди. Унинг меҳнатга, ерга, ўзига муносабати, иш юритиш усуллари тубдан янгиланди. Ғалла мустақиллигига эришилди. Ўз донимиз, ўз нонимизга эга бўлдик.
1991 йилда туманда ғалладан гектарига 18 центнер ҳосил кўтарилиб, давлатга 1967 тонна дон сотилган бўлса, бу рақам 2016 йилда мос равишда 55 центнер ва 42 минг тоннани ташкил этди.
Энди таққослаб кўринг: 1991 йилда олинган ҳосил аҳолининг эҳтиёжларини мутлақо қондирмасди. Бу совет давридаги деҳқонга, ерга бўлган муносабатнинг натижаси эди. Қорни тўйиб нон емаган одам табиийки бошқа нарса ҳақида, масалан, тармоқни кенгайтириш ёки маҳсулотни экспортга чиқариш ҳақида ўйлаб кўролмасди. Ўйлашга мажоли йўқ эди.
Бугун туманнинг ўзида турли соҳаларга ихтисослашган 854 та фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Энди олдингидек фақат марказ манфаатларини кўзлаган ҳолда асосий майдонларда пахта эмас, халқ учун, унинг фаровон турмуши учун зарур бўлган ғалла, мева-сабзавот, картошка, полиз экинлари етиштиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
Таққослаш учун бир мисол: 1993 йилда туманда хўжаликлар негизида 75 та фермер хўжалиги фаолият юритган, уларнинг ғалла ёки пахта бригадаларидан у қадар кескин фарқи-да бўлмаган, кўп тармоқ, техника ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Ўтган йиллар давомида тумандаги фермер хўжаликларига 1700 га яқин турли техникалар келтирилиб, ҳар бир фермер энди ҳайдов тракторидан тортиб чопиқ, минерал ўғит сепиш тракторигача, комбайндан пресслагичгача эга бўлди. Бу ҳар бир фермер иккитадан зиёд техникага эга бўлди, дегани.
КЕЧА – КОСАСИ ОҚАРМАГАН ДЕҲҚОН, БУГУН – МУЛКДОР
- Аввал деҳқоннинг умри далада ўтарди-ю косаси оқармасди, - дейди “Бахт” фермер хўжалиги раиси Иброҳим Холиёров. – Деҳқон қишнинг изғиринида ҳам, ёзнинг саратонида ҳам даладан бери келмасди. Топгани эса рўзғорнинг камини бутлашга ҳам етмасди. Дон экиб, нонга, пахта экиб, кийимга муҳтож эди. Бугун-чи? Бугуннинг деҳқони қишлоқ мулкдори, уни шахсан давлат раҳбарининг ўзи қўллаб-қувватлайди. Моддий даромадни-ку қўятуринг, элнинг орасидаги ҳурматни айтмайсизми? Кеча оддий деҳқонни биров назарга илармиди? Унинг меҳнати қадрига ким етарди? Дардини ким тингларди? Етиштирган тонналаб пахтасининг пулига эгнига бир кийим ололмаган деҳқон қадр топган бўладими?
Дарҳақиқат, бугун деҳқон меҳнати муносиб эътирофини, қадрини топаяпти. Биргина “Бахт” фермер хўжалигининг ўзи бугун 274 гектар ерга эга. Фермер хўжалигининг 196 гектар ери озуқа экинларига мўлжалланган, боиси, хўжалик чорвачиликка ихтисослашган бўлиб, 600 бошдан зиёд қорамол, от, туя боқилади. 2000 та парранда, 1,5 гектар балиқ ҳавзаси фермер хўжалиги фаолиятининг кўп тармоқли бўлишини таъминлади.
Шунингдек, суткасига 1 тонна сутни, 1 тонна гўштни қайта ишлайдиган цехларда қишлоқ ёшлари иш билан банд. Фермер хўжалиги цехларида тайёрланган нон, макарон, печенье, сут ва сут маҳсулотларининг асосий истеъмолчилари туман аҳолиси. Фермер хўжалигида 50 нафардан зиёд киши иш билан таъминланган.
Иброҳим Холиёров истиқлол берган имкониятлар ҳақида гапираркан, ҳукуматимиз томонидан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самарасида ер унумдорлиги ортаётгани, ерни ишлатиш тизими ўзгаргани, шунга монанд олинаётган фойда ҳам ортиб бораётганини таъкидлайди. Бунинг натижасида фермер тижорат банкидан олинган кредит ҳисобига янги тўйхона ва хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилишини бошлаб юборган. Шунингдек, илм-фан тараққиётига мос равишда биогаз қурилмасидан фойдаланиб, энергия тежамкорлигига эришишни ният қилган.
Ниятинг – йўлдошинг, деганларидек, Президент соврини учун ўтказиладиган “Ташаббус” кўрик-танловининг республика босқичида фермерлик йўналишида ғолиб деб топилган уч нафар вилоятимиз фермеридан бири ҳам – у.
Ҳа, бугуннинг фермери ишбилармон, замоннинг илғор кишиси. Деҳқони қадр топган юртнинг тўкин ҳаётига, фаровон турмушига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
КИШЛОҚДА «ЖАҲОН БОЗОРИ»
Қарши туманининг ўзига хослиги шундаки, тумандаги ҳар бир ҳудуд ўзига хос хусусиятга эга. Кожору Поштоннинг деҳқончилик маданияти, Чўлиотанинг иморат солишдаги маҳорати, Қовчиннинг илмий салоҳияти, бешкентликларнинг омилкорлигию ертепаликларнинг имкониятлардан унумли фойдаланиши истиқлол туфайли сайқал топди.
Кеча бу ҳудудлар қандай эди? Бир хил – пахтадан бўлак ҳеч нарса йўқ эди. Яккам-дуккам учрайдиган савдо дўконларида ҳам кир совуну гугуртдан, резина этикдан бошқаси топилмасди.
Бугун ҳаммаси ўзгарди. Чекка қишлоқларда ҳам замонавий савдо мажмуалари, хизмат кўрсатиш шохобчалари қад ростлади.
90-йилларнинг бошида туманда ҳар 25 кишига битта телевизор, ҳар 30 кишига битта холодильник, ҳар 10-15 кишига бошқа маиший буюмлар тўғри келган. Бугун юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби туман аҳолисида ҳам бу буюмларнинг энг замонавийлари аксарият хонадонларда бор, замонавий кондиционер, кир ювиш машинаси, чангютгич рўзғор юмушларида аҳолининг оғирини енгил қилиб келаяпти.
Буларнинг барчаси тўкин-сочинликнинг, аҳоли фаровонлиги ортиб бораётганининг исботи.
Биргина Қовчин қишлоғида ҳафтанинг ҳар душанбасида ташкил қилинадиган савдо ярмаркаларини олайлик. Қишлоқ Нишон, Касбига яқин жойлашгани сабаб қўшни туманлардан ҳам савдогарлар, деҳқонлар жамланиб, ярмарка “жаҳон бозори” кўринишини олади. Анқонинг уруғидан бўлак ҳар нарса топиладиган бу бозорлар арзонлиги, харидорлар учун танлаш имкониятининг мўллиги билан аҳолига маъқул келаяпти.
Энг қизиғи, “жаҳон бозори” бўладиган айнан шу ерда бир вақтлар одамлар буханка нон олиш учун навбатга туришарди. Бугун фаровонликдан гавжум ҳудуд кеча етишмовчилик, нон танқислиги сабаб талотўп эди. Совуқдан тиришиб турган болалар нечта эди, навбат кутиб, ҳушидан кетиб қолганлар қанча эди.
ИСТЕЪМОЛДАН ОРТГАНИ – ЭКСПОРТГА
Туманда 2009 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 43 миллиард 724 миллион сўмни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2015 йилда 132 миллиард 480 миллион сўмга етди. 2009 йилда 5 миллиард 857 миллион сўмлик истеъмол моллари ишлаб чиқарилган бўлса, 2015 йилга келиб бу кўрсаткич 21 миллиард 891 миллион сўмни ташкил қилди.
- Мустақиллик кимнинг нимага қодирлигини кўрсатиб берди, - дейди тумандаги “Абдисобиров Бунёджон” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Абдисобир Раҳматов. - Хўш, олдин биз каби “Тадбиркор бўламан, мулкдор бўламан” деганлар йўқмиди? Бор эди. Бироқ бунга йўл қўйилмасди. Қишлоқда яшаб 10 бош қорамол боқиш жиноят саналарди. Айб қўйиб қамашарди ҳатто. Ўзбек халқига фақат меҳнат қилиш, ҳосил ундириш, қадоқ қўллари билан яратган маҳсулотини текиндан-текинга “давлат”га топшириш “ҳуқуқи” берилганди, холос. Бугун-чи? Ўзимиз етиштирган маҳсулотни ўзимиз қайта ишлаяпмиз. Ўзимиз сотамиз. Ортганини экспортга ҳам йўналтираяпмиз.
Дарвоқе, туманнинг экспорт салоҳияти ҳам юксалиб бормоқда. Жорий йилда туманда 24 минг 200 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ва бунинг ортидан 16 миллион 400 минг АҚШ доллари миқдорида валюта тушумига эришиш режалаштирилган.
Шунингдек туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саранжомлаб олингач, узоқ муддат сифатли сақлаш бўйича ҳам қатор ишлар қилинмоқда. Жумладан, “Ҳайдар ота” фермер хўжалигида 400 тонна, “Ертепа серфайз воҳа” МЧЖда 300 тонна, “Дилшод Ахрор Ҳамкор” МЖЧда 450 тонна, “Муборак Ягуар” МЖЧда 500 тонна сиғимга эга совутиш технологияси ташкил қилинди. Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги байрам тантаналари олдидан яна 2 та совутгичли омбор фойдаланишга топширилиши мўлжалланган.
Туман саноати хусусида сўз юритганда эса Қоратепа қишлоғида қад ростлаётган “LT Textile International ltd” хорижий корхонаси (Нидерландия)нинг йиллик 15 минг тонна ип-калава ва аралаш калава ишлаб чиқариш қувватига эга янги тўқимачилик мажмуаси хусусида тўхталмасликнинг иложи йўқ.
55 миллион АҚШ долларилик инвестиция эвазига ҳаётга татбиқ этилиши кўзда тутилган лойиҳа ички истеъмол бозорини импорт ўрнини босувчи сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, шунингдек, чет мамлакатларга тайёр текстиль буюмлари экспорт қилиш кўламини ошириш, бир сўз билан айтганда, бор имкониятлардан самарали фойдаланишни кўзда тутади.
Ушбу йирик саноат корхонаси тўла қувват билан ишлай бошлаши натижасида 700 га яқин янги иш ўрни яратилади. 25-30 йил олдин саноат, экспорт ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмаган ҳудудда бу каби йирик саноат корхонаси иш бошлаши - катта ҳодиса.
ЙЎЛЛАР ВА ЙИЛЛАР
Ўтган асрнинг 80-йиллари адоғида автоулов етишмаслиги сабаб Қаршидан Бешкентгача бориш учун айрим ҳолларда 10 сўмгача сарфланган экан. Солиштириш учун мисол: худди ўша йилларда кооперативларда якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи 120 дан зиёд кишининг бир ойлик маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш ҳажми 35 минг сўмни ташкил қилган.
Энди юқоридаги 10 сўмнинг баҳосини ўйлаб кўринг. Одамлар шаҳарга бир тушиш учун бор-будини сарфлашга тўғри келган.
Бугун туман марказини вилоят маркази билан боғлайдиган йўлнинг ўзида транспорт хизмати кўрсатувчи 5 та уюшма фаолиятининг йўлга қўйилиши, ундан ташқари, аҳоли эҳтиёжларига кўра 50 дан ортиқ автобуслар қатновининг ташкил этилгани ҳудудда транспорт тизими, йўл инфратузилмаси такомиллашиб бораётганини кўрсатади.
Энди аввалгидек шалоғи чиққан эски автобусни соатлаб кутиб, куннинг ярмини Қаршига келиш учун сарфлашга ҳожат қолмади. Йўл юрмоқ – роҳат эканини бугун туманнинг барча аҳолиси ҳис қилиб турибди.
ОДДИЙ ТАШХИС УЧУН ВИЛОЯТ МАРКАЗИГА КЕЛИШГА ҲОЖАТ ҚОЛМАДИ
Юқорида айтганимиз – совет даврида йўл инфратузилмасининг ниҳоятда ночорлиги, транспорт етишмаслигини дардга чалинган кишилар кўпроқ ҳис қилишарди. Чунки оддий ташхис учун Қарши шаҳрига келиб-кетиш зарур эди.
Туманда врачлар ва ҳамширалар етишмасди, беморларни даволашга шароит йўқ, тиббиётга оид аппарат ва ускуналар мавжуд эмасди. Ҳар ойда 3-4 нафар бола ўлими, йил давомида 4-5 нафар оналар ўлими содир бўларди. Йил давомида ҳар қишлоқдан юзлаб киши гепатит билан касалланарди. Бу – пахтага сепилган бутифоснинг таъсири эди.
Болалар ўлимини олайлик. 1987 йилда иттифоқ республикалари ичида ҳар 1000 нафар туғилган чақалоқдан бир ёшгача ўлгани Россияда 19, Латвияда 11, Литвада 12 нафарни ташкил этгани ҳолда Ўзбекистонда 45 нафардан ошган. Тиббиёт тизими ночор, қаровсиз бўлган Қарши туманидаги аҳволни тасаввур қилаверинг.
80-йиллар охирида вилоят бўйича ҳар 1000 нафар боланинг 75 нафари туғилгандаёқ ўлгани бежиз эмас. Бу собиқ тузум давридаги тиббий хизмат сифатининг қай даражада эканини кўрсатмайдими?!
Мустақиллик тиббиёт соҳасига ҳам улкан ўзгаришларни олиб келди. Туман ҳудудидаги қишлоқларда замонавий типдаги ҚВПлар қад ростлади. Улар замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланди. Она ва бола ҳамда фуқаро соғлиги учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Тиббиёт масканларини замон талабига жавоб берадиган мутахассис ва малакали шифокор кадрлар билан таъминлашга эътибор кучайтирилди.
- Тиббиёт бирлашмамизда 2 йилдан буён оналар ўлими қайд қилинмаган, болалар ўлими ҳам анча камайган, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Сардор Эркаев. – Туманнинг ўзида аҳоли саломатлигини тиклаш учун барча шароитлар мавжуд. Хусусан, 2014 йилда 150 қатновга мўлжалланган янги кўп тармоқли марказий поликлиника, 2015 йилда терапия, зарарсизлантириш бўлимлари ишга туширилди. 4 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилган шошилинч тиббий ёрдам бўлими, патология, жарроҳлик бўлимлари биноси бир неча кун ичида ишга туширилиши режалаштирилган. Бу, албатта, мустақиллигимиз шарофати, қолаверса, ҳукуматимизнинг тиббиёт ходимларига бўлган эътибори ва ғамхўрлиги туфайлидир.
ЎЗИМИЗГА ҚАЙТГАН ЗЛИГИМИЗ
Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, совет мафкурасининг асосий унсурлари сингдириб юборилган номлар Қарши туманида кўп эди. Карл Маркс, Суворов, Николаев, Остроумов каби бизга мутлақо алоқаси, дахли бўлмаган “доҳий”ларнинг номи қўйилиб, улар на бизнинг қадим урф-одатларимизни, хусусиятларимизни ифода этарди, на бирортасининг бизга хизмати сингган эди.
Истиқлол туфайли аввало бизга номимиз қайтарилди. Бунинг тимсолида ўзлигимиз қайтарилди. Шаҳару қишлоқларимиз ўзининг қадим маъно ифода этган номини тиклади. Ҳудудлар туриш-турмушидан келиб чиққан номларини қайтариб олди.
Эл ўзлигини англамаслиги учун таълим тизимида Қарши туманида ҳам “иккиликсиз, икки йилликсиз” шиори авж олдирилди. Бу ўз навбатида ўқувчилар билимининг сифатига сезиларли таъсир кўрсатди. “Ура-урачилик” майлларига ўргатилган жамият бу соҳада ҳам “пешқадам”ликни қўлдан бермади. Ўзлаштириш, ўзлаштирмаслигидан қатъи назар синфдан синфга ёппасига кўчирилди. Бунинг оқибатида иқтидорли ўқувчиларнинг ҳаракати ҳам сусайиб борди ва натижада илмда ҳаёт мантиқига зид “бир текислик” юзага келди. Маориф тизимида турғунлик давом этди. Мақсад – юқорида айтганимиздай, кишиларни билимли, ақлли бўлишга қўймаслик, миллий ўзликни англашга халақит бериш эди.
Бугун у кунлар эртакдай эсланади. Истиқлол ҳавосидан баҳра олиб улғайган ёшларимиз улкан ютуқ ва натижаларни ўз-ўзидан кўрсатаётгани йўқ. Буларнинг замирида ёш авлод тарбиясига бўлган эътибор, рағбат мужассам. Қарши туманининг ўзидан нуфузли давлат мукофотлари, республика ва халқаро танловлар ғолибларининг кўплаб топилиши бу эътиборнинг самараси, десак айни ҳақиқат бўлади.
Маълумки, Қарши тумани тарихий ёдгорликларга, муқаддас қадамжоларга бой. Кахлакдаги Чоргумбаз, Мирмирондаги Мирмирон, Поштондаги Жумабозор жомеъ масжидлари, Нукрабоддаги Хўжа Ҳофиз масжиди, Потронда Еттитуғ Ота зиёратгоҳи, Акбар Халифа жомеъ масжиди, Бешкент шаҳридаги Ҳазрат Султон Абулхайр Мозандароний ёдгорликлари шулар жумласидан.
Аммо бу жойлар бир вақтлар қаровсиз, хароба ҳолга келиб қолган, атайлаб қилингандай заҳарли дори ёки кераксиз ашқол-дашқоллар сақланарди. Истиқлол шарофати билан бу ёдгорликлар қайта чирой очди, муқаддас қадамжоларга айлантирилди.
Кўрдик. Юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Қарши тумани ҳам истиқлол йилларида ҳар жиҳатдан ўсган. Янгиланган. Рақамлардаги ўсиш – бу нима? Фаровонлик рамзи. Муҳими, одамларнинг кайфияти, эртанги кунга ишончи зўр. Туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш, яратиш ишлари фақат яхшиликка, эзгуликка хизмат қилаяпти, инсон қадр-қимматини янада юқори поғонага кўтармоқда, элнинг дастурхони тўкин, турмуши фаровон, тинчлик-осойишталикда умргузаронлик қилмоқда. Бундан ортиқ бахт бўлиши мумкинми?!
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.