Меню

Қашқадарё

19.01.2017 2037

«ҚАРШИ-ТЕРМИЗ» УЧАСТКАСИ ЭЛЕКТРЛАШТИРИЛМОҚДА

Таъкидлаш жоиз, ўтган даврда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 140,8 километрлик "Мароқанд-Қарши" темир йўл участкаси электрлаштирилиши натижасида "Афросиёб" тезюрар поездининг қатнови вилоятимиз марказигача узайтирилди. Мазкур йирик инвестицион лойиҳа Биринчи Президентимизнинг "2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида"ги қарори доирасида рўёбга чиқарилди. Кейинги босқичда оралиқ масофаси 325 километр бўлган "Қарши-Термиз" темир йўл   участкасини электрлаштириш кўзда тутилган. Аҳамиятлиси, жорий йил бошида ушбу участканинг қарийб 90 километрлик "Қарши-Тошгузар-Деҳқонобод" линиясида электрлаштириш ишлари тўлиқ якунланди.

- Қурилиш ишларида корхонамизнинг 200 нафарга яқин темирйўлчилари иштирок этди, - дейди "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга қарашли "1-сонли энергомонтаж поезди" унитар корхонаси бошлиғи ўринбосари Сарвар Зарипов. - Бу давр мобайнида 2000 та темир-бетон устун, 1800 та консоль, 167 та металл кўндаланг кесма, 224 километрлик контакт тармоқлари қуриб битказилди. Ишлар якунлангач, темир йўл орқали электровозларнинг қатнови йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда бу линияда асосан юк ташилмоқда. Ушбу йўналишни электрлаштириш ишлари жорий йилда ҳам давом эттирилади.

Мутахассисларнинг билдиришича, темир йўлларни электрлаштириш йўловчи ва юк поездларининг хавфсиз, ишончли ва тезкор ҳаракатланишини таъминлайди. Шунингдек, темир йўл транспорти ҳаракатланиши учун сарф бўладиган дизель ёнилғиси тежалиб, юртимиз ҳудуди бўйлаб йўловчи ва юк ташиш ҳажми ортади. Лойиҳа доирасида энергия тежамкор технологияларнинг амалиётга татбиқ этилиши минтақада экологик вазият янада яхшиланишига имкон беради.

Мухтасар айтганда, мазкур лойиҳа тўлиқ тугаллангач, поездлардан фойдаланиш сарф-харажатлари 40 фоиз камайиб, йўловчи ҳамда юкларни манзилга етказиш тезлиги 1,3 баробар ошади, бу эса, табиийки, темир йўлнинг ўтказиш имкониятини ҳам юксалтиради. Шу нуқтаи назардан қараганда, у нафақат Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, балки қўшни мамлакатлар, қолаверса, бутун минтақанинг ҳар томонлама тараққий этишига хизмат қилади.

М.ШУҲРАТОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!