Меню
Қашқадарё
ҚАРШИ ШАҲРИДАГИ ҚАЙСИ МАҲАЛЛАЛАРДА ЎҒИРЛИКЛАР СОНИ КЎПАЙГАН?
Маълумот берилганидек, ўтган йил давомида қонунлар ижроси бўйича ўтказилган текшириш ва таҳлиллар натижасига кўра 923 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди. Қарор ва тақдимномалар асосида 232 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди. Қонунларни қўпол тарзда бузиш ҳоллари бўйича 36 та жиноят иши қўзғатилди, 718 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Текширишлар ва тергов жараёнида аниқланган 737 миллион сўмлик моддий зарарларни айбдор шахслардан қонунчиликда белгиланган тартибда ундириш чоралари кўрилди.
Шу билан бирга, шаҳар прокуратураси томонидан тадбиркорлар иштирокида учрашувлар ташкил этилиб, тушунтиришлар, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 31 тадбиркорга амалий ёрдам кўрсатилган бўлса, 13 ишбилармоннинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. 11 тадбиркорлик субъектига 1,9 миллиард сўм кредит маблағи, 5 нафарига ер майдони ажратилишида, 11 нафарига муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Қайд этиш жоизки, жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида умумий жиноятчилик 26 фоизга камайган. Бироқ оғир турдаги жиноятлар, одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари, ўртача оғир тан жароҳати етказиш жиноятлари сони сезиларли даражада ошган.
Жиноят турлари маҳаллалар бўйича таҳлил қилинганда, биргина ўғирлик жинояти Истиқлол, Чўлқувар, Гунгон, Буюк Турон, Қавали, Қарши, Нахшаб, Оқтепа, Шўртан, Дарвозатутак, Равоқ маҳаллаларида кўпайган.
Тадбирда, шунингдек, кун тартибидаги масала юзасидан шаҳар ички ишлар, солиқ, халқ таълими ҳамда тиббиёт бирлашмаси раҳбарларининг ҳисобот ва тушунтиришлари эшитилди. Йўл қўйилган камчиликлар танқид қилиниб, фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Тегишли қарор қабул қилиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг мувофиқлаштирувчи кенгаши аъзоларига юборилди.
У.МУҲАММАДИЕВ,
Қарши шаҳар прокурори ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи
Ш.ЖЎРАҚОБИЛОВ,
Қарши шаҳар прокуратураси терговчиси лавозимида иш ўрганувчи