Меню
Қашқадарё
ҚАРШИ ШАҲРИДА ИСЛОМ КАРИМОВ ҲАЙКАЛИ ОЧИЛДИ
Истиқлол йилларида мамлакатимиз эришган барча ютуқ ва марралар Биринчи Президентимиз номи ва фаолияти билан боғлиқ. Ислом Каримов мамлакатимизни жаҳонда ўз ўрнига эга бўлган, мустақил ва мустаҳкам давлатга айлантирди.
...2018 йил. 30 январь. Биринчи Президентимиз қатор йиллар меҳнат қилган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри маркази. Атроф оппоқ қорга бурканган, осмон мусаффо. Муаззам бино тепасида давлатимиз байроғи ҳилпирайди.
Бу ерга Ўзбекистон Қаҳрамонлари, фан ва маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, Қашқадарё вилоятининг кенг жамоатчилиги, талаба-ёшлар Ислом Каримов ҳайкали очилишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этиш учун йиғилган.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Ислом Каримов Қашқадарё вилоятининг иқтисодиётини кўтариш, одамларни рози қилиш йўлида тиним билмай меҳнат қилди. Вилоят аҳли, ёши улуғлар у кишининг меҳнатсеварлиги, эзгу ташаббуслари ва беминнат ёрдамларини ҳамон унутишмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Биринчи Президентимиз рафиқаси Татьяна Каримова Ислом Каримов ҳайкалини очди. Буюк Юртбошимиз ҳайкали пойига гуллар қўйилди, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Ислом Каримов бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг чуқур ўйланган стратегиясини ишлаб чиққан ва уни амалга оширган буюк давлат арбоби сифатида мамлакатимизда ва халқаро майдонда юксак обрў-эътибор қозонди.
Биринчи Президентимиз бошлаб берган оламшумул ислоҳотлар бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида изчил давом эттирилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори халқимизнинг ўзининг буюк фарзандига чексиз ҳурмат ва садоқатининг амалий ифодаси бўлди. Қарорда кўзда тутилганидек, Биринчи Президентимиз номини абадийлаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Тошкент шаҳар Яшнобод туманининг Фарғона йўли кўчасидаги жомеъ масжидга “Ислом ота” номи берилди. Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов музейини ташкил этиш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Қарор ижроси доирасида Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. Тошкент, Самарқанд, Қарши шаҳарларида у кишининг ҳайкали ўрнатилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан мамлакатимиз бўйлаб маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилмоқда.
Маросимда Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эсонбой Ражабов, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, Қарши давлат университети доценти Абдураҳим Эркаев, Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримов сўзга чиқиб, Ислом Абдуғаниевич Каримов Қашқадарё халқини чексиз муҳаббат билан севгани, бу воҳани саноати ривожланган ҳудудга айлантиргани, қолаверса, умрининг сўнгги кунларига қадар бутун ҳаётини Ўзбекистонга хизмат қилишга бағишлагани, унинг сўнмас хотираси миннатдор юртдошларимизнинг, бутун халқимизнинг қалбида абадий сақланиб қолишини таъкидлади.
Шу куни Ислом Каримов ҳайкали пойи гулларга бурканди.
Кенг жамоатчилик вакиллари Биринчи Президентимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Абу Бакир Ўрозов, ЎзА