Меню
Қашқадарё
Қарши шаҳри - янгиланаётган воҳа гавҳари
Нормўмин ХОЛБОЕВ,
Қарши шаҳри ҳокими
Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик шиддатини бугун Қарши шаҳрида ҳам яққол кўриш мумкин. Қайси соҳага назар солманг, ҳамма жабҳада ҳукумат қарорларининг ижроси, янгиланишлар, инновацион ғоялар татбиқи натижасида эришилаётган юзлаб ютуқларнинг гувоҳи бўласиз. Янги уйлар, иншоотлар, равон кўчалар, сайилгоҳлар, маҳаллаларда амалга оширилаётган ободончилик ишлари ҳавас қилишга арзигулик.
Президентимизнинг ўтган йили Қашқадарё вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида берган топшириқлари ижроси доирасида вилоят марказига Республика бюджетидан 105 миллиард сўм маблағ ажратилиб, шаҳарнинг олтита асосий - Алишер Навоий, Амир Темур, Ислом Каримов, Мустақиллик, Насаф, Хонобод кўчаларини таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
Шунингдек, мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик шодиёнаси арафасида Қарши шаҳрида кўплаб янги турар жой бинолари, спорт ва ижтимоий соҳа объектлари - мактаб ва маҳалла гузарлари ҳам фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Жумладан, Қарши шаҳрининг Кунчиқар, Пахтазор, Пахтазор-1, Табассум, Хонтепа, Хўжахиёл, Чўлқувар маҳаллаларида қурилган 879 хонадонга мўлжалланган жами 19 та янги кўп қаватли уй кўплаб турар жойга муҳтожлар ва ёш оилалар ҳаётига унутилмас қувонч олиб киришга тайёр.
Бундан 5-6 йиллар илгари шаҳарда 5 қаватдан баланд уйларни қуриш таклифлари кўплаб саволларни келтириб чиқарарди. 2020-2023 йилларда эса Наво маҳалласида жойлашган "Qarshi Citi" лойиҳаси доирасида 1040 та хонадонга мўлжалланган 16 қаватдан иборат 12 та турар жой бинолари қуриб битказилиб, хонадонлар ипотека кредити асосида ўз эгаларига топширилди. Хозирда бу иш давом эттирилиб айнан шу ерда яна 16 та кўп қаватли турар жой бинолари қурилмоқда.
"Янги Ўзбекистон" массиви Қаршида бунёдкорлик соҳасида амалга оширилаётган замонавий лойиҳалардан яна бири ҳисобланади. Унинг ҳудуди 26,6 гектарни ташкил этиб, 2024-2026 йилларда бу ерда жами 3 минг 444 та хонадонга эга 52 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади. Шунингдек, массивда 6,8 километр электр энергия, 1,6 километр табиий газ, 7,1 километр ичимлик суви тармоқлари тортилиб, 38,6 гектарда "Янги Ўзбекистон" боғи, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, маҳалла маркази ва ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилади, 1650 ўринли мактаб, 180 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 100 қатновли оилавий поликлиника фаолият юритади.
Яқинда "Янги Ўзбекистон" массивида 7 минг ўринга мўлжалланган Осиё технологиялар университети биноси қурилишига ҳам тамал тоши қўйилди. Шунингдек, ҳудудда жаҳон стандартларига тўла жавоб берувчи сув спорт саройи комплекси барпо этилади.
Аҳоли саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида шаҳримизда шу йилнинг ўзида кўплаб йирик давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ишга туширилди. Янги очилган Она ва бола тиббиёт кластери, "Жавоҳир медикал", "Насафмед", "Броссмед" каби хусусий тиббиёт муассасаларига мурожаат этаётган аҳоли вакиллари уларда ишлаётган малакали мутахассислар, энг сўнгги русумдаги тиббий ташхислаш ускуналари ёрдамида кўрсатилаётган хизматлардан мамнун. Бу эса мамлакатимизда тиббиёт ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, уларда кластер тизимини йўлга қўйиш, соҳа учун имтиёзли кредитлар ажратиш, мутахассисларнинг чет давлатларда бориб ўқиб, малака ошириб келишлари учун яратиб берилган имкониятлар маҳсулидир.
Бугун қаршиликлар вилоят маркази - воҳа гавҳарида яшаётган ҳақиқий маънодаги бахтиёр инсонлардир. Қарши оқшомида кенг ва равон йўллар, тунда ҳам кундузгидек манзара касб этувчи ёруғ кўчалар, кўзни қувнатувчи манзарали дарахтлару анвойи гуллар, ёқимли шабада берувчи юзлаб фаввораларга бой хиёбонларда сайр этиб юрган қаршиликлар ва шаҳримиз меҳмонларининг юз кўзидан битта нарсани уқиб олиш қийин эмас: бу шукроналик, ҳамма нарса инсон учун, унинг манфаати учун деган эзгу ғоянинг амалдаги ифодаси сабаб юртбошимиздан, давлатимиздан миннатдорлик ҳиссидир.