Меню

Қашқадарё

04.04.2024 5759

Қарши шаҳри яна битта нуфузли олимпиадага мезбонлик қилди

Вилоятимиз марказида Ал-Хоразмий номидаги табиий фанлар олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Бир неча йилдан буён анъанавий равишда умумий ўрта таълим муассасаларининг 7-8-синф ўқувчилари ўртасида анъанавий равишда ўтказиб келинаётган ушбу нуфузли олимпиадада жорий йилда ҳам минглаб ўғил ва қизлар  иштирок этишди.

Олимпиаданинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда барча вилоятлар босқичларида 1-3 ўринларни қўлга киритган 84 нафар ўқувчи эса Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номли ижод мактабида танловнинг республика босқичи ғолиблиги учун баҳс олиб боришди.

Олимпиада низомига кўра, ўқувчилар дастлаб амалий ёзма иш топширган бўлса, иккинчи босқичда уларнинг билими тест орқали яна бир бор синовдан ўтказилди. Ҳар иккала босқич бўйича энг кўп балл жамғарган ўқувчилар ғолиб ва совриндорлар сафидан жой эгаллади.

Якуний натижаларга кўра, 7-синф ўқувчилари ўртасида 1-ўрин Қорақалпоғистон Республикасидан Али Сарсенбаевга насиб этди. Ушбу синф тоифасида 2-ўринни Тошкент шаҳри вакили Аброрбек Собиржонов эгаллаган бўлса, 3-ўрин хоразмлик  Муслима Назаровага насиб этди.

Шунингдек, 8-синфлар ўртасида ғолибликни Фарғона вилояти вакили Райҳонахон Нўмонова қўлга киритган бўлиб, 2-ўрин самарқандлик Адҳам Асроровга, 3-ўрин эса Тошкент шаҳрилик Нозима Холмахматовага насиб этди.

-  Олимпиада ғолиблигини қўлга киритиш учун жуда кўп тайёргарлик кўрган эдим, - дейди  Али Сарсенбаев. – Саволлар жуда мураккаб бўлганига қарамай, 1-ўринни эгаллаганимдан жуда хурсандман. Менинг олимпиадага тайёрланишимга меҳнатларини аямаган барча устозларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Олимпиада ғолиб ва совриндорлари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Шу ўринда эслатиш жоизки, ўтган ҳафтада вилоятимиз марказида бошқа бир нуфузли тадбир - Асосий фан олимпиадаси (физика, кимё, биология) республика босқичи ўтказилган эди.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!