Меню
Қашқадарё
Қарши шаҳри қайси қишлоқлар ҳисобидан кенгайиши мумкин? Китоб-чи?
Тараққиёт стратегияси
Вилоятимиз маркази атрофида жойлашган ва бугунги кунда Қарши тумани таркибига кирадиган учта қишлоқ аҳоли пункти - Қозикент, Узуннаво, Тўқманғит яқин келажакда Қарши шаҳрига қўшилиши мумкин.
Аҳолиси 5 минг 500 кишидан ортиқ бўлган бу қишлоқларда урбанизация жараёнларини янада жадаллаштириш ва уларни Қарши шаҳрига қўшиш мувофиқлигини ўрганиш масаласи 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурига киритилган.
Маълумки, урбанизация жамият тараққиётида шаҳарлар ролининг ортиб бориши, аҳолининг ижтимоий, касбий ва демографик таркиби, турмуш тарзи ва маданиятидаги ўзгаришлар билан боғлиқ жараён бўлиб, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва фуқаролар турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳудудларда аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш учун урбанизация сиёсатини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, хусусан, Қашқадарё вилоятининг урбанизация даражасини 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.
Бу вазифани бажариш учун жорий йилда, аниқроғи, март ойида Қашқадарё вилоятида урбанизация даражасини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш мўлжалланган. Бунда воҳамиздаги 12 та шаҳар, 117 та шаҳарча ва 1041 та қишлоқ аҳоли пунктларини инвентаризациядан ўтказиб, 2 та катта, 1 та ўрта ва 9 та кичик шаҳар жойлашувларини таҳлил қилиш ва иқтисодий жиҳатдан бундай ҳолат қанчалик иқтисодий тараққиётга мувофиқлигини ўрганиш назарда тутилган.
Айни пайтда, юқорида айтилганидек, Қарши шаҳри атрофидаги аҳолиси 5 минг 500 кишидан ортиқ бўлган қишлоқ аҳоли пунктлари (Қозикент, Узуннаво, Тўқманғит) урбанизация жараёнларини янада жадаллаштириш ва уларни Қарши шаҳрига қўшиш мувофиқлигини ўрганиш ҳам режалаштирилган.
Чора-тадбирлардан яна бири Китоб шаҳри атрофидаги аҳолиси 4 минг 200 нафардан зиёд бўлган қишлоқ аҳоли пунктлари (Минглар, Гулгунпўшт, Жарқўрғон)да ҳам урбанизация жараёнларини янада жадаллаштириб, уларга шаҳар мақомини бериш борасидаги ишларни қамраб олади.
Режага, шунингдек, агломерация ва ички миграция жараёнларини ҳисобга олган ҳолда аҳолиси 1,43 миллиондан зиёд бўлган шаҳар аҳоли пунктларининг ихчамлигини ва қулай жойлашувини таъминлаш бўйича ишлар ҳам киритилган.
Дастурда қайд этилишича, вилоятимизда урбанизация даражасини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши ва ижро этилиши учун вилоятимиз ҳокимлиги, Қурилиш ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари, бошқа тегишли вазирлик ва идоралар масъул ҳисобланади.
Давлат статистика қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йил 1 январь ҳолатида вилоятимизда доимий аҳоли сони 3 миллион 408,3 минг киши, шундан шаҳар жойлар аҳолиси сони 1 миллион 460 минг киши (жами аҳоли сонидаги улуши 42,8 фоиз)ни ташкил этган. Таққос учун: республикамизда шаҳар аҳолисининг жами аҳоли сонидаги улуши 50,8 фоизга тенг.
Темур НИЗОМОВ