Меню

Қашқадарё

27.08.2016 2444

ҚАРШИ – САРОЙЛАР ШАҲРИ

Тарихдан маълумки, Қарши атамаси мўғулча сўздан олинган бўлиб, сарой деган маънони англатади. Аммо илгари шаҳар бу таърифга умуман мос тушмасди. Нураб бораётган пахса деворли хонадонлари, бетон плитали, ёзда одамни диққинафас қиладиган уйлари, бетонлаб ташланган майдонлари билан Қарши шаҳарни эмас, кўпроқ уқубатлардан юзини тарам-тарам ажин босган, ғаму андуҳдан қадди букчайиб қолган кимсани эслатарди. Ичимлик суви, газ, электр энергияси танқис, транспорт қатнови муаммо, одамлар дам олиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмаган, бор-йўғи тушликкача ишлайдиган 3-4 та ошхонаси бор бу шаҳарга ўшанда Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек жуда тўғри таъриф берганди:

Зериккандан зерикдим жуда,

Жулдур Қарши - дилгирлик кони...

Кейин, юртимизда истиқлолнинг илк эпкинлари энг аввал Қаршида сезилди. Юртбошимиз вилоятимизда биринчи раҳбар бўлиб ишлаган кезларида Қарши шаҳрида бир нечта иморатлар барпо қилинди. Аҳолининг турмушини яхшилаш, маданий ҳордиқ чиқариши учун шароитлар яратиш ҳақида жиддий қайғурилди.

Шукурки, мустақиллигимиз қўлга киритилгач, бу каби ўзгаришлар, ислоҳотлар бутун мамлакатни, барча соҳаларни қамраб олди. Ана шу эврилишлар, бунёдкорлик ишлари, ислоҳотлар самараси ўлароқ Ватанимиз гуллаб-яшнамоқда, юртдошларимизнинг юз-кўзида ҳаётидан, мамлакатимиз тинчлигидан, осмонимиз мусаффолигидан, дастурхонларимиз тўкинлигию бахтимиз тўкислигидан мамнунлик ифодаси. Бу Қарши шаҳри ва қаршиликларнинг бугунги қиёфасида янада ёрқинроқ намоён бўлмоқда.

РЕКЛАМАЧИ ДЎСТИМНИНГ ЭЪТИРОФИ

 Мана, ўзимдан мисол. Бир куни тошкентлик Низомиддин исмли курсдошим қўнғироқ қилиб, реклама агентлигида ишлаётганини, агентлиги бир катта компаниянинг рекламаларини жойлаштириш учун масъуллигини, реклама баннерларидан бирини Қаршига жойлаштириш учун келаётганини айтиб қолди.

- Эртага бораман. Баннер Қаршини гуллатиб юборишини кўрасан, - деди у ўзича мақтанган оҳангда.

Эртаси куни “Afrosiyob”да келди. Кутиб олдим. Низомиддин дарров поездни мақтай кетди:

- Бошида машинамда келмоқчи эдим, - дейди у. – Кейин Қаршигаям “Afrosiyob” қатнай бошлагани хаёлимга келиб қолиб, поездга чипта олдим. Биринчи марта чиқишим эди. Мақтаганларича бор экан. Яйраб келдим. Болалигимдаям бир марта Қаршига поезд билан келганман-да. Поезд роса 10 соатдан ошиқ юрган. Чайқалтириб-чайқалтириб олиб келгани эсимда. Шундан юрагим олиниб қолганди. Шунинг учун қўрқа-қўрқа чиққандим “Afrosiyob”га.   Лекин чиқдиму фикрим ўзгарди. Вагонлардаги  шароитга гап йўқ. Кейин, тасаввур қилгин, 511 километр масофани уч соатда босиб ўтди. Самолёт-ку бу. Қаршига қандай келганимни билмай қолдим.

Низомиддин “Afrosiyob”ни тўлиб-тошиб мақтаркан, уни Қаршида яна қандай мўъжизалар қарши олишидан хабарсиз экани шаҳарни айланишни бошлаганимизданоқ дарров билинди.

- Вау, Қаршими шу? - деди у ҳайратини яширолмай ҳали бир километр ҳам юрмасимиздан. – Мана бу нима, тўйхонами, Тошкентдаги энг зўр тўйхонадан ҳам қолишмайди-ку.

Кейин қатор тизилган бири биридан гўзал уйлар, бадиий гимнастика спорт саройи, ресторанлар, курант, савдо мажмуалари ва бошқа иншоотларни бир-бир томоша қиларкан, ҳар бирига алоҳида муносабат билдириб, ҳайратини яширолмасди.

Қаршининг бир нечта жойини кўриб бўлгач, бир кун аввалги мақтанчоқлиги эсига тушди шекилли, адашганини тан олди: “Мен баннерим Қаршини чиройли қилиб юборади, деб ўйлабман. Аслида Қаршидаги манзараларни суратга олиб, энг зўр мижозларимизнинг баннерини безашда фойдаланиш керак экан. Қарши дегани сароймиди? Ҳамма жойи номига мос бўлибди. Маданият саройи, спорт саройи, гимнастика саройи... Бундан ташқари, уйлар ҳам, ресторану меҳмонхоналар ҳам, ҳеч бири саройдан қолишмайди. Фавворали хиёбонлари ҳам саройларники каби”.

УЛКАН БУНЁДКОРЛИК МАЙДОНИ

Айтиш керакки, кўҳна Насаф мустақиллик йилларида ривожланишнинг янги-янги поғоналарига, илгари мутлақо тасаввур этиб бўлмайдиган даражаларига кўтарилди. Айниқса, шаҳарнинг 2700 йиллик қутлуғ тўйига тайёргарлик кўриш доирасида вилоятимиз марказида жуда катта кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, уларнинг миқёси нафақат юртдошларимиз, балки юбилей ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган нуфузли ЮНЕСКО ташкилоти вакилларини ҳам лол этди. Республика ҳукуматининг 2004 йил 29 сентябрдаги ва Президентимизнинг 2005 йил 26 июлдаги қарорларига мувофиқ Қарши шаҳрида тантаналар олдидан, атиги икки йил ичида шаҳарнинг тарихий қиёфасини тиклаш ва айни пайтда уни юртимизнинг энг гўзал ва кўркам шаҳарларидан бирига айлантириш учун астойдил ҳаракат қилинди ва бу жабҳада улкан натижаларга эришилди.

Кейин ҳам шаҳарда бир зум бўлса-да, бунёдкорлик ишлари сира тўхтагани йўқ. Ҳар йили қабул қилинадиган инвестиция дастурларига мувофиқ, ўнлаб ижтимоий соҳа объектлари қайта чирой очди, тадбиркорлар томонидан юзлаб савдо ва   маиший хизмат объектлари, кўнгилочар масканлар, тўйхонаю чойхоналар қурилди.

Юртбошимизнинг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги қарори ва вилоятимизда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастур Қаршидаги бунёдкорлик ишларини янги босқичга олиб чиқди. Шаҳар том маънода улкан бунёдкорлик майдонига айланди.

Бугун кейинги икки йилда янги қурилган ва қурилаётган, биринчи қаватидан турли маиший хизмат кўрсатиш объектлари, савдо дўконлари ўрин олаётган, Амир Темур даври меъморчилигига хос кошинлар билан безатилаётган кўп қаватли турар жой бинолари сони юзга яқинлашиб қолди. Шаҳарни айланиб ўтувчи 56 километрлик ҳалқа йўлининг ярмидан кўпроғи қуриб битказилди. Қарши кўплаб меҳмонхоналар, ресторанлар, сайргоҳ ва хиёбонлар билан бойиб бормоқда.

Эсимда, мустақилликнинг илк йилларида бирор ўртамиёна объект фойдаланишга топширилгудек бўлса ҳам жуда катта воқелик сифатида қабул қилинарди. Ҳозир-чи? Ҳозир айниқса Қаршида бунга табиий ҳол сифатида қаралади. Биргина 2015 йилни оладиган бўлсак, шаҳарда қирқдан ортиқ кўп қаватли турар жой, 44 та аҳолига маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси, 69 та савдо ва умумий овқатланиш объекти, 6 та сунъий қопламали стадион ва 24 та бошқа турдаги замонавий иншоотлар, 4 та ресторан, 3 та меҳмонхона фойдаланишга топширилди. Бу деярли йилнинг ҳар бир кунига биттадан объект тўғри келади, дегани. Энг муҳими, уларнинг ҳар бири чиройи, замонавийлиги билан бошқаларидан қолишмайди ва кўрган кишини ҳайрат кўчасига етаклайди.

ХХ асрга қадар Қарши шаҳрида савлат тўкиб турган 103 масжид, 50 дан зиёд мадрасадан собиқ иттифоқ даврида нари борса 4-5 таси қолдирилганди. Улар ҳам минерал ўғитлар омборига, қамоқхонага айлантирилганди. Шаҳарнинг 2700 йиллик тўйи арафасида ўша хўрланган тарихий-меъморий обидаларимиз – Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ мажмуаси, Одина, Кўкгумбаз, Хўжа Абдулазиз, Қиличбек, Бекмир, Шарофбой каби масжид ва мадрасалар, сардоба, қадимги ҳаммом каби 20 дан ортиқ тарихий обида бутунлай қайта чирой очди.

Масалан, собиқ тузум даврида қаровсизлигидан нураб бўлган Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ зиёратгоҳи бугун файзиёб гўшага айланган. Зиёратгоҳнинг барча объектлари - дарвозахона, таҳоратхона, маъмурий бино,  сағаналар, минора, мақбара, 2 та ҳовуз, ёзги айвон ва хўжалик иншоотларида катта ҳажмда олиб борилган қурилиш ишлари, ободонлаштириш тадбирлари бу даргоҳни муҳташам этди. Мажмуа ҳудуди 5,5 гектарга кенгайтирилиб, у ерда миллий ва замонавий меъморчилик намуналари ўзаро уйғунлашиб, ажойиб маскан ҳосил бўлди.

БОҒЛАР, МАЙДОНЛАР, ХИЁБОНЛАР – ФАРОВОНЛИК КЎЗГУСИ

Дарвоқе, хиёбонлар ҳақида. Низомиддинни Қашқадарё соҳилидаги хиёбон ҳаммасидан ҳам қизиқтириб қўйди. Икки  соатдан ортиқ у ерни айланди ҳамки, бошқа жойга борайлик, демайди. Катеру катамаранлардан, пляждан бир завқланса, атрофнинг гўзаллигию бу ерда сайр қилиб юрган одамларнинг кайфиятини кўриб ўн завқланади.

Юртимиз тарихига эътибор қаратадиган бўлсак, аслида бу ерда собиқ тузум даврига қадар ҳам оромгоҳ мавжуд эди.  Венгер ўлкашуноси Арминий Вамбери 1863-1864 йилларда Хива, Бухоро, Самарқанд шаҳарлари қатори Қаршида ҳам бўлган. Унинг “Ўрта Осиёга саёҳат” асарида Қарши шаҳри ҳақида маълумотлар учрайди. Хусусан, муаллиф “Қаршида оммавий оромгоҳнинг мавжудлиги мени жуда ҳайрон қолдирди. Бунга ўхшаш жойни на Бухорода, на Самарқандда, ҳаттоки Форсда ҳам учратмагандим. Мазкур оромгоҳ дарё бўйида жойлашган боғ бўлиб, у бир неча хиёбон ва гулзорларга эга”, дея таърифлайди. Арминий Вамберининг ёзишича, 1860-йилларда Қарши шаҳрида 10 та карвонсарой, катта бозор, шаҳар аҳолиси дам оладиган боғ бўлган.

Мустақиллик туфайли соҳил бўйи аслиятига қайтди. Қайтганда ҳам энг замонавий кўринишда, жуда нозиктаъб, юксак дидли сайёҳни ҳам лол қиладиган даражада гўзал бўлиб қайтди.

Шаҳарда илгари бетонлаб ташланган совуқ майдонлар ўрнини яшилликка бурканган сайргоҳлар эгаллади. Ҳар бир ҳудудда яшил майсазорлар, рангин фавворалар бунёд этилди. Мустақиллик майдони, Наврўз, Темирйўл, “Мотамсаро она”, Эски шаҳар, вилоят театри олди хиёбонлари, Алишер Навоий номли ва болалар истироҳат боғлари ҳам ҳақиқий дам олиш масканига айлантирилди. Бугун бу гўшалардан одам аримайди. Бахтдан энтиккан дилларда эса саодатга йўғрилган кунларга шукрона мужассам.

БАРКАМОЛ АВЛОД ОРЗУСИНИНГ РЎЁБИ

Олий таълим муассасасида бирга ўқиганимиз учун ёшлиги эсига тушиб қолди чоғи, Низомиддин Қарши давлат университетини кўрмоқчи бўлди. Бундан хурсанд бўлиб кетдим. Чунки университетда мақтанса арзигулик ишлар бўлган.

Умуман олганда, истиқлол бизга берган имкониятлар ҳақида сўз борганда, ёшлар камолоти йўлида амалга оширилган ишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмасликнинг сира иложи йўқ. Бугунги университет ана шу ишларнинг, таълим тизимидаги кенг кўламли ишларнинг маҳсули. Кейинги йилларда бу ерда катта ҳажмда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Қарши давлат университети учун 1500 ўринли, умумий қиймати салкам 20 миллиард сўмлик янги ўқув биноси, 300 ўринли ахборот-ресурс маркази, ёпиқ спорт зали қуриб берилди. Бундан ташқари, талабалар учун 5 та турар жой, 230 ўринли ўқув биноси мукаммал таъмирланди. Қарши шаҳрини ривожлантириш   дастурига киритилган “Университет хиёбони” қурилиши якунланди. Кейинги 3 йилда биргина университетда қурилиш ва таъмирлаш учун 40 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Бугун университетда 7 та талабалар турар жойи, 550 ўринга мўлжалланган 2 та ошхона, 310 ўринли 3 та буфет, спорт билан шуғулланиш учун 2 та ёпиқ спорт зали ва 2 та очиқ стадион ёшлар хизматида.

Олий ўқув юртида 55 минг китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, замонавий компьютерлар билан таъминланган ахборот технологиялари маркази, видеопроектор ва электрон доска билан жиҳозланган ўқув хоналари, лингафон синфи, ўқув лаборатория хоналари талабаларга сифатли билим бериш, малакали ва рақобатдош мутахассисларни тайёрлашга қаратилган.

Бугун Қаршида бу университетдан ташқари яна 2 та олий ўқув юрти фаолият кўрсатмоқда. Шаҳарда кейинги йилларда 16 та касб-ҳунар коллежи (13 таси капитал реконструкция, 3 таси янги қурилиш) ва 5 та академик лицей, 4 та янги мактаб қурилди. Мактаблар учун янги бинолар, спорт заллари барпо қилинди. Таълим муассасаларидагидан ташқари 22 та мини футбол майдони, 3 та стадион ишлаб турибди.

Шаҳардаги 20 та тиббиёт муассасасида аҳолининг саломатлигини таъминлаш, уларнинг тиббий маданиятини ошириш учун барча имкониятлар яратилган. Шунингдек, Қаршида ўнга яқин хусусий тиббиёт муассасалари ҳам фаолият юритмоқда ва мижозлари ишончини қозониш мақсадида хизмат сифатини юксалтиришга интилмоқда.

АЗМИ ҚАТЪИЙ ТАДБИРКОРЛАР  ШИЖОАТИ

Низомиддин “3D”, “4D”, “5D”, “7D”, “Wi-Fi zona VIP” каби ёзувларни ўқир, замонавий кафе, ресторанлар, ноёб қурилиш материалларидан бунёд этилган, шаҳарнинг тароватига тароват қўшиб турган иншоотларни кузатар экан, қаршилик тадбиркорларнинг дидига қойил қолди.

- Ҳеч қайси иншоот бир-бирини такрорламайди, ҳаммасида ўзига хослик, замоннинг ва миллийликнинг уйғунлиги бор. Ажойиб! - дейди у.

Дарҳақиқат, тадбиркорларнинг диди замон билан ҳамнафас, фаровон турмушимизга монанд ўсиб бормоқда. Бугун Қаршида 1100 дан ортиқ субъектда умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият кўрсатилаётган бўлса, тадбиркорлар ўзларига қарашли супермаркетдан тортиб, кичик бир савдо дўконини ҳам, 400 ўринли ресторандан тортиб, нонушта учун мўлжалланган кичиккина кафени ҳам мижозларнинг дидига мос қилиш, унда хизмат кўрсатиш сифатини жаҳон андазалари даражасида йўлга қўйиш ҳаракатида.

Шунингдек, тадбиркорлар шаҳарнинг иқтисодий салоҳияти юксалишига, ишлаб чиқариши кенгайишига ҳам катта ҳисса қўшишаяпти. Бунда уларга юртимизда тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар, берилган имтиёзлар, солиқ, божхона соҳасидаги енгилликлар қўл келмоқда. Ана шундай имтиёзлардан бири бўш турган давлат мулки объектларининг тадбиркорларга “ноль” қийматида берилишидир. Бунинг натижасида тадбиркор бино қуриш учун сарфлайдиган пулини замонавий ускуналар олиб келиш учун ишлатди. Мана, “Premium capital group” масъулияти чекланган жамиятини олайлик. Бу корхона мулкдорлари фойдаланилмаётган боғчани 1 миллиард 800 миллион сўм инвестиция киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида олди. Шу пулни технология олиб келишга ишлатди. Натижа нима бўлди? Эндиликда корхона йилига қарийб 500 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқариш қувватига эга. Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилгани натижасида 50 та янги иш ўрни яратилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар эвазига шаҳарда саноат ишлаб чиқариши йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Маълумот учун бир рақамни келтириш кифоя. Агар 1999 йилда Қарши шаҳрида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 23 миллиард 665 миллион сўмликни ташкил этган бўлса, 2015 йилда бу рақам 1 триллион 560 миллиард 894 миллион сўмга етди.

КЎЧАЛАР, КЎЧАЛАР, ОЙДИН КЎЧАЛАР...

Шаҳар бўйлаб кезаркансиз, унинг кўчалари беихтиёр ўша машҳур қўшиқни ёдингизга солади. Мустақиллик йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида йўл-транспорт коммуникациясини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишларнинг самараси Қаршида яққол сезилган. Текис бўлишини таъминлаш учун баъзи жойлари ердан анча кўтарилган ҳалқа йўлию кенг ва ҳар томонлама қулай бўлаётган, шаҳарни Шаҳрисабз билан боғлайдиган “бетонка”ни қўя турайлик. Қаршининг ичидаги кўчалар ҳам тобора кенгайиб, равонлашиб, ўзимизда чиқаётган “Равон” автомобилларига муносиб бўлиб бормоқда. Замонавий тунги ёритқичлар, турли инфратузилма объектлари уларнинг тароватига тароват қўшаяпти. Шинам ойнаванд бекатлар, туманлар билан боғланадиган йўлларда барпо бўлаётган автошоҳбекатлар уларга зеб бераяпти. Бир пайтлар Қаршининг ичида у ёқдан, бу ёққа бориш учун ҳам 4-5 та йўналишда қатнайдиган, шалоғи чиққан “Лазик” ёки “Пазик”ни ярим соатлаб кутган бўлсангиз, бугун 40 дан ортиқ йўналишда замонавий йўналишли таксилар  фаолият юритмоқда.

Гапнинг сирасини айтганда, Қаршида истиқлол ва у туфайли амалга оширилган ислоҳотларнинг самараси бутун бўй-басти билан намоён бўлаяпти. Ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари шу қадар кўпки,бир-икки кунда уларни шунчаки томоша қилишга ҳам улгуриб бўлмайди. Энг муҳими, бу ўзгаришлар одамларнинг онгу тафаккурида ҳам аксланмоқда. Уларни янада ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишга, ислоҳотлар ижросининг энг олди қаторида бўлишга ундамоқда.

Толиб ТЕМИРОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!