Меню
Қашқадарё
"ҚАРШИ" САНАТОРИЯСИ ИШ БОШЛАДИ
Мазкур муҳим воқеа - "Қарши" санаторияси очилиши муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, нуронийлар, узоқ йиллик меҳнат тажрибасига эга тиббиёт соҳаси жонкуярлари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда юртимизда кексалар ва ногиронларнинг турмуш даражаси ва сифатини оширишга эътибор юқори. Уларнинг пенсия таъминоти ва ижтимоий мадад тизими такомиллаштирилгани, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш ҳамда касалликларни даволашнинг замонавий усулларидан баҳраманд бўлиши учун шароит яратиб берилаётгани фикримиз исботидир.
Айниқса, Президентнинг 2016 йил 28 декабрдаги "Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилиниши ҳам бу масалага қай даражада аҳамият қаратилаётгани далилидир. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида шу кунгача кўплаб ишлар амалга оширилди.
- Давлат раҳбари қарорида бепул тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими доирасида кексалар, ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийларини соғломлаштиришни таъминлаш масаласига алоҳида урғу берилган, - дейди "Қарши" санаторияси бош шифокори Шавкат Мамадиев. - Айни шу мақсадда 2017-2019 йилларда республика бўйича фақат уч ҳудуд - Бухоро, Хоразм вилоятлари, шу жумладан, Қашқадарёда ҳам санатория ташкил этиш топшириғи берилганди. Бу ташаббус тез фурсатда рўёбга чиқди. Муассаса моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 340 миллион сўмдан кўп маблағ ажратилди. Стоматология, ультратовуш аппаратлари, 14 хил турдаги физиотерапевтик тиббиёт ускуналари олиб келинди. Муассасамизда бир мартада 120 нафар кишига махсус йўлланма асосида бепул хизмат кўрсатилади.
Санаториянинг очилиш маросимида театрлашган бадиий қисм ҳам намойиш этилди. Дилтортар куй-қўшиқлар, ўйин-кулги тадбирга ўзгача шукуҳ қўшди.
М.ШУҲРАТОВ
Собир Нарзиев олган суратлар.