Меню
Қашқадарё
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида IT-парк инкубация маркази иш бошлади
Стартап экотизимини ривожлантириш, муассасани республика иқтисодиёти соҳасида етук кадрларни тайёрлайдиган, чуқур илмий-амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга оширадиган, илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштирадиган олий ўқув юртига айлантириш мақсадида ташкил этилган мазкур марказда 2 та – ўқув ва амалий машғулотлар хонаси мавжуд бўлиб, 55 та компьютер жамланмаси, тақдимот доскалари, телевизорлар ва бошқа технологик қурилмалар билан жиҳозланган.
– Президент Шавкат Мирзиёев ўтган ойда вилоятимизга ташрифи давомида Қарши шаҳридаги IT-технопаркда ҳам бўлиб, у ерда веб-дизайнерлар, дастурчилар ва робототехниклар учун яратилган шароитлар билан танишган, ёш дастурчилар лойиҳаларини янада ривожлантириш, янги дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш режаларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берган эди, - дейди институт ректори Орифжон Бозоров. – Муассасамиздаги марказ шу мақсад рўёби йўлида ташкил қилинди. Бу ерда илғор бизнес ғоялар ва инновацион ишланмаларни мониторинг қилиш, танлаш ва инкубация қилиш, ёшлар бизнес ва стартап жамоаларини шакллантириш, IT-технологиялар бўйича интерактив курслар ташкил этиш ва техник хизмат кўрсатиш амалга оширилади. Бундан ташқари, марказ консалтинг хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, шартнома асосида рақамли иқтисодиёт, нефть-газ, энергетика, кимё технология ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб бориш, халқаро грантлар, илмий-тадқиқот лойиҳалари танловлари ва конференцияларда иштирок этиш билан ҳам шуғулланади.
Марказнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳам иштирок этиб, талабалар ҳамда ёш олимлар томонидан тайёрларган IT лойиҳалар билан танишди. Аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш ва даромадни ошириш, Шаҳрисабз туманида ички туризмни ривожлантириш учун рекрецион ҳудудларнинг топонимик харитасини яратиш, arm.qmii.uz электрон ахборот-кутубхона тизими каби лойиҳалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.