Меню

Қашқадарё

30.06.2018 1744

ҚАРШИ МАГИСТРАЛЬ КАНАЛИ ТАЪМИРТАЛАБМИ?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” социал демократик партияси фракцияси раҳбари Наримон Умаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдуғани Умиров ҳамда Жамшид Пирматов ҳам вилоятимизнинг Касби, Қамаши, Нишон, Ғузор, Қарши туманларида бўлиб, бу борадаги аҳвол билан яқиндан танишди. Сув хўжалиги мутахассислари, деҳқон ва фермерлар билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича изчил чоралар кўришди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, айни вақтда вилоятда 152 та сув истеъмолчилари уюшмаси фаолият юритаётган бўлиб, улар шартнома асосида деҳқон ва фермер хўжаликларига сув етказиб беради. Ушбу уюшмалар фаолияти ўрганилганда, фермер хўжаликлари ва уюшма ўртасидаги шартнома шартлари амалда бажарилмай қолиб кетаётгани аниқланди. Ҳолат юзасидан уюшма мутахассисларининг тушунтириш беришларича, улар томонидан кўрсатилган хизматлар учун ҳақ ундириш тартибини аниқ белгилаш ҳамда бу борада республика бош прокуратураси ҳузуридаги МИБ томонидан амалий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш лозим. Шундагина уюшма томонидан кўрсатиладиган хизматларни замонавий тарзда ташкил этиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, депутатлар томонидан Қарши магистраль каналининг бугунги ҳолатига эътибор қаратилди. Соҳа мутахассислари томонидан таъкидланишича, каналнинг қўшни Туркманистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи қувурлари аллақачон таъмирталаб бўлиб қолган. Бу эса сувни тўла қувват билан ҳайдашга тўсиқ бўлмоқда. Депутатлар томонидан ушбу муаммо ўрганиб чиқилиб, тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан бу борада мулоқотлар олиб борилди. Сув танқис бўлган бир шароитда мазкур объектни мукаммал ва тезкор таъмирлаш зарурлиги қайд этилди. Натижада Қарши магистраль каналининг белгиланган қисмини таъмирлаш учун кетадиган 12 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Депутатлар томонидан  жорий йилдаги сув танқислиги оқибатларини  юмшатиш, ғўзада кафолатли ҳосил яратиш юзасидан вилоят деҳқонлари олдида турган вазифалар,  мамлакат миқёсида кўрилаётган чора-тадбирлар бўйича фермерлар, томорқа ер эгалари ва кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ҳудудларда ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Умарбек ҲАЙДАРОВ,

“Адолат” социал демократик партияси вилоят кенгаши мутахассиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!