Меню
Қашқадарё
ҚАРШИ-КИТОБ ЙЎНАЛИШИДА ТЕЗЮРАР ПОЕЗД ҚАТНОВИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАДИ
Қайд этиш жоиз, мазкур қарорда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг 18,58 миллион АҚШ доллари ва “Ўзбекэнерго” АЖнинг 7,31 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ўз маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2018 йилга мўлжалланган параметрларида кўзда тутиладиган марказлашган инвестициялар маблағлари (50 миллиард сўм) ҳамда Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 18,92 миллион АҚШ долларилик кредити ушбу инвестициявий лойиҳани молиялаштиришнинг асосий манбалари сифатида кўрсатилган.
Ҳужжатда белгиланишича, инвестициявий лойиҳа реализацияси бир босқичли тартибда амалга оширилади. Бу жараён лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини ишлаб чиқишни ҳам ўз ичига олади. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ лойиҳага жалб қилинаётган кредитнинг мақсадли ишлатилиши ва пудрат ишларининг самарали бажарилиши учун жавобгар ижро органи вазифасини адо этади.
Шунингдек, инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқариш мобайнида ташқи электр энергияси таъминоти объектларини лойиҳалаш ва қуриш ишлари “Ўзбекэнерго” маблағлари ҳисобидан бажарилиши белгиланган.
Бундан ташқари, қарорда “Қарши-Китоб” темир йўли линиясини электрлаштириш ҳамда ташқи электр энергияси таъминоти объектларини қуриш бўйича бош буюртмачилар, бош лойиҳачи ташкилотлар, бош пудратчи ташкилотларга ҳам аниқлик киритилган. Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Ўзбекэнерго” АЖ лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш давомида ишлаб чиқарувчилар ёки уларнинг расмий дилерлари билан, тендер савдоларини ўтказмасдан туриб, ускуна ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва узеллар етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш имконига эга бўлган.
Айтиш жоизки, мазкур ҳужжатда лойиҳа иштирокчиларига бир қатор имтиёзлар қўлланилиши белгиланган. Жумладан, улар лойиҳа доирасида 2019 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари), бир қатор солиқлар ва мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилган.
Шунингдек, қарорга мувофиқ, вилоят ҳокимлигига ҳам бир қанча вазифалар юкланган. “Қарши-Китоб” темир йўли линиясини электрлаштириш билан боғлиқ объектларни барпо этишга ер участкалари ажратиш, пудрат ишлари олиб бориладиган ҳудудда яшовчи фуқароларни белгиланган муддатда кўчириш, уларга етказилган зарар учун компенсация пулларини тўлаб бериш назарда тутилган.
Соҳада амалга оширилаётган бу каби ишлар темир йўл транспортидан фойдаланишда аҳолига янада кенгроқ қулайликлар яратиш, йўловчи ва юк ташиш сифатини ошириш, замонавий талаблар асосида хизмат кўрсатиш ташкил этилишига замин ҳозирлайди.
МИРЖАҲОН