Меню

Қашқадарё

10.11.2018 1825

ҚАРШИ ХАЛҚАРО АЭРОПОРТИ ЁПИЛАДИМИ?

Мана, орадан оз эмас, кўп эмас, нақ 10 ойга яқин вақт ўтди. Шунча вақт ичида айтилган концепция ишлаб чиқилиб, 1 июлдан бери ўтган 5 ой ичида аэропортда ҳам илк ўзгаришлар кўзга ташланиши керак эди. Бироқ бунинг ўрнига “аэропорт ёпилармиш” деган ҳар хил гап-сўзлар пайдо бўлгани табиийки кишини ажаблантиради.Хўш, қарорда белгиланган талаблар қачон бажарилади? Концепцияда нималар акс этган? Қаршидаги аэропортга қандай лоукостер авиакомпаниялар жалб қилинди?

Шу жойда айрим нарсаларга аниқлик киритиб ўтсак. “Очиқ осмон” режими нима ўзи? Бу шундай режимки, унга амал қиладиган аэропортга хорижий авиаташувчилар ҳеч бир чекловларсиз парвозларни амалга ошириш имконига эга бўлади. Яъни бундай режимдаги аэропорт исталган авиакомпания самолётларини қабул қилиши мумкин. Масалан, Россияда Сочи, Владивосток ва Калининград аэропортлари ана шундай режимда иш олиб бориб, ҳисоб-китобларга кўра, бундай тартибнинг юртимизда ҳам йўлга қўйилиши йўловчилар оқимини камида   25-30 фоизга ошириши мумкин экан. Аҳамиятли томони шундаки, мамлакатимизда “очиқ осмон” режимини жорий этиш бўйича илк лойиҳа Қаршида амалга ошиши керак эди.

Энди “лоукостер” нималигини билиб олсак. У сўзма-сўз “паст, арзон нарх” маъносини бериб, бунда йўловчиларга нархи арзон, сервиси ҳам шунга яраша самолётлар таклиф қилинади. Албатта, кўпчиликка бундай самолётлар ҳар жиҳатдан маъқул келиши тайин. Дейлик, овқат ёки чойсиз бўлсаям, камхарж ҳолда манзилига етиб олишни истайдиган кишилар истаганча топилади. Демакки, қарордан кўзланган мақсад ҳам аҳоли манфаатларига қаратилган.

Бироқ бу бўйича шу пайтгача бирор иш қилинганича йўқ: Қарши халқаро аэропорти на “очиқ осмон” режимига ўтди, на бирор арзон нархлардаги йўналиш йўлга қўйилди. “Қарши халқаро аэропорти” ДУК директори Ўктам Қурбонназаровнинг айтишича, бу бўйича ҳозирча ҳеч қандай амалий ишга қўл урилмаган. Чунки аэропорт ҳали бундай имкониятларни йўлга қўйишга тайёр эмас. Ишлар аввалги ҳолида давом этмоқда. Миллий авиакомпания бу борадаги имкониятларни ўрганиб, кейин консервация қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритган, аммо у ҳам ҳали тасдиқланганича йўқ.

Демак, аэропортнинг янги режимга ўтишию консервация қилиниши бўйича аниқ тўхтамга келинмаган. Ғалати жиҳати, Президент қарорида консервация бўйича бирор гап айтилмаганди. Шу ўринда бир савол туғилади: Қарши халқаро аэропорти консервацияга нечоғлик муҳтож?

Биламизки, маълум муддат зарар кўриб ишлаган корхона консервация қилинади – ривожлантириш чоралари кўрилади. Уни бажариш муддати – 24 ой, яъни 2 йил. Аслида эса юқорида номи келтирилган ҳужжатнинг ўзи консервацияни назарда тутарди, яъни янги тартиб натижасида самарадорлик камида 25-30 фоиз ошиши аниқ эди. Майли, ҳозирча буни йўлга қўйиш имкони йўқ экан, бироқ консервация учун белгиланган 2 йил давомида Қарши халқаро аэропортининг 250 ходимдан иборат каттагина жамоаси қандай фаолият билан шуғулланади? Ойликни қаердан олади?

- Агар консервация бўладиган бўлсаям, асосий ходимлар иш билан таъминланади, - дейди Ўктам Қурбонназаров. – Бошқа шаҳарлардаги, масалан, Самарқанд, Бухородаги аэропортлардан иш топиб берилади. Лекин бу бўйича ҳали ҳеч қандай гап йўқ, олдиндан ҳеч нарса деб бўлмайди.

Бу борадаги ўрганишларимиз шундай тусмолга ўрин бераяптики, “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда       белгиланган талабларни бажариш учун инвестор топилмаган, натижада “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси аэропортни ривожлантириш таклифлари ўрнига осон йўлдан боришни маъқул кўрган, яъни 2018 йилнинг 5 июлида тасдиқланган амалий тадбирлар режаси – “йўл харитаси”нинг 2-бандига мувофиқ, “Кам талаблиги муносабати билан “Қарши халқаро аэропорти” давлат унитар корхонасини консервация қилиш” таклифи илгари сурилган.

Энди бир ўйлаб кўринг: катта бир халқаро аэропорт 2 йилга ёпилсаю, юзлаб ходимлар ишсиз қоладиган бўлса, ким ҳам бунга индамай қараб турарди? Шундан келиб чиқиб, аэропорт ишчи-хизматчилари қатор мутасадди ташкилотларга ариза йўллаб, Қарши халқаро аэропорти ҳар қандай рейсни қабул қилиш имконига эга экани, малакали мутахассислар мавжудлиги, аэровокзал охирги стандарт талаблари бўйича таъмирланганию йўловчиларга барча шарт-шароит етарлилигини кўрсатиб, амалий таклиф сифатида авиарейслар сонини кўпайтириш зарурлиги, шунда аэропорт фойда кўриб ишлаши мумкинлигини айтишган.

Маълумотларга кўра, 2011-2015 йилларда авиарейслар сони етарли даражада бўлгани сабабли аэропортнинг ойлик даромади миллиардлаб сўмгача кўтарилган. Аммо йўловчилар талабига яраша авиарейслар сони кўпайтирилмагани ишлар орқага кетишига сабаб бўлган. Шунинг учун айримлар МДҲ ва чет давлатларга бориш учун Тошкент, Самарқанд ва Бухоро аэропортларидан учишга мажбур бўлган. Қолаверса, “Московия”, “VIM авиа”, “Пулково” авиакомпанияларининг банкротга учраши ҳам авиарейслар сони камайишига олиб келган.

Ариза важлари қаноатлантирилганми, ё бу аввалдан режага киритилганми, ҳар ҳолда август ойидан Қарши халқаро аэропортида рейслар сони 1 тадан 4 тага кўпайтирилган ва ҳафтанинг пайшанба ва шанба кунлари Россиянинг Домодедово, сешанба ва якшанба кунлари Шереметьево аэропортларига мунтазам қатнов йўлга қўйилган.

Рақамлар ҳам бирданига “сакраган”: Қарши халқаро аэропорти шу йилнинг январь ойида 875 миллион, февралида 539 миллион сўм зарар кўриб ишлаган бўлса, сентябрь ойида кўрилган соф фойда 1 миллиард 26 миллион, октябрда эса 2 миллиард 753 миллион сўмга тенг бўлган.

- Биринчи ярим йилликда аэропорт иқтисодий фаолияти 3 миллиард 885 миллион сўм зарар билан якунланганди, - дейди Қарши халқаро аэропорти бош иқтисодчиси Машҳура Қобилова. – Албатта, рейслар сонининг кўпайгани, асосан чет эл авиакомпанияларининг самолётлари учаётгани даромад ошишида асосий омил бўлаяпти.

Бундан кўринадики, фойда кўриб ишлаётган корхонага энди консервациянинг ҳеч қандай кераги йўқ. Шу жойда кўнгилда бир иштибоҳ-шубҳа ҳам пайдо бўладики, балки Қарши халқаро аэропортини консервацияга олишда, унинг 2 йил давомида ишламай туриши ва “яхлатилган” ҳолда нархи анча тушган аэропортга инвестор ҳам топилиши мақсад қилингандир, бу борада фақат тахмин қила оламиз, холос. Ваҳоланки биргина рейслар сонининг кўпайтирилиши аэропортни фойда кўриб ишлайдиган корхонага айлантириши мумкин экан. Яна бир гапки, лоукостер авиакомпанияларининг орага киришидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ҳеч ҳам манфаатдор эмас: чунки у бир билет нархини бир ярим миллион сўм деб турган пайти лоукостер ташувчи бир миллион сўм таклиф қилиб турса, Миллий авиакомпания бу рақобатга дош беролмай қолиши мумкин.

Сўзимизнинг бошидаги саволга қайтадиган бўлсак, Қарши халқаро аэропорти ёпилмайди. Ҳозирча... ёпилмайди. Президент қарори ижроси эса, кўриб турганингиздек, ҳали-бери бажариладиганга ўхшамаяпти. Ҳолбуки унда кўзда тутилган чора-тадбирлар самарасида юртимизнинг туризм имкониятлари янада ошиши, аҳоли учун қулайлик яралиши тайин эди. Афсуски, қарорнинг Қарши халқаро аэропортига тегишли қисми гўёки   ЎЗ КУЧИНИ ЙЎҚОТГАН каби турибди. Янаям ким билади: балки консервацияга тушиб қолса ва бир неча йил ишламай ётса, “очиқ осмон” режимию лоукостер авиакомпанияларни жалб этадиган “ҳимматли” инвестор топилиб қоладими?.. Ҳозирча эса “аэропорт консервация учун ёпилади” деган хабарга “демак, у янада замонавийлашади”, деганларнинг эмас, афсус билан бош чайқаб қўйиб муносабат билдирганларнинг иши тўғрига ўхшаяпти...

Б.ЎКТАМ

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!