Меню
Қашқадарё
Қарши экологик барқарор шаҳарлар рейтингида қандай қилиб 4-ўринни эгаллади?
Мезон
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Иқлим ўзгариши миллий маркази Ўзбекистоннинг экологик барқарор шаҳарлари рейтингини эълон қилди.
14 та маъмурий марказнинг экологик барқарорлиги рейтинги еттита мезон - ҳаво сифати, ердан фойдаланиш, сув, транспорт, энергия, чиқиндилар ва санитария кўрсаткичлари асосида шакллантирилди.
Умумий рейтингда вилоятимиз маркази - Қарши шаҳри 100 баллдан 57,25 балл тўплаган ҳолда нисбатан юқори - тўртинчи ўринни эгаллади. Бу борада воҳамиз бош кентидан фақат Наманган (62,29 балл), Самарқанд (61,13) ва Навоий (59,5) шаҳарлари устун келди.
Бироқ Қарши шаҳрининг алоҳида ҳар бир мезон бўйича эришган натижаларига назар ташласак, кўрсаткичларнинг ҳаммаси ҳам ижобий эмаслиги кўзга ташланади. Масалан, ҳаво сифати бўйича вилоятимиз маркази 11-ўринда, санитария ҳолати бўйича 12-ўринда, сув бўйича эса охирги 14-ўринда қолиб кетган.
Ердан фойдаланиш ва транспорт мезонлари бўйича Қарши шаҳри 2-ўринни банд этиб, чиқиндилар ва энергия кўрсаткичлари бўйича рейтингнинг 6-қаторидан жой эгаллаган. Шу йўналишлардаги баллар ҳисобидан Қарши шаҳри умумий рейтингда 4-ўринга кўтарилган.
Иқлим ўзгариши миллий марказининг маълум қилишича, ушбу рейтингни шакллантиришдан мақсад шаҳарларнинг экологик кўрсаткичлар комплекс жамланмасидан фойдаланган ҳолда баҳолаш орқали уларнинг барқарор ривожланишини яхшилаш ва яшаш учун қулайлигини юксалтиришдир.