Меню

Қашқадарё

17.11.2020 3005

ҚАРШИ ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИДА ТИББИЁТ ФАКУЛЬТЕТИ ОЧИЛАДИ

"Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармонига асосан 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб: Қарши давлат университети; Жиззах давлат педагогика институти; Навоий давлат педагогика институти; Гулистон давлат университетида тиббиёт факультетлари ташкил қилинади.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан хабар тарқатилди.

Очиқ тан олиш керак, Қашқадарёда турли ихтисосликдаги шифокорлар етишмовчилиги куни кеча пайдо бўлган муаммо эмас. Шундан келиб чиқиб, бир неча йилдан буён давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида мақсадли қабул параметрлари бўйича ҳудуддаги эҳтиёждан келиб чиқиб, мамлакатдаги тиббиёт йўналишидаги  ОТМлардан алоҳида квота ажратиб келинаяпти.

Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёев 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарёга қилган ташрифнинг иккинчи куни Қарши шаҳрида вилоят фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳам шу хусусда тўхталиб, тор соҳалар бўйича 257 нафар, бирламчи бўғинда 855 нафар шифокор етишмаслиги, ҳудудда қўшимча 18 та оилавий поликлиника ва 30 та оилавий шифокорлар пунктига талаб мавжудлиги, ҳар бир оилавий поликлиникага ўртача 25-30 минг нафардан фуқаро тўғри келиши лозим бўлса-да, вилоятда бу кўрсаткич 90 мингтани ташкил этаётганини таъкидлаганди.

Шубҳасиз, Қарши давлат университетида тиббиёт факультети очилиши келгусида вилоят тиббиётидаги шифокорлар етишмаслиги муаммосининг юмшашига хизмат қилади.

Гувоҳи бўлганмиз, Қашқадарёда тиббиёт йўналишида олий таълим олиш имкониятини яратиш таклифи узоқ йиллардан буён юқори ташкилотларга бериб келинган. Аммо уларда ўқитишни ташкил этиш, тиббиёт соҳаси педагоглари билан таъминлаш масаласида аниқ ечимга келинмагани боис, иш ортга сурилиб кетаётганди.   

Фармонда бунга ҳам аниқ ечим берилиб, янги очиладиган тиббиёт факультетлари ва бошқа тиббий олий таълим муассасаларида етакчи хорижий тиббиёт олий таълим ташкилотлари билан қўшма дастурлар асосида ўқитиш тизими жорий қилиниши белгиланган.

Шунингдек, тиббиёт олий таълим ташкилотларининг вилоят тиббиёт муассасалари, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда клиник базалари ташкил қилиниши ва уларнинг битирувчи курс талабалари ушбу клиник базаларда ўқув амалиётини ўташи кўзда тутилаяпти. 

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида фармонга асосан:

Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежларида оилавий шифокорлар ёрдамчиларини тайёрлаш тизими жорий қилинади. Бунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари ва таклифларига асосан техникумлар ва коллежларда оилавий шифокорлар ёрдамчиларини тайёрлашнинг мутлақо янги тизимини жорий қилади;

Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга бириктирилади, уларнинг ўқувчилари ихтисослигидан келиб чиқиб ушбу муассасаларда амалиёт ўтайди.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!