Меню

Қашқадарё

04.08.2022 4770

Қарши давлат университетида - касбий (ижодий) имтиҳонлар

Мамлакатимиздаги 46 та олий таълим муассасасида бўлгани сингари Қарши давлат университетида ҳам 2022-2023 ўқув йили қабули жараёнидаги касбий (ижодий) имтиҳонлар давом этмоқда.

Бу йил университетга спорт фаолияти: футбол (кундузги, сиртқи), волейбол (кундузги, сиртқи), енгил атлетика (кундузги, сиртқи), кураш (кундузги, сиртқи), дзюдо (кундузги, сиртқи) ва дизайн: либос ва газламалар (кундузги) бакалавр таълим йўналишларига 1234 нафар абитуриентлар ҳужжат топширди.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар Қарши давлат университети марказий стадиони, спорт заллари ва санъатшунослик факультети биносида бўлиб ўтмоқда. Ҳар бир йўналиш бўйича имтиҳонлар бўлиб ўтаётган ҳудудларда абитуриентларнинг ўз салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун барча шарт-шароитлар ҳозирланган.

Шунингдек, имтиҳонларни адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш учун 24 соат узлуксиз ишлайдиган видеокузатув мосламалари ўрнатилган бўлиб, жараёнларни онлайн кузатиб бориш имконияти яратилди. Абитуриентларнинг ота-оналари, яқинлари учун кутиш заллари ва имтиҳон хоналари замонавий совутгичлар билан жиҳозланган. Имтиҳон натижалари шу куннинг ўзида олий таълим муассасасининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ёритилмоқда.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, коррупцияга қарши курашиш комплаенс-назорат тизимини бошқариш бўлими масъул  вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан кузатиб борилмоқда.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар абитуриентлар учун энг масъулиятли ва ҳал қилувчи паллани бошлаб берди. Бундай имтиҳонлар жорий йилнинг 10 августига қадар ўтказилади ва бу давр оралиғида алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларида энг муносиблар сараланади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!