Меню

Қашқадарё

30.11.2017 2046

ҚАРШИ ДАШТИДАН САДО КЕЛДИ

Кўпчилик яхши биладики, пахта териш мавсуми айни пайтда танишиш, дўстлашиш айёми ҳам. Йигирма беш талаба юртимизнинг деярли барча вилоятларидан эди. Жуда аҳил ва иноқ бўлиб кетдик. Зиёуддин тарафларда декабрнинг йигирмасига қадар этак судраб, сўнг Пастдарғомга ҳашарга жўнатилдик. Ўша даврларда ҳашар дегани роса чўзиларди. 3 январда ҳам “Москва” деб аталувчи хўжалик далаларидан кўрак терганимиз ёдимда.

Касби туманидаги Хўжа Ҳайрон қишлоғидан бўлган ҳамсабоғимиз Тошниёз Рўзибоев киришимли, тезда эл бўлиб кетадиган йигит эди. Мен тарозибонлик қилар, у эса терилган пахталарни аравага (ҳали тележкалар йўқ эди) юклашга кўмаклашарди. Бўш пайтлари хирмон устига чўзилиб суҳбатлашардик. Тошниёз Самарқандда тоғаси ишлашини, шоир эканлигини, таништириб қўйишини айтарди.

Бу танишув 1959 йил баҳорига тўғри келди. Факультетимиз билан вилоят газетаси таҳририяти жойлашган бино битта кўчада бўлиб, масофа яқин эди. Тошниёзнинг тоғаси Нормурод Нарзуллаев бўлиб, рўзномада маданият бўлими мудири вазифасида ишлар экан.

Нормурод ака жуда хушчақчақ, истараси иссиқ, самимий киши экан. У киши домлаларимиз ҳақида яхши фикрлар айтиб, улардан сабоқ олиш катта бахт эканлигини таъкидлади. Шундан кейин, университетда бўладиган учрашувларда худди ака-укалардек кўришиб, гаплашиб турадиган бўлдик.

Гуруҳимизда шеър ва ҳикоялар ёзадиган Эркин Неъматов, Муҳаммад Саломов сингари талабалар бор эди. Кейинчалик таниқли шоир даражасига кўтарилган Барот Бойқобилов юқори  босқичда таҳсил олар, ижодий тўгаракларда ташаббускор эди. Домлалардан Сайдулла Мирзаев ёш ижодкорлар билан ишлашни йўлга қўйган, баҳс-мунозараларга Нормурод ака ҳам келган пайтлар бўларди. Нормурод ака ҳаваскор ижодкорлар шеърлари ва ҳикояларини вақти-вақти билан рўзномада ёритиб борарди.

Олий ўқув юртини тугатгач, Самарқанд вилоят рўзномасига адабий ходим бўлиб ишга кирдим. Ўша йилларда вилоятда ижодий муҳит ҳавас қилса арзигулик даражада шаклланганди. Нормурод ака билан бирга ишлаш давомида кўп нарсаларни ўрганишимга тўғри келган. Шеърларимни кўриб берар, камчиликларини асослаб, ҳар бир сўзга масъулият билан ёндашишни маслаҳат берарди. Гоҳо баҳс-тортишувлар ҳам бўлиб турарди. Нормурод акада туғма иқтидор билан бир қаторда, нозик зиёлилик, юксак маданият, теран дунёқараш мужассамлашганди.

Самарқанд адабий муҳити, барибир ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Кейинчалик Нормурод Нарзуллаев ва Барот Бойқобилов халқ шоири унвонига сазовор бўлдилар. Исроил Мирзаев эса илм-фан йўлидан бориб, докторлик, профессорлик мақомига эришди.

1964 йилнинг қишида мени Қарши шаҳрига, педагогика институтига ўқитувчиликка таклиф қилишди. Кўп ўтмай, Нормурод Нарзуллаев ва Исроил Мирзаев ҳам Қаршига, “Қашқадарё ҳақиқати” газетасига ишга келишди. Нормурод ака билан кейинги алоқаларимиз Тошкентда ҳам мустаҳкам давом этди.

Нормурод ака бағрикенг, қўлидан келган ёрдам ва маслаҳатини аямайдиган, юртпарвар, самимий инсон эди. Яхшилигини ҳеч қачон айтиб эмас, табиий тарзда, инсоний бурч, виждон нуқтаи назаридан бажарарди. 1995 йилда ижодкор, олим ва таржимон Тоҳир Қаҳҳор билан Навоий кўчаси 30-уйда, нашриётларнинг мажмуавий биносида учрашиб қолдим. Тоҳир Қаҳҳор куни кеча Ёзувчилар уюшмасида йиғилиш бўлиб, мени ҳам аъзоликка қабул қилишганини айтиб, қутлади. “Нормурод ака сиз ҳақингизда зўр чиқиш қилди”, деди у. Бу гапдан роса севиндим ва Чилонзор томонга, Нормурод ака ҳузурига боришни фарз деб билдим.

Таассуфки, шоир водийга, ижодий сафарга кетган экан. Орадан ойлар ўтиб, яна Тошкентга борганимда, Нормурод акага миннатдорлигимни билдирдим. “Акангиздан шундай, фақат яхшилик кутасиз-да, Поёнбой”, деди у киши мамнун. Олдингизда сизни мақтаб туриб, орқангиздан ёмонлайдиган, тош отадиган неча танишларни биламан. Ҳар сафар, улардан бирининг миннати ёки ғийбатига гувоҳ бўлсам, Нормурод аканинг беғубор ва самимий, ўзгармас тийнати эсимга тушаверади.

“Суюнчи” тўплами шоирнинг катта йўлга тушиш арафасидаги тараддуди бўлган эди. 1965 йилнинг 19 август куни “Совет Ўзбекистони” рўзномасида менинг мазкур тўпламга бағишланган тақризим босилганди. Нормурод акага тақриз мақбул бўлган чоғи, “Поёнжон, “Суюнчи”нинг тиражига тираж қўшдингиз, китобимнинг мухлислари кўпаядиган бўлди, ахир, бу газетанинг юртимизда кирмаган бирор хонадони йўқ-ку?!”, деганди. Ҳақиқатда, китоб фавқулодда тез тарқалган, ундаги айрим шеърлар  қўшиқ қилиб айтила бошлаганди ҳам.

2000 йилда “Малика Кенагас ойим ёхуд амир Насруллонинг ўлими қиссаси” асарим босилди. Нормурод ака ҳузурига борганимда, у киши “Поёнжон, зўр асар ёзибсиз, ўзимда йўқ хурсанд бўлдим, яқинда юртга бормоқчи, сизни махсус кўрмоқчи эдим. Қашқадарёнинг бўй-бастини кўрсатишни бошлаб бердингиз, тарихимиз чуқур, бундан-да катта мавзулар бор”, деди. Устоздан бу мақтовни эшитиш албатта мен учун катта рағбат эди.

Нормурод Нарзуллаев, ноширлик ишларидан вақт топиб, бошқалар қатори менинг фаолиятимни ҳам ҳассослик билан кузатиб борарди. 2004 йилнинг баҳорида бўлса керак, “Янги аср авлоди” нашриётида учрашиб қолдик. Мени кўрган заҳотиёқ, шеър айтиб қаршилади:

Сенга шараф бўлсин, шон бўлсин, эй яхши одам,

Ҳурмат, олқиш, садқа жон бўлсин, эй яхши одам.

Сўзларинг жонфизо, эзгуликдир ишинг мудом,

Аллоҳ бергани имкон бўлсин, эй яхши одам.

Бу тўртлик ўшанда “Шарқ” нашриётида босилган “Умид уммони” китобимга киритилган, аммо Нормурод акадек дидли шоир назарига тушади, деб ўйламагандим. Жуда ғалати бўлиб кетдим. Билдимки, шоир янги китоблардан хабардор бўлибгина қолмасдан, синчковлик билан ўқиб, кузатиб бораркан.

2005 йилда “Янги аср авлоди” нашриётида “Сайланма” асарларимнинг биринчи жилди чоп этилди. Нормурод ака масъул муҳаррирлик қилди. Бу йилига (2006) “Сайланма”нинг 2-китобига ҳам Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Нормурод Нарзуллаев масъул муҳаррирликни зиммасига олди.

Китоб босмахонага берилишидан бир ҳафта олдин Нормурод ака қўнғироқ қилиб, “Поёнжон, китоб охирида, “Сўнгги сўз” ўрнида икки калима фикримни қўшсам, нима дейсиз?” деб сўради. Табиийки, жуда хурсанд бўлиб, “Сизни уринтириб қўймайманми, ишқилиб?” дедим-да, раҳмат айтдим. “Сайланма”нинг 2-жилди охирида Нормурод Нарзуллаевнинг “Қарши даштидан садо келди” сарлавҳали сўнгсўзи илова этилди. Қарангки, Нормурод ака ўз мулоҳазаларини тағин юқорида келтирилган тўртлигим билан бошлаган эди. Бу мисраларнинг катта, салоҳиятли ижодкорга манзур бўлганидан хурсанд эдим.

Биз, у кишидан кўп нарсаларни ўрганган, яхшиликларидан баҳраманд бўлган шогирд мақомидагилар, минг афсуски, Нормурод ака шаънига, асарларига нисбатан шундай сўзларни айта олмаганмиз. 1965 йилда дастлабки китоби “Суюнчи”га ёзилган ва газетада босилган тақризим ҳам архивимнинг қайси бир тахламида қолиб, кейинчалик китобларимга киритилмади. Нормурод ака ҳаёт йўли ва ижодиётига салмоқли адабий танқидий, монографик асарлар бағишлаш ўринли бўлар эди ва бу, ўйлайманки, ўзини куттириб қўймайди.

Нормурод Нарзуллаев катта қалб эгаси, жўшқин, адабиётимизда ўз ўрнига эга бўлган шоир ва олижаноб инсон эди. Шоирнинг китоблари кенг тарқалгани бир сира, қўшиқ, ашула бўлиб, юракларга оқиб кираётган, маънавий завқ бераётган, кўтаринкилик улашаётган шеърияти, назмий жавоҳирлари қиммати бир бошқача. Нормурод Нарзуллаев Қашқадарёнинг ва ўзбек элининг суюкли фарзанди эди. Унинг ҳар сатрида Ватанга, халқига бўлган буюк муҳаббат шуълаланиб туради. Шоир юртида юз бераётган ўзгаришлар, бунёдкорлик муждаларидан ғурур ва ифтихор туйиб яшарди. Юқорида айтганим “Қарши даштидан садо келди” сўнгсўзида фикрини қуйидаги тўртлиги билан хотималаган эди:

Қарши даштидан келади садо,

Қашқадарё - бу олтин воҳаси.

Тарихнинг ҳукми - бу асрий нидо,

Вақт - азал ҳакам, бордир баҳоси -

Вақт, чинакамига, азал ҳаками. Шоир ҳаётдан қайтиш қилган бўлса-да, унинг адабий мероси вақт чиғириғидан муваффақият ила ўтиб, ўз баҳосини олиб келаётгани дилларни мамнун этади. Бу баҳо – шоир назмиётининг кенг мутолаа доираси ва қўшиқ, ашула қанотида парвоз қилаётгани билан узвий боғлиқлигида.

Ижод аҳлининг ҳаётда тутган ўрни, шубҳасиз, одамийлиги билан ҳам белгиланади. Нормурод акадаги инсонийлик фазилатлари мукаммаллиги, табиийлиги, ибратомузлиги билан ҳам ажралиб туради.

Поён РАВШАНОВ,

олим ва адиб

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!