Меню

Қашқадарё

24.06.2017 2267

ҚАРОВСИЗ МИНИ-СТАДИОН КИМНИКИ?

- Улардан қандай фойдаланиш қоидаларини, сақлашни билмаяпмиз, - дейди Қарши шаҳридаги Гулшан маҳалласида шундай стадион қурган тадбиркор, “Туркистон машъали” масъулияти чекланган жамияти раиси Дамир Ибрагимов. – Айримларида қурилиш техникасига амал қилинмаган. Натижада улар кўп ўтмай яроқсиз ҳолга келиб қолаяпти. Агар қурилишида ҳам, сақлашда ҳам белгиланган “инструкция”сига қатъий амал қилинса, бу қопламалар сизга камида 5 йил хизмат қилиб беради. 

Дарҳақиқат, бизнинг сунъий қопламали мини-стадионларни бир югуриб ўтсангиз, оёқ кийимининг ичи “чим” “майса”ларига тўлади. Яна қуёшнинг тафтида синтетик тўшамалар ёқимсиз ҳид таратади. Бу ҳудуднинг иссиқ иқлими таъсирими ёки сақлаш технологиясига амал қилинмаслиги оқибати?

Қаҳрамон Жўраев ҳам Қарши шаҳридаги Мустақиллик маҳалласида мини-стадион қурган спортсевар тадбиркорлардан бири. Унинг фикри билан қизиқдим.

- Сунъий қопламали стадион “майса”ларини ҳам “суғориш”, яъни вақти-вақти билан ювиб туриш керак, - дейди у. – Шундай қилинса, қуёш таъсиридан зарарланиши камаяди, резина гранулалар ўзидан қўланса ҳид чиқармайди. Бироқ бу амални деярли ҳеч бир мулкдор бажараётгани йўқ. Оқибатда сунъий тўшаманинг асос билан мустаҳкамлаб турадиган елими тез ўз кучини йўқотаяпти, “майса”лари иссиқдан куяяпти. “Чим”ларнинг кўчиб ётгани шундан. Бундай ҳолатдаги майдонда ким ҳам футбол ўйнагани келади?!

Албатта. Боз устига бундай ўйингоҳлар фойдаланувчиларига пуллик хизмат кўрсатилади. Пул сарфлаган одам эса ҳамиша яхшисини излайди. Айрим сунъий қопламали мини-стадионларнинг бўш туриб қолганига сабаб шу эмасмикан? Шу тобда хаёлим шундай бир ўйингоҳни қуришга сарфланган маблағга кетди.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу каби битта мини-ўйингоҳни қуриш учун бугунги кунда 100 миллион сўм атрофида маблағ сарфланаркан. Шундай бўлса, ҳеч қурса кетган маблағга ичи ачимайдими улар эгаларининг? Ёки аллақачон харажатлар қопланиб кетдими, энди унинг ишчи ҳолатини сақлаш иккинчи даражага тушиб қолдими?

Шаҳардаги Геолог маҳалласида ҳам сунъий қопламали мини-стадион бор. Бироқ бу стадион икки йилдан бери ишлатилмайди. - Эшигига отнинг калласидек қулф осилган, - дейди мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Ҳазратқулов. – Ўйингоҳга тўшалган сунъий қоплама йиртилиб, майдон абгор ҳолатга келиб қолган. Бугун унинг аслида кимга тегишли эканлигини билмай сарсонман... 

Шу ўринда бир жиҳат мени ўйлантирди. Гап шундаки, бир томонда сунъий қопламали мини-стадионларнинг айримлари яроқсиз ҳолга келиб, ишламай ётибди. Иккинчи томонда янгилари қурилаяпти. Нима шаҳарда бўш турган эгасиз ерлар шунча кўпми? Ишламай ётган стадион қанча ерни банд қилиб турибди. Бунинг ҳам ҳисоб-китобини олиш керак чамамда.

Талаб бор экан, янги бир тадбиркор сунъий қопламали мини-стадион қуриб ётибди. Шундай пайтда мутасаддилар нега ишламай ётганларини ишлатиш ҳақида ўйламайди? Эгасига керак бўлмаса, ундан самарали фойдаланишнинг бошқа чорасини излаб топиш лозимдир энди?

Буни ким зиммасига олади, ҳамма гап шунда. Биз эса зиммамиздаги вазифа доирасида масалани ўртага ташладик. Ижобий натижадан эса фақат умид қиламиз, холос.

Мусо МУРОДОВ

 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!