Меню

Қашқадарё

22.02.2018 1893

ҚАРОВСИЗ МАКТАБ УЧУН “ҲОКИМ БУВА” НЕГА ХАФА БЎЛАДИ?

Чироқчи  туманидаги Кўкдала маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 112-сонли мактабнинг аянчли аҳволи ҳақида бундан бир йил муқаддам шу ерда ишлайдиган бир ўқитувчидан эшитгандим. Яқинда мавриди келиб, йўлим ўша томонга тушди ва барини ўз кўзим билан кўрдим. Мактаб маҳалланинг қоқ марказида жойлашган. Икки қаватдан иборат бинода бор-йўғи еттита синфхона бўлиб, дарслар икки сменада олиб бориларкан. Синфхона етишмаслиги важидан фаррошларнинг иш қуроли, майда-чуйдалар сақланадиган кичкина хоналар ҳам дарс ўтишга мослаштирилибди.

Болалар зах, тор хоналарда ўқишаяпти. На пол бор ва на линолеум тўшалган. Қуруқ бетон устида оёқларини ўйнатиб ўтирган болалар “Совуқ эмасми”, деган саволимизга бир овоздан: “Ҳар 20 дақиқада мактаб ҳовлисини бир айланиб келамиз, шунда қизишиб оламиз”, деб жавоб беришди. Ўқитувчи ҳам буни тасдиқлаганча жилмайиб қўйди.

Мактабдаги стол-стулларнинг дабдаласи чиқиб кетган. Улардан аллақачон воз кечиш керак эди. Ҳатто директорнинг ўз хонаси йўқлигига нима дейсиз?! Ҳамма – директор ҳам, ўқитувчилар ҳам битта хонада – ўқитувчилар хонасида ўтиришаркан. Бу ерда атиги 10 та стул бор, ўқитувчилар эса 50 нафардан ортиқ. Синф хоналар мактаб ишга тушгандан буён иситилмаган. Мактаб директори Ғулом Умаровнинг айтишича, усталар иситиш мосламасини нотўғри ўрнатиб кетишган экан. Хўш, шундай ҳам дейлик, мактаб қурилганига 30 йилдан ошибди, наҳотки шу вақтгача уни тўғрилашнинг эпини қилишмаган?!

Мактабни иситиш учун ҳар йили салкам 20 тонна кўмир харид қилинади. Агар иситиш тизимлари ишламаса, унда кўмирнинг нима кераги бор? Кўмир сақланадиган жойда бир уюм қора тупроқ – кўмир кукунидан бошқа ҳеч нарса йўқ-ку?!

Мактабнинг кунчиқар томонидан ҳам, кунботар томонидан ҳам аҳоли хонадонларига газ қувури тортиб ўтилган, шу атрофдаги одамларнинг хонадонида газ ёниб турибди, лекин мактабда газ йўқ, болалар совуқда дилдираб ўтиришибди.

- Шундоққина ёнимиздан газ қувури тортиб ўтилган, аммо биз бундан фойдалана олмаймиз, - дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Қувват Эшдавлатов. – Аҳоли бунга розилик бермаяпти. Мурожаат қилмаган идора, айтилмаган одам қолмади. Ҳеч ким шугина газни мактабимизга қонуний тарзда улаб беришнинг иложини қилолмаяпти...

Мактаб ҳовлисининг ярми темир панжара билан ўралган, қолгани “смета”га кирмабди. Шунинг учун мол, қўй-эчкилар мактаб ҳовлисида бемалол ўтлаши учун “шароит яратилган”. Мактабнинг шундоққина биқинида жойлашган поликлиника ва шифохонада бор сув мактабда йўқ, шу боисдан экилган барча ниҳоллар қуриб қолган.

Айни пайтда мактабда биронта ҳам тўгарак ишламаяпти. Спорт зали ҳам йўқ. Бундан 4-5 йил бурун мактабга 18 дона тикув машинаси келтирилган, бироқ ҳозир улар чанг босиб ётибди. Ишлатиш учун хона керак. Дарс ўтишга етмайдиган хонада тўгаракка жой топишолмаяпти, шекилли. 763 нафар болани шу торгина жойда ўқитишнинг уддасидан қандай чиқишаётганига ҳайрон қоласан киши.

- Ўқувчиларнинг 391 нафари шу бинода ўқишади, - дейди Қувват Эшдавлатов. – Бошланғич синф ўқувчилари, улар 372 нафар, бу ердан 100 метрлар чамаси узоқликда жойлашган бошқа бир бинода ўқишади.

Бошланғич синф ўқувчилари таҳсил олаётган жой бундан 30-40 йил бурун турар жой учун мўлжаллаб қурилган эски бир бино экан. Буни мактаб ҳам деб бўлмайди. Эшиклари аранг очилиб-ёпилади. Парта-стулларнинг ёши ҳам мактаб қатори бўлса керак. Бирининг ўтирадиган тахтаси, бошқасининг суянадиган қисми йўқ. Полнинг тешиклари шу даражада кенгайиб кетганки, сичқон эмас, мушуклар ҳам бемалол кириб-чиқади. Ўқитувчилар хонасига нари борса икки киши сиғиши мумкин. Стол-стул ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Кичкина эски парталарга болалар бир амаллаб қисилиб жойлашиб олган. Бу ерда атиги учта синфхона бор. Шу боис дарслар уч сменада ташкил қилинар экан. Агар болаларга бир кунда 4-5  соатдан дарс ўтишганда ҳам уч сменада бунча ўқувчи ўқитишнинг иложи йўқ, кун кеч бўлиб кетади. Шу сабаб айрим фанлар қисқартирилган.

Бино мактаб балансида бўлишига қарамай, бир неча йил илгари бу ерга бир оила кўчиб келиб, мунтазам истиқомат қиларкан. Мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хўжаназар Каримовнинг таъкидлашича, ушбу низоли иш юзасидан бир неча марта суд бўлган, ҳар сафар иш мактаб фойдасига ҳал этилган. Бироқ шунга қарамасдан ҳеч ким бу оилани мактаб биносидан чиқариб юбора олмаяпти. Оила кўчада қолсин, демаймиз, бироқ уларга бошпана бериш масаласи ҳам ўйлаб кўрилмаган, чамамизда.

Ўқувчиларнинг аксарияти мактабдан 6-7 километр узоқликда жойлашган Олтин бошоқ, Олтин дала аҳоли пунктларидан қатнаб ўқишаркан. Мактаб директори Ғулом Умаровнинг айтишича, мактаб биноси аввал-бошдан нотўғри қурилган. Бу ерда шундоғам битта мактаб бор – 111-мактаб. Шу ҳудуд аҳолиси учун унинг ўзи кифоя. 112-мактабни эса юқорида айтилган икки аҳоли пункти ҳудудидан қуришганда мақсадга мувофиқ бўларкан. Мана шуни тегишли мутасаддиларга тушунтириб бўлмаяпти.

Хўш, Чироқчидаги 112-мактаб муаммоларидан вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддиларининг хабари борми? Ишни ўнглаш учун қандай чоралар белгиланган?

- Ҳа, бу мактабдаги аҳволдан хабаримиз бор, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Панжиев. – Яқинда шу томонга қараб “юриш” қилаяпмиз. Муаммоларни обдон ўрганамиз, уларни ҳал этиш чоралари албатта кўрилади...

Ваҳоланки муаммолар пайдо бўлганига ўн йилдан ошган, лекин шу вақтгача тегишли мутасаддилар унинг ечими билан жиддий шуғулланмаган. Ўрганишларимиз жараёнида маълум бўлишича, бу ердаги муаммони кўтариб ҳеч ким ўзига ортиқча ташвиш орттиришни истамайди. Кимдир мактаб биносининг бир қисмини эгаллаб олган оила дағдағаларидан ҳайиқса, бошқаси туман ҳокимини безовта қилишдан чўчийди. Директор эса ўзини вазифага тайинлайдиган халқ таълими мутасаддиларидан ҳадикда.

Сафар қариб, уйга қайтганимда, мактаб директори Ғулом Умаров қўнғироқ қилиб, маҳалла оқсоқоллари, кайвонилар билан маслаҳатлашганини айтиб қолди. Улар “Газетага чиқиб юрманглар, ҳоким бува билса хафа бўладилар”, дейишибди. Қизиқ, ўзларининг фарзандлари совуқда дилдираб, дарсларини ҳам чала-чулпа ўтиб қайтаётган, бунинг устига мактабга келиб-кетиш учун бир кунда нақ 12 километрлик йўлни пиёда босиб ўтишларига тўғри келаётган бўлса-да, нега энди шароитни яхшилаш ўрнига “маслаҳатчи”лар кимнингдир хафа бўлишидан хавотирда? Аслида ана шундай “хавотир”лар, мавжуд муаммоларни йиллар давомида яшириб келиш эвазига мактабдаги аҳвол тобора ёмонлашиб бормаяптими? Хўш, муаммолар очиқ қолишидан кимга наф? Ким уларга ечим топади? Ҳозирча бу саволлар ҳам очиқ қолаяпти.

Мусо МУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!