Меню

Қашқадарё

24.07.2018 1650

ҚАРОРЛАР ҚОНУНЛАРГА МУВОФИҚМИ

Хўш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштириш қандай амалга оширилади?

Бу борада Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2013 йил 1 февралдаги буйруғи билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида Йўриқнома” тасдиқланганини айтиш ўринли.

Биламизки, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарори – халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимлар томонидан қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир. Бу тоифадаги ҳужжатларнинг Конституция ва қонунларга, унга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа ҳужжатларга, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини текшириш ҳуқуқий экспертиза дейилади. Қонунчилик техникаси эса қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш ва расмийлаштириш жараёнида қўлланиладиган қоидалар, услублар, воситалар ва усуллар мажмуидир.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорларни қабул қилишдан олдин лойиҳани тегишлилиги бўйича вилоят адлия бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим қилиши шарт. Бу    ишлар юридик хизмат ходимлари томонидан ташкил этилади. Йўриқномага 2018 йил 25 июнда киритилган қўшимчаларга биноан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан    Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозим. Жамоатчилик муҳокамасидан кейин ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича ҳудудий адлия органининг ижобий хулосаси мавжуд бўлса, бу қарорни қабул қилиш мажбурийдир.

Якка (шахсий) ва тезкор-фармойишли (бир марталик) тусдаги, тавсия хусусиятига эга, сессия ва йиғилишлар чақириш тўғрисидаги ва умуммажбурий хусусиятга эга бўлмаган бошқа ҳужжатлар экспертизадан ўтказилмайди.     Лойиҳада ҳатто битта умуммажбурий хусусиятга эга ҳуқуқий норма ўрнатилган бўлса, бундай лойиҳа албатта ҳуқуқий  экспертизадан ўтказилиши шарт. Ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмайдиган ҳужжатларда қонун ҳужжатларига зид нормалар бўлмаслиги керак.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қарор лойиҳасини тайёрлаш  тегишли таркибий бўлинма ёки ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилиши мумкин. Лойиҳанинг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилади. Оғзаки нутқ шакллари, хорижий, эскирган ва кўп маънони англатадиган сўзлар, аббревиатура (шартли қисқартма сўзлар) ва қисқартмаларни қўллашга йўл қўйилмайди. Зарур ҳолда лойиҳада юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг айрим қоидалари мазкур ҳужжатга ҳавола қилинган ҳолда айнан такрорланади. Лойиҳа номга эга бўлиши ва қачон кучга кириши аниқ кўрсатилиши керак.

Лойиҳа матнининг ҳар бир қаторида сўзлар кўчирилмасдан тугалланган бўлиши лозим. Ҳар бир қатор охирида кўмакчилар, боғловчилар, “№” белгиси, сонлар қисми, аббревиатуралар ва бошқаларнинг қолдирилиши тавсия қилинмайди.

Қарор лойиҳаси бошқа ташкилотлар билан келишишдан олдин маҳаллий давлат ҳокимияти органи юридик хизмати ходими томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади. Лойиҳа қонунчиликка, қонунчилик техникаси қоидаларига ҳамда грамматика, пунктуация, орфография ва стилистика қоидаларига мувофиқ бўлса, юридик хизмат ходими томонидан имзоланади. Юридик хизмат ходими лойиҳани имзолаш билан бир вақтда Йўриқнома талабларига риоя қилган ҳолда маълумотнома тайёрлайди. Лойиҳани имзоламаса, тегишли эътирозлари билан қайта ишлаш учун ишлаб чиқувчига қайтаради.

Қарор лойиҳаси юридик хизмат ходими томонидан кўриб чиқилгандан кейин, ташкилот раҳбари лойиҳани имзолайди ва кузатув хати билан манфаатдор ташкилотларга келишиш (имзолаш) учун юборади. Лойиҳани раҳбар манфаатдор ташкилотларга имзолашдан олдин ҳам фикрларини ўрганиш учун юбориши мумкин. Бюджет, солиқ, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш билан боғлиқ лойиҳалар ҳудудий солиқ, молия ва иқтисодиёт органлари билан, экология, атроф-муҳит билан боғлиқлари экология ва  атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари билан, ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларига тааллуқли лойиҳалар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий органлари билан келишилади.

Манфаатдор органлар уч кунлик муддатда лойиҳани кўриб чиқиши ва узил-кесил келишиши (имзолаши) шарт. Лойиҳа таклиф ва мулоҳазалар билан имзоланиши мумкин. Асослантирилмаган таклифлар инобатга олинмайди. Манфаатдор органлар ўзининг лойиҳа вариантини таклиф қилишлари мумкин. Лойиҳани ишлаб чиқувчи манфаатдор ташкилотларнинг таклифи асосида лойиҳага ўзгартиришлар киритиши мумкин.

Қарор лойиҳаси тайёрланган маълумотнома, лойиҳанинг келишилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар ҳамда ҳоким ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланган кузатув хати билан бирга ҳуқуқий  экспертизадан ўтказиш учун ҳудудий адлия органига тақдим этилади. Кенгашларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари сессия ўтказилишидан камида уч кун олдин адлия органига тақдим этилиши лозим. Ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаган қарор лойиҳалари Кенгаш муҳокамаларига киритилмайди.

Қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлмаса, манфаатдор органлар билан тўлиқ келишилмаган бўлса, Йўриқноманинг 68-бандида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса, маълумотномада лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилганлиги ва унинг натижаси тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилмаган бўлса, адлия органлари икки иш куни ичида ҳуқуқий экспертиза ўтказмасдан ишлаб чиқувчига қайтаради. Кенгашларнинг қарор лойиҳалари икки иш куни ичида, ҳокимларнинг қарор лойиҳалари беш иш куни ичида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши керак.

Ҳуқуқий экспертизани ўтказиш давомида адлия органлари лойиҳаларда коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, тадбиркорларнинг асоссиз харажатлар қилишига олиб келувчи ҳолатлар бўйича ҳам таҳлилни  амалга оширади. Адлия органлари Йўриқномада кўрсатилган шаклда лойиҳанинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ёки номувофиқлиги тўғрисида хулоса тайёрлайди. Номувофиқ деб топилган лойиҳа камчиликлар бартараф этилгач, қайта тақдим қилиниши мумкин. Мувофиқ деб топилган лойиҳа бўйича икки нусхадаги хулоса адлия органининг масъул ходими томонидан имзоланиб, адлия органи раҳбари ёки унинг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланади. Хулосаларнинг бир нусхаси Йўриқнома талабларига риоя қилинган ҳолда кузатув хати билан маҳаллий давлат ҳокимияти органига юборилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларида норматив-ҳуқуқий тусдаги ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказмаслик, норматив-ҳуқуқий тусдаги фармойишлар қабул қилиш ҳолатлари учрайди. Айрим йиғилиш баённомаларида умуммажбурий тусдаги кўрсатмалар ёзилганини кўриш мумкин ва бундан чекланишимиз, асосийси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қабул қилаётган ҳужжатлари амалдаги қонунларга зид бўлмаслигини таъминлашимиз зарур.

Абдишукур  ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик

хизмат бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!