Меню
Қашқадарё
“ҲАРНА ДЕДИМ, ЭЛУ ЮРТНИ КУЙЛАДИМ...”
Ўтган асрнинг 50-80-йилларида кўпгина чироқчиликларнинг тилидан тушмасди бу гап. Бахшичилик санъати ривожига ва халқ достонларини келажак авлодларга ўз ҳолича етказишда Азим бахши Хўжаевнинг ҳам ўзига хос ўрни бор.
1929 йилда Чироқчи туманидаги Тўқмор қишлоғида туғилган Азим бахши Хўжаев ёшлигиданоқ достонлар, термаларни ёд олиб, уларни ўзгача меҳр билан хиргойи қилишни хуш кўрарди. Йиллар давомида маҳоратли устозлардан олган сабоқлари ёш бахшини тоблаб борди. Аста-секин “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Авазхон”, “Мисқол пари”, “Кунтуғмиш”, “Сулувхон”, “Тўлғаной” каби кўплаб халқ достонларини маромига етказиб ижро этадиган бўлди. Эл суйган оқинлардан бири - китоблик Абдулла бахши Нурали ўғлига шогирд тушиши унинг ижодини янги босқичга кўтарди. Абдулла бахшидан ижрони, халқ куйларининг ички сеҳрини ҳис қила олишни ўрганиб, уларни ўз ижодида ҳам қўллай бошлади.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари қийинчиликларини кўрган, бола бўлишига қарамай фронтга озиқ-овқат етказиб бериш учун кечани кеча, кундузни кундуз демай меҳнат қилган Азим бахши бу суронли йилларни бир қатор термаларида ифода этди. Тинчликнинг қадрига етиш ҳақида куйлади. Шунингдек, Азим бахши термалари, достонларида садоқат, эзгулик, инсонийлик, меҳр-муҳаббат, ҳалол меҳнат, ўзаро ҳурмат, поклик каби туйғулар ўзгача оҳангларда янгради. Инсонни тубанликка етакловчи мунофиқлик, иккиюзламачилик каби иллатлар қаттиқ қораланди.
Ҳарна дедим, элу юртни куйладим,
Бедов миниб, улоқ чопиб тўйладим,
Ёронлар-ов, яхшиликни ўйладим,
Ҳақиқатни сўйлаб келган бахшиман.
Таниқли фольклоршунос олимлар Малик Муродов, Абдимўмин Қаҳҳоров, Абдиолим Эргашев билан бамаслаҳат ишлаган Азим шоир Хўжаев ҳаётий кузатишлари, одамларнинг сўзига, юз-кўзларига боқиб, бир зумда термалар тўқиб кетарди, унда бадиҳагўйлик маҳорати ўта кучли эди.
Ўғли Ёдгор бахши отаси ҳақида шундай хотирлайди:
- Отам тез-тез бошқа вилоятларга бориб турар, атоқли адиб ва шоирлар, йирик фольклоршунос олимлар, машҳур санъаткорлар билан ижодий мулоқотда бўлар эди. Эсимда, отам мени ўзи билан бирга Андижонга олиб борганди. Асака бозорида бир аёл чинни чойнакнинг устига чиройли матодан ёпқич тикиб ўтирган экан. Аёл сиймосида ўзбек халқининг мунис, мушфиқ, ҳар машаққатни матонат билан енгиб ўтишга қодир она сиймосини кўрди ва терма бошлаб юборди.
Терма мисрадан мисрага ўтгани сари атрофимизда одамлар гавжумлаша бошлади. Олқишлар, қўллаб-қувватлашлардан илҳомланган отам эса бор маҳоратини ишга солиб, барчани йиғлатди. Назаримда кузатувчиларнинг барчаси ўз оналарини кўз олдига келтирди, зиммаларидаги фарзандлик бурчини яна бир бор эсга олди. Шунда халқ дилига яқин, тили содда, қочиримларга бой бадиҳагўйликнинг қудратига тан бергандим.
Азим бахши достонлар куйлаганда воқеа-ҳодисалар гўё саҳнада содир бўлаётгандек таассурот қолдирарди кишида. Воқеалар кино тасмаларидек кўз олдингда бир-бир намоён бўларди. У образларни жонли талқин қилиш билан бирга давра руҳини ҳисобга олиб инсонларга яхши кайфият улашарди.
Бахши қаерга бормасин ўзининг ширинсуханлиги билан барчанинг кўнглига йўл топарди. 1985 йилда Хоразм вилоятининг Шовот туманида ўтказилган республика бахши-шоирларининг кўрик-танловида мухлисларнинг бахшига бўлган ишончи яққол сезилди. У бир неча бор республика бахши-шоирлар кўрик-танловида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллади. Айниқса, юрт қадридан сўзловчи “Чиялим”, “Чироқчи”, “Қашқадарё”, халқ қочиримларию сўз ўйинларига бой “Келиной”, “Яхши ва ёмон хотин” ва бошқа кўплаб айтимлари тингловчиларга бирдек манзур бўлди. Азим бахши Чироқчида ўзига хос бахшичилик мактабини яратди.
Норқизил КЕНГБОЕВ