Меню

Қашқадарё

05.05.2016 1777

ҚАРМОҚНИ ҚАЗНОҚҚА ҚЎЯМИЗ

Овчилик – ибтидодан инсоннинг қон-қонига сингган хусусият. Қадимда бу ишга уни ризқ топиш, қорин тўйдириш эҳтиёжи бошлаган бўлса, бугунга келиб овчилик – бўш вақтни мазмунли ўтказиш усули, замонавий тилда айтганда, “хобби”га айланди. Табиат билан юзма-юз келиш, ўрмону тоғлар ҳавосидан баҳраманд бўлиб, зилол сувли дарё ва сойлар бўйида кезишни хуш кўрувчилар орамизда кўплаб топилади. Улар ов мавсуми бошланган пайтда гавжум шаҳарларни тарк этиб, табиат қучоғига ошиқадилар. Кимдир илвасин ови шайдоси бўлса, бошқа биров ёввойи ҳайвонларни овлашга қизиқади, учинчи одамга эса сокин кўл ё дарё бўйидами, қайиқдами, баҳузур ўтириб, балиқ тутиш ёқади. Овчиларнинг айтишларича, ҳар бирининг ўзига яраша гашти бор. Бирор йирикроқ ҳайвоннинг изига тушиб, тоғ-адирларни кезиш, баҳонада янги жойларни кўриш, қаерда нима ўсишию қандай жониворнинг ини борлигидан хабардор бўлиш, улар юрадиган сўқмоқларда жимжитликка эш бўлиб гоҳ хаёлчан, гоҳ сергак юришнинг завқини бир тасаввур қилиб кўринг-а!

Бунга тенг ҳузур-ҳаловатни балиқ тутувчилар ўзгача мароқ билан сўзлаб беришлари мумкин. Одатда, овчиликнинг энг романтик тури – балиқ тутиш ҳисобланади. Кўз олдингизга келтиринг: оҳиста мавжланаётган сокин кўл. Қуёш энди-энди уфқдан бош кўтариб келаяпти. Атрофда фақат тонгги қушлар навоси янграйди. Кўл ўртасида қайиқда ўтирибсиз. Қўлингизда қармоқ, унинг чувалчанг илинган илмоғи сув тубида. Сув юзасида енгилгина қимирлаб турган пўкакка термулганча, хаёлга толасиз. Ҳаётингизнинг энг яхши лаҳзалари муҳрланган хотиралар келажак ҳақидаги ширин орзуларга қўшилиб кетади. Шу пайт бирдан пўкак қимирлаб, овингиз бароридан келгани, қармоққа (эҳтимол, ўша олтин балиқдир?!) ўлжа илинганидан дарак беради. Бор кучингизу эпчиллигингизни намойиш этишнинг айни фурсати! Қани, тортамиз! О, сизга бугун чинакамига омад кулиб боққанга ўхшайди. Шитоб билан ғалтакка ўралган қармоқ ипининг учида тонгги қуёш нурларида ялтираганича, номаълум ёвдан қутулиш илинжида ҳадеб биланглаётган мўйловдор лаққа илинибди! Табиат қўйнидаги нонушта учун жуда мақбул ўлжа...

Бу сатрларни ўқиган ҳар бир ов ишқибозининг ғайрати жўшиб, келаётган дам олиш куниёқ балиқ овига отланиш иштиёқида юраги ҳапқириб кетгани аниқ. Аммо бироз шошилманг, мақоланинг давомини синчиклаб ўқинг. Асосий мавзуга энди ўтамиз.

Гап шундаки, табиий сув ҳавзаларидаги балиқ захираларидан унумли фойдаланиш, 2006 йил 2 майда Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигидан рўйхатдан ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ов қилиш ва балиқ овлаш” қоидаларининг 36-бандида кўзда тутилган қоидаларга амал қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитасининг 2016 йил 10 мартдаги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида 2016 йил 10 апрелидан 25 майгача республикамиздаги табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш қатъиян тақиқланади. Боиси, худди шу давр балиқларнинг урчиш-кўпайиш палласи ҳисобланади. Бу даврда сув ҳавзаларида керакли шароит яратиш, “индамас” жониворларнинг тинчини бузмаслик мақсадида балиқ овини тўхтатиб туриш талаб этилади. Қолаверса, бу тадбир кейинги ов мавсумининг кўнгилдагидек ўтиши учун ҳам замин тайёрлайди. Демак, балиқ ови завқини йиллар давомида бир хилда туйиш истагида бўлган ҳар бир киши балиқ овлаш қоидалари, тақиқ даври талабларига риоя қилиши шарт.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 100 га яқин балиқ тури мавжуд. Балиқ ови мавсуми куз ойларидан бошланиб, мартга қадар давом этади. Чунки бу даврда сувнинг ҳарорати плюс 14 даражадан паст бўлади ва балиқлар ортиқча озиқланмай, истеъмол қилиш учун яроқли ҳолатда бўлади.

Ов тақиқланган мавсумда белгиланган қоидаларга қатъий амал қилиниши шарт. Яъни табиий сув ҳавзаларида моторли қайиқларда сузиш ва тўр билан ов қилишга рухсат берилмайди. Бу вақтда фақат қармоқда (5 илгакли) ов қилиш мумкин. Шунда ҳам овланган балиқ миқдори 5 килограммдан ошмаслиги шарт. Балиқларнинг урчиш вақтида моторли қайиқларда сузиш учун фақат Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш инспекцияси ходимларига рухсат берилади. Овчилик ва балиқчилик жамияти аъзолари эса вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси рухсати билан моторли қайиқлардан фойдаланишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, балиқ овланишини тақиқлаш фақат табиий сув ҳавзаларига тааллуқли бўлиб, сунъий балиқчилик сув ҳавзалари бундан мустасно.

Табиий сув ҳавзаларига вилоятимиздаги Сафарчой, Сечанкўл, Ачинкўл кўллари, сув омборлари, дарёлар ва бошқа табиий сув ҳавзалари киради. Айни кунларда мазкур сув ҳавзаларида табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ходимлари томонидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

- Табиий сув ҳавзаларида 3 кишидан иборат қўмита ходимлари гуруҳлари тегишли назорат ишларини олиб боришаяпти, - дейди вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича инспектори Озода Яхшибоева. – Шунингдек, аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш, қоидани бузган шахсларни тегишли тартибда маъмурий жазога тортиш, қатъий огоҳлантириш каби тадбирлар балиқ овлаш тақиқланган даврни кўнгилдагидек ўтказишда муҳим аҳамиятга эга бўлаяпти.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, тақиқланган муддатда ов қилиниши қонун ҳужжатларига кўра, маъмурийдан бошлаб жиноий жавобгарликкача тортилишга сабаб бўлиши мумкин. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддасига кўра, ов қилиш, балиқ тутиш ёки балиқ захираларини муҳофаза этиш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш қоидаларини бузиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солинишига олиб келади.

Хуллас, юқорида келтирилган талаблар балиқ овлаш тақиқланган муддат ичида қатъий амал қилиниши шарт ҳисобланган қоидалардир. Бу қоидаларга риоя қилиш орқали ҳар бир фуқаро табиат ва инсон ўртасидаги муносабатни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини, неъматнинг қадрини билиб ишлатаётганини ёдда тутиши зарур. Шундагина балиқ ови ишқибозлари келгуси ов мавсумида виждони қийналмасдан, тўла ҳузур-ҳаловат оғушида ўз севган машғулоти билан бемалол шуғулланиши, дам олиш кунларини табиат қўйнида ҳеч бир тақиқларсиз ўтказиши мумкин. Демак, ҳали-ҳозирча қармоқни қазноқдаги қозиққа илиб қўйган маъқул...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!