Меню
Қашқадарё
АРМ ХАРАЖАТЛАРИ СМЕТАСИДА КИТОБ ВА ГАЗЕТАЛАР УЧУН МАБЛАҒ АЖРАТИЛМАГАН
Учрашувлар давомида аҳолини ўйлантираётган қатор масалалар, муаммолар ўртага ташланди. Шу билан бир қаторда, ҳудудлардаги ахборот-ресурс марказлари фаолияти ўрганилди.
Таъкидлаш жоизки, ёшларнинг китобга меҳрини ошириш, бунинг учун уларга етарли шарт-шароитларни яратишда ахборот-ресурс марказларининг ўрни катта. Аммо бугунги ёшлар, аҳоли ушбу марказлардан ўзи излаган адабиётлар, нашрларни топа олаяптими? Бундай марказларда муштарийларнинг китоб ва газеталар мутолаа қилишлари, компьютердан, интернетдан фойдаланиб, ўзларини қизиқтирган маълумотларни топа олиши учун зарур шарт-шароитлар яратилганми?
Ишчи гуруҳ томонидан Миришкор тумани ахборот-ресурс марказида ўтказилган ўрганиш жараёнида бу борада бир қанча ижобий жиҳатлар кўзга ташланди. Мисол учун, марказга ҳар куни ўртача 25-30 нафар китобхон мурожаат этади, ўзларига керакли китобларни олиб ўқийди. Марказ ходимлари туманда ўтказилган турли кўрик-танловлар, байрам ва тадбирларда фаол иштирок этиб, китобхонликни тарғиб қилиб келишмоқда. Фойдаланувчилар сонини ошириш мақсадида аҳоли гавжум бўладиган масканлар, маҳаллалар ҳамда 50 нафардан ортиқ ходими бўлган корхона, ташкилот ва муассасаларда мунтазам равишда китоб кўргазмалари, ярмаркалари, тарғибот тадбирлари ўтказиб келинаяпти.
Аммо муаммолар, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, туман ахборот-ресурс маркази ўз биносига эга эмас. У ҳудуддаги 1-мактаб биносида жойлашган. Алоҳида ўқув зали йўқ, заруратга кўра фойдаланувчилар компьютер хонасида китоб мутолаа қилишмоқда.
Ачинарли томони, 2007 йилдан ҳозирги кунгача, яъни 12 йилдан ортиқ вақт мобайнида ахборот-ресурс марказининг харажатлари сметасида китоблар фондини бойитиш, матбуот нашрларига обуна бўлишга маблағ ажратилмаган. Натижада яқин йиллар ичида бирор-бир янги китоб сотиб олинмаган ва матбуот нашрлари тўпламлари мавжуд эмас. Мактабнинг жиҳозларидан фойдаланиб келаётган марказнинг моддий-техник базаси аҳволи ҳам аянчли ҳолатда.
Ўйлаймизки, туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар бу ҳолатга эътибор қаратишади ва ахборот-ресурс марказида аҳвол ўнгланади.
Ишчи гуруҳ томонидан ахборот-ресурс марказлари фаолиятини ўрганиш давом этмоқда.
Суратда: ишчи гуруҳ фаолиятидан лавҳа.
Шаҳноза ҚАҲҲОРЗОДА,
ЎзМТДП вилоят кенгаши матбуот котиби