Меню
Қашқадарё
ҚАРИНДОШЛАР – ОМОНАТ ДУНЁДАГИ FАНИМАТЛАРИМИЗ
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!" (Исро сураси, 26-оят).
Аллоҳ таоло бу ояти каримада қариндошларга яхшилик, меҳр-муҳаббат ҳамда ёрдам кўрсатиш ва адолат билан ришталарни мустаҳкамлашга амр этади. Шунингдек, қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан эканини, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик каби ёмон иллатларни келтириб чиқариши таъкидланади. Яъни инсон ўз яқинларига яхшилик қилмас экан у бегоналарга нисбатан янада қаттиққўл ва бемеҳр бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қиладики: "Агар (иймондан) бош тортсангиз аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир бас, улар (қулоқлари)ни "кар" кўзларини "кўр" қилиб қўйгандир" (Муҳаммад сураси, 22-23-оятлар).
Қариндош уруғлар билан яхши муомала қилиш ризқни кенгайтиради ва умрнинг узайишига сабаб бўлади. Ривоят қилишларича, бир киши Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳузурларига келиб, "Менга умрни узун, ризқимни кенг қиладиган амални ўргатинг"- деди. Шунда Аллоҳнинг расули "Кимки ризқининг кенг бўлишини ва умрининг узун бўлишини истаса, қариндош-уруғлар билан яхши муомала қилсин", деб жавоб берган эканлар.
Шунга ҳамоҳанг ҳадиси шарифда: "Қариндош-уруғлардан узилиб кетган киши жаннатга кирмайди", дейилган.
Маълумки, қариндошлар яқин ва узоқ қариндошларга ажратилади. Ота-она, ака-ука, опа-сингил, фарзандлар, хотин, қайнота ҳамда қайнона яқин қариндошларга киради. Булардан қолганлари эса узоқ қариндошлар ҳисобланади. Муқаддас динимиз қариндошлардан узилиб кетишдан, бирор ишда қариндош-уруғлар билан тарафкаш бўлишдан, улар билан аразлашиб, тортишиб юришдан қайтаради. Аксинча, кишиларни ўз қариндошлари билан яхши муомила қилишга ва улар билан алоқани узмасликка ундайди. Зеро, яна бир ҳадисда "Қариндошларига силаи раҳм қилиш, ҳушхулқлик ва яхши қўшничилик юртни обод, умрни зиёда этади", дейилади.
Дарҳақиқат, қариндошларимизга меҳр-мурувват кўрсатиб, ўзаро қавм-қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали бир-биримизга қанчалик яхшилик ва раҳм-шафқат қилиш, ота-она, оға-ини, опа-сингилларимиз ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнгилларини шод этиш билан Яратганнинг марҳаматига эришамиз.
Гоҳида киши қариндош-уруғларининг айримлари билан тушунмовчилик туфайли уришиб қолади ва ўрталарида совуқчилик пайдо бўлади. Лекин бу ҳолатлар ришталар узилишига сабаб бўлмаслиги керак. Гарчи қариндошингиз сизни ноҳақ хафа қилган бўлса ҳам, борингки, у сиз билан алоқани узган бўлса ҳам сиз унинг хатосини такрорламанг.
Баъзан жигарчилик ўлчовларининг бузилиши ҳам оилаларни пароканда, қанча яхшиларни аҳилликка орзуманд қилиб қўяди. Муносабатларда адолат бузилса, ҳақлар поймол қилинса, ахлоқ чегараларидан четга чиқилса, оилалардаги осойишталик барҳам топади, аҳилликка рахна етади, инсоний муносабатлар издан чиқади. Бу каби иллатлар жамият ривожига ҳам салбий таъсирини етказмай қолмайди. Яхши-ёмон кунимизга, оғир-енгилимизга аввало мана шу қариндошларимиз, яқинларимиз, жону жигарларимиз ярашини эсдан чиқармайлик. Уларнинг омонат дунёдаги ғаниматларимиз эканини унутмайлик.
Унутмангки, ака-укалар ёки опа-сингиллар оқибатсиз бўлишса, жабрини ота-она тортади. Фарзандлар ҳам бир-бирига меҳрсиз, раҳм-шафқатсиз ўсади. Уларни ёшлигидан, аввало, бир-бирига, қолаверса, бошқаларга нисбатан ҳам меҳр-оқибатли қилиб ўстириш авлодлар аҳиллиги, ҳамжиҳатлигини таъминловчи омилдир.
Бобур РАҲМОНОВ,
Кўк гумбаз жоме масжиди имом-ноиби.