Меню

Қашқадарё

18.10.2016 2128

ҚАРИНДОШДАН ЮЗ ЎГИРМАНГ...

Қуръони каримнинг муборак оятларида келтирилган кўрсатмаларда қариндошлар ўртасидаги муносабатларда бир-бирига раҳм-шафқатли бўлиш, қариндошларга яхшилик қилиш, улар ҳолидан хабар олиб туриш, бирор нарсага муҳтожлигида ёрдам бериш асосида ўзаро иттифоқда яшашлари муҳим эканига урғу берилади. Масалан, “Бақара” сурасининг 177-оятида қайд қилинганидек, “...ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар”. 215-оятда эса: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир”, дея ҳикмат қилинади. “Рум” сурасининг 38-оятида шундай дейилади: “Бас, қариндошга ҳаққини адо этинг! Мискин ва мусофирга ҳам. Ана шу Аллоҳнинг “юзи”ни истайдиганлар учун яхшидир! Айнан ўшалар (охиратда) нажот топувчилардир”. Шу ва яна бир қанча оятларда қариндошлик муносабатлари, уларга яхшилик қилиш, улар билан чиройли муомалада бўлиш каби масалалар батафсил ёритилган.

Бир ҳадиси шарифда “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”, дейилади.

Юқоридаги оятдан қариндошлар билан яхши алоқада бўлиш ҳақиқий мўминнинг сифатларидан бири эканлиги англашилади. Кишининг ўз яқинларига яхши муносабатда бўлиши нақадар муҳимлигини мазкур ришталарнинг илоҳий кўрсатмалар билан мустаҳкамлаб қўйилганида ҳам кўриш мумкин.

“Ҳужжатул ислом” унвони билан танилган машҳур олим Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Кимёи саодат” асарида келтирилган қуйидаги ҳадис ҳам диққатга сазовор: “Ҳар киши хоҳласаки, умри узун, ҳаёти фараҳли бўлсин деса, қариндошлариға яхшилиқ қилғай. Ва ҳеч тоат силаи раҳм қилғон савобидан зиёда эмасдур. Агарчи аҳли байти фисқу фужурга машғул бўлса ҳам, анга силаи раҳм қилса, фарзанди ва давлати зиёда, баракотли бўлур ва ҳеч садақа савобда қариндош-уруғларига силаи раҳм қилғондан зиёда эмасдур”, дейилган.

Аллоҳ қариндошчилик ришталарига риоя қилиш ҳақ-ҳуқуқини оқил, донишманд кишиларнинг улуғ сифатларидан деб баҳолади. Шу билан бирга, қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат ҳам умид қилинмайди. Зеро, у ўз яқинларига яхшилик қилмаса, улар орасидан меҳр кўтарилади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир ва бемеҳр бўлади. Ҳаттоки бунинг оқибатида қариндошлик ришталари бутунлай узилади ва бегоналардан ҳам четда бўлиб қолади.

Абдулвадуд УСМОНОВ, Чироқчи туманидаги Ҳазрати Умар масжиди имом-хатиби

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!