Меню

Қашқадарё

01.09.2020 1888

ҚАРИЙБ 800 МИНГ ДОЛЛАР САРМОЯ ЭВАЗИГА

Ишлаб чиқариш

Мустақиллик йилларида тадбиркорлик ва кичик бизнесни  ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мулкдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида қабул қилинаётган турли ҳуқуқий ҳужжатлар ва дастурлар ўз навбатида, кўплаб соҳалар ривожига замин ҳозирламоқда.

Биргина Қамаши тумани мисолида оладиган бўлсак, бир пайтлар асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан чекланган  мазкур ҳудудда бугун ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари сони ҳам ошиб бормоқда. Тадбиркорликнинг турли йўналишларида янги-янги лойиҳалар амалга оширилаяпти.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 июлдаги "2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан ҳам  бу ерда икки йил ичида биргина саноат йўналиши бўйича 20 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган эди.

Бугунга келиб ушбу қувватларнинг аксарияти ишга туширилди. Улардан бири "Қамаши муқаддас замин сервис" масъулияти чекланган жамиятининг гипс ва гипс маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасидир.

Айни пайтда жамият таъсисчилари 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги банк кредити ҳамда қарийб 500 минг АҚШ долларига тенг ўз маблағи ҳисобидан оҳактошни майдалаш ва гипс хом ашёси олиш имконини берадиган замонавий технологияни харид қилиб,   лойиҳанинг дастлабки босқичини ишга туширган.

- Ишлаб чиқариш учун зарур хом ашё туманнинг Лангар қишлоғи яқинидаги тоғ конида мавжуд, - дейди жамият раҳбари Ўрол Жабборов. - Биз бу тошларни олиб келиб, замонавий технологиялар ёрдамида майдалаймиз ва элакдан ўтказиб, тозалаймиз. Сўнг тайёр хом ашё махсус печда қиздирилиб, ундан тоза гипс олинади. Ҳозирча олинган гипсни ишлаб чиқариш корхоналарига етказиб бераяпмиз. Кейинчалик эса уни шу ернинг ўзида чуқур қайта ишлаб, бир неча турдаги қурилиш маҳсулотлари кўринишида бозорга чиқармоқчимиз.

Ўрол Жабборовнинг айтишича, айни вақтда навбатдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳаракатлар бошланган. Хусусан, гипс хом ашёсидан "шпаклёвка" тайёрлаш имконини берадиган цех асбоб-ускуналарини олиб келиб, ўрнатиш ва ишга тушириш устида иш олиб борилаяпти. Шунингдек, кейинги    босқичда гипсокартон ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

Аҳамиятли жиҳати, корхонанинг дастлабки лойиҳаси ишга туширилиши натижасида 30 кишининг доимий иш билан  бандлиги таъминланган. Навбатдаги ташаббуслар рўёбга чиқарилиши билан иш ўринлари сони яна шунчага ортади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!