Меню

Қашқадарё

30.04.2019 1746

ҚАРИЙБ 607 МИЛЛИАРД СЎМЛИК БОЖХОНА ИМТИЁЗЛАРИ НЕГА ҚЎЛЛАНИЛДИ?

Шу маънода тадбиркорларга ўзимизда муқобили  йўқ асбоб-ускуна, жиҳоз ва бутловчи қисмлар, ярим тайёр маҳсулотларни хориждан олиб келишда қатор енгилликлар берилган. Давлат йўли билан  ишбилармонларни муайян имтиёзлар асосида сийлаш орқали бу жараён ҳар томонлама рағбатлантирилаяпти. Муҳими, тақдим этилган ушбу имконият кўкка совурилмаслиги, беҳуда ишлатилмаслиги керак. Самараси амалда ҳам намоён бўлиши даркор.

Ўтган даврда вилоятимизда ҳам айни масалага доир тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш чораси кўрилди. 2019 йилнинг биринчи чораги давомида божхона тўловлари бўйича қўлланган имтиёзлар салмоғи қарийб 606,9 миллиард сўмни ташкил этди. Бултур худди шу даврда мазкур рақам 147,5 миллиард сўмга тенг бўлганди. Ўсиш 4 баробарга кўпайгани эътиборга молик. 

Хўш, ушбу имтиёзлар қанчалик мақсадли ва манзилли тақдим этилди? Бунда асосан қайси йўналишлар қамраб олинди? Алоҳида тармоқлар мисолида кўриб, вазиятни холис баҳолаш мумкин.

Маълумки, Президентнинг 2016 йил 29 декабрдаги  "Шўртан газ-кимё комплексининг метан тозалаш базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш" инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги  қарорига мувофиқ нафақат вилоят, балки республикамиздаги энг йирик инвестиция лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишга киришилди. Ғузор туманида барпо этилаётган ушбу қувватнинг умумий қиймати 3,6 миллиард АҚШ долларига тенг. Лойиҳа тўла рўёбга чиқса, йилига 3,6 миллиард куб метр газ чуқур қайта ишланиб, ЕВРО-5 стандартига жавоб берадиган 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқариш имконияти юзага келади.

Турган гапки, маҳобатли завод улкан технологик ускуналар билан жиҳозланади. Шу мақсадда мажмуа қурилишига 20 дан ортиқ давлатдан 11 мингдан зиёд йирик конструкция ва қурилмалар, линиялар келтирилиши белгиланган.  Давлат раҳбарининг тегишли қарорида эса лойиҳа амалга ошишини тезлаштириш, харажатлар сарфини камайтириш, инвесторларга қулайлик яратиш мақсадида шундай ускуналарни импорт қилишга имтиёзлар жорий этиш кўзда тутилган.

Ҳужжат талабидан келиб чиқиб, жорий йилнинг дастлабки 3 ойида фақат шу йўналишда 465 миллиард 751 миллион сўмлик божхона имтиёзи қўлланилди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан фарқ 430 миллиард сўмга ошган.

Сир эмас, Президент ташаббуси билан мамлакатимиз аграр секторида янги тизим - кластерга ўтиш бошланди.  Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришдан тортиб уни чуқур қайта ишлашгача бўлган барча жараённи ўз ичига олган бу тузилма юқори самарадорликка эгалиги билан ажралиб туради. Мазкур янгилик пахтачилик тармоғига ҳам фаол татбиқ этилди. Биргина Қашқадарёда 6 та ана шундай кластер ишга туширилаётгани ҳам бунинг ёрқин мисолидир.

Бир нарса аниқки, дунё тажрибасидан муваффақиятли ўтган мазкур тизимни фақатгина ички салоҳият ва имконият билан мустақил йўлга қўйиб бўлмайди. Талаб шуки, кластерлар илгариги иш юритиш шаклидан буткул фарқ қилиши, стандартларга жавоб бериши керак. Бу ҳолатда ҳам хорижнинг юқори технологияларига мурожаат қилмай илож йўқ. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги "Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ҳам шу жиҳатлар ҳисобга олинган.

Ҳужжатга асосан, юртимиздаги пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ва пахтачилик-тўқимачилик кластерлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган хом ашё, материаллар, техника, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар божхона тўловлари тўлашдан 2020 йил 1 январгача бўлган муддатга озод қилинади (божхона расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно).  Имтиёз қўлланадиган товарлар рўйхати қарорда келтирилган.

Ҳудудда бу борада кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидлаш ўринли. Ушбу йўналишда биринчи чоракда ташқи савдо фаолияти иштирокчиларига қарийб 40 миллиард сўм имтиёз тақдим этилгани ҳам бугун кластерларда иш қизғин кетаётганини ифодалайди. Мазкур имтиёздан Касби туманида кластер ишга тушириш вазифасини зиммасига олган "Индорама агро" хорижий корхонаси кўпроқ баҳраманд бўлган. Субъект имтиёз асосида 38 миллиард сўмдан ортиқ маблағни иқтисод қилган. Шунингдек, Қарши шаҳридаги бошқа бир ташаббускор - "Султон текс груп" хусусий корхонаси ҳам янги тузилма учун зарур асбоб-ускуна ва техника воситаларини импорт қилишда 1 миллиард 600 миллион сўм миқдоридаги маблағини тежаган.

Жорий йилнинг январь-март ойларида божхона имтиёзи тақдим этилган навбатдаги йирик тармоқ мева-сабзавотчилик бўлди. Президентнинг 2018 йил 29 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори шунга кенг шароит яратди. Ҳужжат соҳанинг мавжуд имкониятларини янада самарали ишга солиш, юқори сифатли ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда уларни хориж бозорларига олиб чиқишга қаратилган. Унга кўра, шу йўналишда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга 2021 йил 1 январга қадар қатор енгилликлар берилди.

Жумладан, четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмларини импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғим бундан мустасно) озод қилинди. Бундан ташқари, мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситаларини юртимизга олиб киришда ҳам божхона имтиёзи тақдим этилди. Натижаси эса ишбилармонларга дастлабки уч ойда 25 миллиард 571 миллион сўмлик божхона  имтиёзи қўлланганида акс этиб турибди.

Қолаверса, мана бир неча йилдирки, 94 турдаги технологик асбоб-ускуналарни четдан олиб киришга ҳам имтиёз жорий қилинган. Албатта, булар хўжалик юритувчи субъект фаолиятини модернизация қилишга шароит ҳозирлаши керак. Мазкур жараён эса Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 20 мартда давлат рўйхатидан ўтказилган "Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатини тасдиқлаш ҳақида"ги қарор асосида тартибга солинади. Шу фаолият натижасида 14 миллиард 860 миллион сўм миқдоридаги маблағ тадбиркорлар ихтиёрида қолган.

Ўз навбатида, божхона имтиёзлари қўлланиши доираси автомобиль йўллари қурилиши (3 миллиард сўм),  озиқ-овқат хавфсизлиги (қарийб 2 миллиард сўм), ёғоч-тахта материаллари импорти (1 миллиард сўм), чарм-пойабзал саноати (685 миллион сўм), чорвачилик секторини ривожлантириш (674 миллион сўм) ва сутни қайта ишлаш (583 миллион сўм) каби йўналишларни қамраб олган.

Хулоса ўрнида айтганда, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятимиздаги хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилган божхона имтиёзлари улар фаолияти ривожига туртки берган. Янги қувватлар ишга тушиши, ишлаб чиқариш технологик янгиланиши, тармоқлар салоҳияти юксалишига замин ҳозирлаган. Тадбиркорларнинг бу тахлит қўллаб-қувватланиши уларнинг давлатга бўлган ишончини ҳам оширади, мамлакатда ишбилармонлик муҳити сифат жиҳатидан ўсишини таъминлайди.

Собир ХОЛМУРОДОВ, 

вилоят божхона бошқармаси гуруҳ бошлиғи,

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!