Меню

Қашқадарё

08.09.2020 1404

Қарийб 208 миллион сўм “снос” пули, компенсация ва маош тўлаб берилди

Инсон ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди. Адолат бор жойда эса ривожланиш бўлади, одамлар ҳаётдан рози яшайди. Одамнинг уйи бузилсаю, компенсация пуллари тўлаб берилмаса, катта бир рўзғорни тебратсаю, ишлаб, маошини ололмаса, бундан ким ҳам мамнун бўларди? Вилоят адлия бошқармаси ўрганишларида ана шундай ҳолатларга дуч келинди.

Жумладан, Қарши шаҳрилик Н.Л.нинг уй-жойи бир муддат аввал бузилгану, компенсация пуллари тўлаб берилмаган. Тегишли мутахассислар аралашувидан сўнг  шу йилнинг 26 август куни 207 миллион 950 минг сўм пул ўз эгасига етказилди.

М.А. эса фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Ғузор тумани кенгашида ишлаган даврида фойдаланилмаган меҳнат таътили ва моддий ёрдам пуллари тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб мурожаат йўллаган.

Ўрганиш натижасига кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашининг тугатиш комиссиясига қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди ва М.А.га тўланмасдан қолган қолган 2 миллион 309 минг сўм тўлаб берилиши таъминланди.

Нишон тумани “Тоза ҳудуд” ДУК ишчилари С.Б. ва Э.Ш. иш ҳақини вақтида ололмаганидан қийналиб келишган.

Ўрганиш давомида С.Б.га 2 миллион 537 минг, Э.Ш.га 4 миллион 116 минг сўм ҳисобланган иш ҳақи берилмагани маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан туман адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига тўланмай қолган иш ҳақларини ҳамда етказилган маънавий зарарни қоплаш юзасидан даъво аризаси киритилди.

Суд томонидан иш мазмунан кўриб чиқилиб, фуқароларнинг иш ҳақлари ҳамда ҳар бирига 500 минг сўмдан маънавий зарар ундириш юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилди.

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!