Меню
Қашқадарё
АРБОСКУЛЬПТУРА - ДАРАХТ ДИЗАЙНИ
БУ НИМА?
Бу ғалати атама иккита лотинча сўздан келиб чиққан: “arbor” - дарахт ва “sculptura” - скульптура. Ҳаммаси оддий: “дарахт”+”скульптура”= “дарахтдан қилинган скульптура”. Аслида ҳам бу шундай санъат. Фақат бир нозик, аммо муҳим фарқи – бунда хомашё сифатида кесилган ва қайта ишланган ёғоч эмас, балки ўсиб турган дарахтдан фойдаланилади.
Арбоскульптура – тирик дарахтлардан скульптура яратиш санъати. Боғбонлар ниҳолни тутган давриданоқ маълум шаклга мослаштиришади. Дарахт исталган шаклга кириши учун 8-10 йил кутиш керак бўлади. Аммо бу кутишга арзийди! Энди эса ваъда қилинганидек, бу санъат тарихи ҳақида.
Дарахтларни бирор шаклга келтириб, улардан иншоот, қурилма ясаш ғояси қадимдан мавжуд: қадимги Ҳиндистондаги каучук дарахтидан, Хитойдаги ток новдаларидан ясалган осма кўприклар ва Европада анча оммалашган “тирик” шийпончалар шундан далолат. Бироқ уларнинг санъатга алоқаси йўқ, шунчаки, инсон эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда яратилган: масалан, бир соҳилдан бошқасига ўтиш учун.
Арбоскульптуранинг санъатга кўчиши Аксель Эрландсон номи билан боғлиқ. Келиб чиқиши швед бўлган америкалик фермер, ноодатий тафаккурга эга одам бўлган. Аксель дон ва дуккакли ўсимликлар парваришига қизиқарди. Уни ҳамиша ўсимликлар пояларининг ўралиб, ғалати шакллар ҳосил қилиши ҳайратга соларди. Табиийки, у бу жараёнга таъсир ўтказишни истарди. Шу тариқа 1919 йилда Эрландсон ўзининг тирик дарахтлардан яратилган илк санъат намунасини намойиш қилди. Бу – пайванд қўйиш ва новдаларни кесиш орқали иккита чинордан ҳосил қилинган “спираль” ва “тўрт оёқли” дарахт эди.
Эрландсон фақат шу билан кифояланиб қолмади, 1947 йилда унинг ишлари “тўплам”и бутун боғни эгаллади. Устанинг ўзи ҳам, унинг оиласи ҳам бундай ғаройиб коллекцияга ҳеч қачон кўргазма сифатида қарашмаган, балки шунчаки бир хобби деб билишарди. Аммо кейинроқ устанинг рафиқаси миссис Эрландсон ва қизи Уильма уни шу ҳақида ўйлаб кўришга ундашди. Узоқ давом этган чет эл саёҳатидан сўнг хонимлар шундай жўяли хулосага келишди: одамлар ўхшашсиз янгиликларга ўч, улар бунинг учун қанча бўлса ҳам, пул тўлашга тайёр. Шундай экан, нега энди Америка ва Европанинг бирор боғида учрамайдиган бундай ажойиботни сир сақлаш керак?! Аксель уларнинг гапига кирди ва “Дарахтлар цирки”ни очди. У туристик маршрут йўлидан олис бўлмаган жойда кичикроқ ер сотиб олди ва ўша ерга ўз “асар”ларини кўчириб ўтқазди, чунки яна шундай дарахтларни ўстириш учун йиллар керак бўларди. Бу ердаги экспонатларнинг турлари кўп эди: тугунсимон дарахт, дарахт-зинапоя (у 40 йилда шаклланган), саватсимон дарахт, тоқисимон дарахт, 6 дарахтдан иборат саф ва бошқалар.
Арбоскульптура жаноб Эрландсон ҳаётининг мазмунига айланди. Афсуски, у ҳунари сирини ҳеч кимга очмаганди. Ҳаяжон ва ҳайрат тўла саволларга эса аниқ-лўнда жавоб қиларди: “Мен шунчаки улардан шундай қилишларини сўрадим!”
Ўз асосчисининг ўлимидан сўнг бу санъат жуда оммалашиб кетди. Бу ишнинг давомчилари ҳам топилди – олхўри ва черёмуха билан ишлайдиган Бэки Нортей ва Питер Кук, яна Ричард Римс (атама айнан унга тегишли).
АСОСИЙ ТУРЛАРИ
Ўсиб турган дарахтлардан исталган фигурани яратиш мумкин ва юқорида айтилганидек, кичик меъморий шаклларни ҳам. Шунинг учун тур ва кичик турларга бўлиниши қийинроқ. Фақат бир нарсани аниқ айтиш мумкин: арбофигура ва скульпторлар ичида поктре (“тирик” жиҳоз) ҳамда арбоархитектура алоҳида ажралиб туради.
1987 йилда Питер Кук жамоатчиликка биринчи “тирик” креслони тақдим қилди. Бироқ у “моҳир устанинг фирма маҳсулоти” деб аташ мумкин бўлган “тирик” кўзгу туфайли машҳур бўлди. Бу кўзгунинг ўзига хос томони шунда эдики, бошида дарахтлар танаси бир-бири билан чирмашиб, ўралиб кетади, сўнг эса улар аста-секин тарқатилади, чунки юқори қисми турли томонларга қараб ўсиши керак. Ҳосил бўлган шаклга кўзгу ўрнатилади. Ўз ижодий ишини яратиш учун Кук олхўри ва черёмухадан фойдаланди. Фақат бундай “тирик” жиҳоздан фойдаланиш оммалашмади. Биринчидан, бу маҳсулотлар шинавандалар учун; иккинчидан, ҳар қандай интерьерга мос келавермайди; учинчидан, бундай жиҳоз жуда узоқ вақт “ўсади”. Шундайки, буюртма қилинган кресло ёки стул шаклланиб бўлгунига қадар унга бўлган эҳтиёж барҳам топади.
Кўплаб дизайнерлар келажак меъморчилигини пластика ва бошқа сунъий хомашёлардан воз кечилган ҳолда кўрадилар. Шу билан бирга, табиий хомашёдан тайёрланган иншоотлар билан ҳам одамларни ҳайрон қолдира олмайсан. Шинавандаларга арбоархитектура кўмакка келади. Европада “тирик” чодир, шийпон ва ҳатто кичикроқ уйларни ҳам кўриш мумкин. Иссиқ ўлкалар иқлими учун мос келадиган ажойиб ғоя, тўғри эмасми? Арзон, экологик тоза... Бироқ яна шу гап – уларни барпо этишга вақт кўп кетади!
Яна иккита мисол ҳам бор: Германиядаги “Ёруғлик минораси” ёки бошқача ном билан атаганда “Ботаник қурилган минора” ҳамда Константин Киршнинг “тирик” уйи. Аммо улардан ҳам кўпроқ кишини ҳайратлантирадигани – Италияда Жулиано Маури томонидан қурилган, тўғрироғи, экилган ва ўстирилган Вегетале жомеси. Мусаввир кейинчалик улкан бино – готик базиликага айланган иккита ўрмонзор барпо этди. Бир-бирига чирмашиб кетган дарахтлар 42 та сафни ҳосил қилган бўлиб, уларни бино қовурғаси тутиб туради. Қачонки бу меъморий фигура батамом шаклланиб бўлса, қовурғага эҳтиёж қолмайди.
“Tree Novation” компанияси “Меҳрибон ўрмон” деб аталувчи “тирик” болалар майдончаси лойиҳасини ишлаб чиқди. 2005 йилда бу лойиҳа “Japan Design Foundation” томонидан энг яхши истиқболли лойиҳалардан деб тан олинди. Лойиҳа муаллифлари болалар майдончаларини тирик дарахтлардан ўстиришни таклиф қилаяптилар. Чунки бундай майдончалар ҳам функционал, ҳам ёқимли ва яшил бўлади.
ҚАНДАЙ ЎСИМЛИКЛАР МОС КЕЛАДИ?
Ҳатто энг кичик арбоскульптурани ҳосил қилиш учун ҳам анчагина вақт ва сабр талаб этилади. Шунда ҳам бу ишни амалга оширишга қарор қилган киши дарахт турини тўғри танлаши лозим. Аввало, бу ўсимлик маҳаллий иқлимга аллақачон кўниккан ва қайирганда синмайдиган бўлиши керак. Мевали дарахтлардан олча, олма, олхўри ва тоғолча бу ишда қўл келади. Манзарали дарахтлардан эса заранг, жўка, қайин, тол ва четан мос келади.
Ландшафт дизайнерлари қизиқувчиларга арбоскульптурани ўзлари ўстириб кўришларини тавсия қилишади, инструкцияни эса журналлар ёки интернетдан топиш мумкин.
“7dach.ru” сайтидан олинди.
Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси